Iyul 26 2016

Тоғу тош

Тоғ тик бошига тошли тожни қўндириб,
Тош қўлларида тош муштлайди дўндириб.
Этагига тошлар теради саралаб,
Елкасига тош ортади тош оралаб.
Ер тубига илдиз отган-тошли, инон,
Тош қалашиб ўз бағрига ботган, чунон.
Юролмайди, изига қадалгай чўнг тош,
Оғир юки зиммада, етгайми бардош.
Кўксида вулқон ёнса, эрийди тошлар,
Бўғзида нафас тутаб, оқади ёшлар.
Харсанг тошлар мустаҳкам, тоғларда виқор,
Безанади, кенг ёпинчиғи-оппоқ қор.
Бўй чўзади юксакликка савлат тўкиб,
Осмон узра булут пастлар чокин сўкиб.
Эҳ, тошдан тошга вақт сакрайди сездирмай,
Тошни ёриб булоқ қайнайди бездирмай.
Тошли сирин яширади ғор ичига,
Тошдек армонни илар чўққи учига.
Тош уюми тоғ бўлолмас сирлашса ҳам,
Тош бағрида тош ўсади бирлашган дам.
Тош гуллайди, кўкаради у бедор тош,
Муқаррар суянчиғи атрофида чош.
Тошу тупроқ узра не гиёҳ кўкаргай,
Тоғ устида дову дарахт қад кўтаргай.
Тоғ макони: тош устига тош терилган,
Чин баландликка устуворлик берилган.
Қуёш, елу ёмғирга тоғ қаддин тутгай,
Тош сиртини силаб-сийпаб замон ўтгай.
Муслима Ёдгорова

Aprel 30 2016

Кўклам

Кўксингда кўклам келиб кўҳлик кўклаганда,
Ки кўнгилнинг куртаги кўклаб кулганда,
Кўнгил кўкаламзорига кўмилган кўйи,
Келаверади камёб кўкатлар куйи.
Кўринг кашшоф камалакнинг каштаси кўркам,
Кўнглинг кўзгусида-чи кўзланган кўклам.
Кенгашиб, келишиб кенгликлар-ла кенг кўнгил,
Кутилмаган камчил кунларга кўн кўнгил.
Кўркамлашган кунлар кўкдан каромат кутар,
Кўм-кўк кушойиш-ла кун келиб, кун кетар.
Муслима Ёдгорова

Fevral 29 2016

Олқиш

Қадду-бастингизга маҳлиё бўлганим ёлғон,
Қалб косасида мен лиммо-лим тўлганим ёлғон,
Ё савлатингиз соясида сўлганим ёлғон.
Ноз этмасдан қад ростланг бўйингизни бир кўрай,
Қоматингиз сарвга монанд бўлса гар, узр сўрай.
***
Барчани ўзига тортар боқсам жамолингиз,
Шодмон этар мунис кўнгилларни аъмолингиз,
Янада гўзал экан-ку билсам камолингиз.
Одоб ила хуш суҳбат қуришингиз ёқади,
Даврага кўрк бағишлаб туришингиз ёқади.
***
Таърифлар этсам феълингизни кенг экан жуда,
Жўшгайсиз ақлу камолотнинг айни мавжида,
Ёшлик-гўзаллик таровати айни авжида.
Лутфу карамингиз орасида нуқсони йўқ,
Давра аҳлига самимийсиз, ҳар бир кўнгил тўқ.
***
Кўз-кўз бўлди шу дам, сўзамол экансиз роса,
Хижолатдан ҳаттоки маъюс тортди муроса,
Энсалар қотиб энди, тўлиб тошди сабр коса.
Навбат бермасангиз гар даврангизда нетамиз,
Дилдош истаб келгандик, умид узиб кетамиз.

Муслима Ёдгорова

Fevral 29 2016

Қаҳру ғазабни тарк этиш-гўзал ахлоқдан (Қатра)

