Май 11 2019

Инсоннинг руҳият экологияси

Бу азим дунёда ҳар бир давлатнинг ўз ҳудуди бўлгани каби, ҳар бир инсоннинг шахсан ўзига тегишли маънавий ҳудуди мавжуд. Мамлакатнинг ҳудуди тегишли қонунлар асосида қўриқланади, ҳимоя қилинади.

Инсонийлик экологиясини авайлаб, асраш, фитна ва қабоҳат тузоқларидан ҳимоя қилиш, унинг эзгуликка тўла борлиғини тоза сақлаб, уни эъзозлаш ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрганмисиз?

Инсоннинг ички олами ҳудуди бу — унинг руҳий оламидаги ўй-хаёллари фазоси, ишқдан яралган ҳур уммони, нафис орзу қанотлари, тафаккурининг ўзанлари, юрак қўридаги иймони, истеъдод чўққилари, ирода қалқони, дунёқарашининг одил мезони, дилистони бўстони, хотирот бисоти, ақлий қуввати, кўнглининг обод довони, ўзигагина хос таъбу табиати, эзгуликка тўла қадрият дунёси, қалбидаги яхшилик тўлқинлари, инсонийлик маъвоси, ширин жонли нозик ҳилқати кабиларнинг бепоёнлиги.

Унинг мусаффо ўй-хаёллари фазосини тўзғитишга, мовий ишқ уммонини тўфонга айлантиришга, нафис орзу қанотларини мажруҳ қилишга, тафаккурининг тўғри ўзанларини издан чиқаришга, юрак қўридаги ёрқин иймонини сўндиришга, истеъдод чўққиларига тош отишга, ирода қалқонини синдиришга, дунёқарашининг одил мезонини бузишга, дилистони бўстонига разолат уруғларини сепишга, ҳикматга йўғрилган хотирот бисотини шикастлашга, қалб ойнасига ёмон ниятда кўз тикишга, ақлий қувватига раҳна солишга, кўнглининг обод довонида изнсиз кезишга, ўзига хос таъбу табиатини камситишга, эзгуликка тўла қадрият дунёсини топташга, қалб тўлқинидаги яхшиликларга ғов бўлишга, инсонийлик маъвосини хўрлашга, ширин жонли нозик ҳилқатини сотишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Жамият инсоннинг ички экологияси муҳитидаги ғуборларни тозалаш борасидаги ўзининг саъйи-ҳаракатига кўмаклашишига доим тайёр.

Аммо, инсон ўзлигини ва ўз-ўзини асраши, ички оламини ҳимоя қила олиши лозимлигини англаши лозим. Бунга билимларни эгалламай, яъни китоб ўқимай туриб, юксак маънавий баркамоллик сари собит қадамлар билан интилмай туриб, ички рағбатсиз, ички қувватсиз, ички курашсиз эришиб бўлмайди.

Апрель 30 2019

Яхшилик яширинган эшик

     Ҳар бир инсоннинг ичида ривожланиш механизми мавжуд. Аммо, бундай механизм аксарият одамларда занглаган ёки таъмирталаб бўлиб қолган бўлиши мумкин. Бу механизмни созлаб, ишга туширишнинг битта йўли бор, у ҳам бўлса инсоннинг ўз билимини бойитиши, тинмай изланиши, ўқиши ва ёзиши орқали тафаккурни ўстиришдир. Ана шунда бу механизм ишга тушиб, инсонни комиллик сари етаклайди.

“Пешкў овози” газетаси муҳаррири Ҳурмат Шаропова худди ана шундай неъматга эга, ўз-ўзини такомиллаштириб бораётган самимий, меҳнатсевар инсон. 

Газета — ҳаёт кўзгуси. Газета халқники, депутатларники, бизники. Газета ҳам халқнинг хайрихоҳлилигига, қўллаб-қувватлашига, эътиборига эҳтиёж сезади. У мақолалари орқали сизга мурожаат қилади ва ўз навбатида мурожаатига жавоб кутади.

“Яхшилик яширинган эшикни очмоқлик мушкул, ёмонлик яширинган эшикни ёпмоқлик мушкул” дейишади донолар. Яхшилик яширинган эшик ортида албатта, маърифатга ундовчи газета ва журналлар ҳам, эзгуликлар битилган китоблар ҳам борлигига аминман. Улардан бебаҳра қолмайлик, маърифат излаб боришни кўнглимизга тугсак, яхшиликка томон бир қадам босган бўламиз. “Қучоқ очиб халқ ичига борайлик! ” шиори остида чиқаётган туман газетаси ҳам ўзига нибатан худди шундай илиқ муносабатга муносиб.