Ўз-ўзидан фиғони фалакка чиққан жаҳл замон ичра девонавор учиб юраркан. Ишончли бир макони йўқлигидан тутақиб, ўз-ўзича зорланармиш, хурсанд чеҳралар бадтар қахрини қўзғатармишу, заҳарханда гаплар унга хуш ёқармиш.
Бир гал “жуда ўзимга мос жой топдим,”деб ўйлаган хаёллари пучга чиқибди, чунки у қалб эгаси тез-тез аччиқланиб турсада, ҳаётдан қувонч топа оладиган, мулоҳаза юритиб, жаҳлини боса оладиган кучга эга экан. У ердан нари кетишга мажбур бўлибди. Бошқа гал хафаҳол, тушкун муҳитга дуч келиб қолибди, ана шу аламзадалик менга ўз бағридан жой беради деган умидда, аввал унга қора соясини йўллабди. Аммо, бу руҳият эзилган бўлса-да, унинг иродаси букилмаган экан, бор ўкинчларини четга суриб қўйиб, оламга теран назар билан қараган экан, жаҳл ўз-ўзидан бекинишга мажбур бўлибди. Инсоннинг ўз Ватани, ор-номуси ҳимоясида ғазабланиши, разолату жоҳиллик хуружларига бефарқ бўлмаслиги унинг иймони бутунлигидандир. Аммо, бўлар бўлмасга ҳаддидан ошавергувчи ғазаб учқуни бора-бора одамийлик мулкини куйдириб ахлоқ гўзаллигига путр етказади.
Фазода учиб юрган жаҳлнинг диққатини тубанлик ўзига жалб этибди. Бу манфур макон гўшам бўлгай деб, унга сингиб кетибди. Энди жоҳил ўшқирганида атрофга фисқу-фасод сачраркан. Қовоғи уюилган баджаҳлнинг дағ-дағаси маъюс қалбларни чақмоқ чақинидек изтиробга соларкан. Ҳасад жоҳилнинг ҳамроҳи-ю, ғаразгўйлик эса одати экан. Жоҳил жаҳл отига миниб олиб, таъна-маломатларни тош каби отар, турли тарафларга қарғишларни найза каби улоқтирар, ғазабдан кўзлари қонга тўларкан, ғазаб чор атрофни рутубатга тўлдириб, ён-веридагиларга зиён-заҳмат етказаркан. Жаҳлнинг заҳри авваламбор, жоҳилнинг ўзини емириши, тубанликка етаклаши айни ҳақиқат. Жаҳл тез учгувчидир, учган ўрнини ҳам, тушган ерини ҳам қаттиқ тирнайди. Зулмкорлик жоҳилнинг касби, аччиқланиш таъбни дағал ва қалб кўзгусини хира қилади. Жаҳл ўти жанжалда авж олиб, зўрайган исканжасида ҳаммани бўға бошлайди. Феъли торнинг жаҳли тез, бағри кенг жаҳлни қўлламас, ўз руҳига ғуборни йўлатмас. Манманлик ўз оловини қалайвериб, баджаҳлнинг ўзини оташида куйдиради, азоблайди, дарғазаб важоҳатдан эса эзгулик ҳуркиб қочади.
Жаҳл келса, ақл кетар дейишади халқда. Кибр ғазабни авж олдиради. Ўринсиз ва мазаматли жаҳлга йўл бермоқ жоҳилнинг иши, уни ақл нурлари ила куйдириб, сўндирмоқ фозилнинг иши. Ўз жаҳлини жиловлай олиш, ғазабини ичига ютиш, қахрни енгиш, сабр-тоқатли бўлиш, оғир-вазминликни одат қилиш, ўз нафсониятига эрк бермаслик инсон табиатини ҳилм, яъни мулойим қилади, хушфеълликка эга бўлади.
Ҳазрати Ибн Маъсуд :“Билингки, кишининг ҳалимлиги ғазабланган пайтда аён бўлади. Ғазабланмаган (яъни, ғазабга сабаб йўқ) пайтда унинг ҳалимлигини қаёқдан ҳам билардингиз?”, дея маҳзун дақиқалардаги синов ҳақида огоҳлантиради. Ақл шундай мўъжизаки, бошқаларнинг гуноҳини авф этмоқликни ўргатади, мулойимлик сийратини тақдим этади, босиқлик қудратини ато этади, бировларнинг айби ва хатосини унутмоқлик одатини юқтиради. Фикрлаш доирасининг кенглиги, тафаккурнинг чуқурлиги, ўй-хаёлнинг поклиги шубҳасиз жаҳл ўтини сўндиради. Меҳрибонлик ва шафқат, мулойимлик ва босиқлик қалбларга илиқлик бағишлайди. Меҳр булоғи жўшаверса, жаҳлнинг қахр дарёси қуриб боргай. Қахру ғазабни тарк этиш-барча гўзал ахлоқни ўз ичига олади,-дейишган донишмандлар.

Муслима Ёдгорова

Fevral 29 2016

Мансабга мансуб.