Туман газетасининг янгиланганлиги, яхшиланганлиги бугунги кунда ҳаммага аён ҳақиқат.  Таҳририят — ижодхона, газета бугуннинг ойнаси, келажакнинг даракчиси, ўтмишнинг хотираси. Ҳ. Шаропованинг иш жараёнини кузатиб, ҳар сафар унинг куч-ғайратига, эзгуликка умид билан қарашига ҳайратланаман.

Қанчалик машаққат билан заҳмат чекиб, газетчиликнинг оғир юкини кўтариш, ғийбатчи, туҳматчиларнинг зарбаларига чидаш, матонат билан газета чиқаришда давом этиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Газетага одамларни мажбурий обуна қилиш мумкин эмас, деган гап-сўзлардан кейин обуна бўлувчилар сони кескин камайиб кетди. Ҳолбуки, газетанинг адади миқдори ҳам, рангли форматда чиқиши ҳам ва умуман газета нашр этишдаги барча харажатлар обунадан тушадиган молиявий маблағларга бориб тақалиши сир эмас.

 “Пешкў овози” газетаси туман аҳолиси ҳаёт тарзини, тумандаги ўзгаришлар ва янгиланишларни, ривожланишга тўсиқ бўлаётган айрим муаммоларни замон талаби асосида чиройли дизайнда, мазмунли ва сифатли нашр этилаётганлиги қувончли ҳол.

Айримларнинг кўролмаслиги, айримларнинг эса бефарқ муносабати исканжасида қолган бўлсада, Ҳурмат газетани ташлаб кетмади. У қаддини тик тутиб, кўз нурини, қалб қўрини туман газетаси учун бахш этиб, қўшни тумандан қатнаб, газетага муҳаррирлик вазифасини сидқидилдан бажараётган фидойи аёл.

Таҳририятда воқелар гирдоби қайнайди, фикрлар чархланади, сўзлар туйғуланади, гаплар маъно ичади, шеърлар куйлай бошлайди, яхши инсонларнинг исми жаранглайди, уларнинг суратлари саҳифаларни безайди, газетхонлар гурунги эшитилади. Газета сизни суҳбатга чорлаяпти, фикрлашга ундаяпти, “Пешкў овози”нинг овозига қулоқ тутинг-чи, у сизни маърифат гулшанига, маънавият бўстонига чорлаб бонг уряпти, ахир.

Улуғбек Ҳамдамнинг “Газета, журнал ва китоблар чоп эттириш аслида адабиёт ҳақидаги ўзига хос суҳбатлардир”, деган сўзларини эслайман. Дарҳақиқат, адабиёт ҳақидаги самимий суҳбатларда адаб такомилини ҳам, яхши хулқ уйғунлигини ҳам, ободлик мужассамлигини ҳам ҳис этади киши.

Ҳурмат изланувчан, инновацияларни тез илғаб олиб, ахборот коммуникацион технологиялар имкониятларидан самарали фойдалана олувчи ижодкордир. У ҳаётни улуғлайди, ижодни севади, мен унинг ўз ишига садоқатидан, изланувчанлигидан руҳланаман. Ёнимиздаги яхши инсонларни эъзозлаш ҳам саодатдир.

Апрель 30 2019

Хушнамлик. Қатра

Х

Унинг тупроғи қуруқшаб қолган, қақроқлик азоб, тарс-тарс ёрилади дардлари чуқур. Сувсираб қотишдан гўё қаттиқлик унади, пахса-пахса бўлиб. Бу гил манманлик дардидан сарғайди. Унинг кўклами ҳам кўкармай қўйди, ҳар тонг янгидан уйғонишни унутди, эскириш ёмонлик томонга йўллаши мумкинлигини писанд қилмади. Ёмонликларни унутишни истамади, қурғоқчилик унинг борлиғини қамраб олди, энг яқин илдизлар ҳам ташналик азобига йўлиқди.

Хушнамликни симиришни, қониб-қониб ичишни унутди. Хушёрликни унутиб, қаттиқлик зарбига ошно бўлишни истади, бағридаги тошни ювиш, юмшатиш зарурлиги хаёлига ҳам келмади. Тошда куч кўп дея, ўйлади. Аммо, тошга айланишдан асрасин. Асралиш асрайди ва намликда мулойимлик илинжи борлигини англатади.

Қани эди, кўз ёшлари ёмғир каби тинмай ёғаверса, момақалдироғи гумбурлаб, чақмоғи чақнаб. Ўз кўз ёшлари билан ўз қалб қудуғини тўлдирмоғи даркор, йўқса, ғаму андуҳларни ювмоқлик душвор, ғаразу ҳасаднинг тўзғиган кулларидан қутилмоқлик осонмас, гина-кудратдан воз кечмоқлик қийин, дарғазаблик шўридан покланмоқлик машаққат.

Қани эди, иймон шабнамига юз тутмоқни истаса, зеро кўз ёшлари ила қоришиб кетсин, дарёсига зорланиб оқмоқликни истаса, токи қалби титраб, қалқиб юмшамоқлик майлини ичсин. Такрор-такрор яхшиликнинг жўшқин оқимида оқаверган бор-ки обу ҳаётни қониқиб ичгай, эзгуликка  етгай, албатта.

Нур ичишга илҳақликни туймоқлик моҳиятида ўз кўнгил боғи тупроғига ва осмонига тийрак боқиб, ҳаёт тўлқинида масрур сузмоқни истамоқлик ҳақиқати бор!

Муслима Ёдгорова

Март 16 2019

Най бўлибон…


Ёрқин тонг бўлибон кўзимни очсам,

Ҳар гал қаро тун мендан аразлаб кетди нарироқ.

Самимий ирфон бўлибон меҳримни сочсам,

Яхшилик доим шафоат бўлиб келмас берироқ.

Сабо эдим бўронларга қоришиб кетдим,

Сокин булоқ эдим дарёларга қуйилдим жадал.

Иймон ила ҳаловатга эришиб етдим,

Бироқ, қай бир ғубор учун ҳануз тўлайман бадал.

Мен бир тоғман оғирлигим ўзимга жазо,

Бир уммон бўлибон ўз-ўзимга чўмилолмайман.

Яқиним ҳам йироғим ҳам чексиз бир фазо,

Гулзорману нафис гулбаргларга кўмилолмайман.

Ҳаёт чизгилари тадбир ҳукмини демас,

Қайсар вақтнинг тўфонида азиз умрим қалқийди.

Хуш келибон хуш кетмоқлик измимда эмас,

Аммо, минг бир тусда товланиб умид балқийди.

Най бўлибон наволарим бахшида этсам,

Сархуш оҳангларнинг оғушида тўлқинлангай дил.

Қадр топибон ишқ куйининг қадрига етсам,

Саодатманд эзгу тароватга тўлади кўнгил.

   Муслима Ёдгорова     22.05.2018 йил

Март 16 2019

Ҳуснингда бир ишқ

 Аёл, сенинг кўзларингда ишқ мўралайдир,

Ташна чашминг чароси порлайди қиё.

Маъсумона назарингда рашк қуралайдир,

Гар, гўзаллик қароғингга бўлса маҳлиё.

Ул ўт устида бодом қабоғинг гуллайдир,

Унда киприклар нишлари  посбон сафма-саф.

Малоҳатда яноғингни қирмиз қўллайдир,

Кулсанг ғунчалар ичинда ярқирар садаф.

Аёл, ҳилқатингда меҳру иффат тугилгайдир,

Ой жамолингга таърифу тавсифлар ҳам шай.

Қошингнинг камонида ёйлар эгилгайдир,

Тим қаролиги тус бўяб керилгай атай.

Аёл, сенинг ҳуснингда бир ишқ яралгайдир,

Муҳаббат қўйнига чўкар телбалик ожиз.

Олам меҳварида ноёб куй таралгайдир,

Ҳаётнинг сўнгсиз тўлқини эмасдир бежиз.

Вафо, садоқатингга фусун ярашгайдир,

Ва, кўҳлик чеҳранг кўркида аъло дудоғинг.

Зиё жилвасидан ўз қалбинг ёришгайдир,

Гар, ҳаё, ибо рукнида олсанг сабоғинг.

       Муслима Ёдгорова   2.03.2019 йил