Мансабнинг курсиси бор, арғимчоқдай алдамчи, баландларга учирмоқни ваъда беради-ю, аммо ўзи таянчга маҳкамланганлигидан телбаларча тебранади, холос. Мансабни ҳою-ҳавас қилганларни тебрантириб, мувозанатдан чиқаради. Бундай курсига таяниб қолмай, ўз маънавияти тарбияси билан шуғулланган, ўз-ўзини такомиллаштирган кишигина юксалиш қудратини тўлалигича ҳис қила олади.
Мансабнинг кўзга кўринмас тожи бор, эгасининг бошини айлантириб, аврагани-авраган: “Сен қудратлисан, сен ҳаммадан зўрсан, сенинг ҳукминг- мутлақ”, дея сийлагани-сийлаган. Аммо, теран тафаккур орқали бошни омон сақлаб, халқ орасида ўзини камтар тутган мансабдоргина ҳурматга сазовор бўлади, юксак мавқега эришади.
Мансабнинг ғаройиб дурбини бор, узоқни- узоқроқ, яқинни- яқинроқ қилиб тасвирлайдиган, эгаси хоҳлаган рангга оламни бўяйдиган, исталган жойларни тиниқ, эгасининг назарида аҳамиятсиз воқеаларни ғира-шира акс эттирадиган, гўё дурбин эгасининг кайфиятига мос созланиб турувчи мослама каби. Агар, қўлингга тутқазилган бу мосламани адолат мезонида созлаб, оламни бор бўйича, турфа рангича, турли мазмунича илғамоқлик лозимлигини англаб ета олсанггина мансаб қулига айланмайсан.
Мансабнинг нафс дея аталмиш отлиқ аскарлари бор, сен истасанг бўлди, от суриб айтганингни муҳайё этади, дунёнинг беш томонидан хирож йиғиб келиб, разолат ўпқонини тўлдиришга хизмат қилади. Талон-тарож қилиб, алдов йўли билан ҳаром-хариш бойлик тўплаш, бировларнинг ҳақини кўзини лўқ қилиб, юлиб олиш уларга хуш ёқади. Ўз нафсингга ўзинг шафқат қилма, уни тергаб тур, қўл остингдагиларга мурувватли ва кечиримли бўл, аммо, огоҳ бўл, кўпларга раҳбар бўла туриб, нафс аскарининг йўриғига юришдан сақлан.
Мансабнинг яхши-ёмон феъллари кўп, айниқса, калондимоғлик, оддий одамларни оёқ учида кўришлик хусусиятларини сенга юқтиришга уринади, зийраклик ва тийраклик билан уларни сезиб, ўз вақтида ёмон феъллардан қутилиш чораларини изла. Донишмандлар қайси соҳада бўлмасин раҳбарнинг сўзлари тома, сурати жома, хулқи омма бўлиши зарур деб ҳисоблашган.
Мансабда шундай бир куч борки, у айрим одамларни жазавага солиб, ўшқиртиради, қўлини мушт тугиб столни савалатади, оғзидан кўпик сачратиб, бетига даҳшат кукунини сепади, шунда оғзидан чиқаётган ҳақоратлар зарбаси ҳаттоки, ҳавони титратади. Қаршисида эгилган бошлар, жовдираган кўзлар янада ғазабини қўзийди. Турқи амалдорлик важоҳатига мойил бўлиб бораверади. Раҳм-шафқат ундан бегоналашиб кетган, у эса мансаб шуни тақозо этади деб, ўзини оқламоқчи бўлади. Аслида, у “қуюшқон”дан чиқиб бўлганлигини ҳис этмайди, аллақачон адолат қалқонини жаҳолат қиличи ёрдамида парчалаб ташлашга муваффақ бўлган. Аслида, аввалбошдан ундай кишининг нияти холис бўлмаган. Ундайлар амал-тақал қилиб амалга миниб олгач, порахўрликнинг жирканч қоидаларига амал қила бошлайди, ўз қўл остидагиларга шамалар орқали порага “ишора” бериб “совға-салом” тиланади.
Мансаб кимгадир эзгу ишлар йўлида қудрат берса, кимгадир кўз-кўз қилмоқ учун сохта савлат беради. Мансабнинг ўт-олови кимнингдир ақл-заковатини ўткирлаштирса, унинг кул-тутунидан кимнингдир қалби кирланади. Мансаб кишидаги яшириниб ётган ёмон хусусиятларни ҳам, яхши хислатларни ҳам очади, бўрттиради, шунингдек, янгиларини ҳосил қилади. Ўз ўрнига мос тушган мансаб ижод завқини беради, меҳнатга иштиёқни оширади, вақтдан ўзишга, ҳаётга теран кўз билан қарашга ўргатади.
Мансабнинг ажойиб сандиғи бор, унинг бисоти хушмуомалалик, ҳалоллик, адолатпарварлик, виждонлилик, сабр-тоқатлилик, ўзгалар қалбини тушуна олишлик кабилардан иборат. Аммо, унинг қулфига мос калитни топмоқлик сенинг маънавиятинг юксаклигига боғлиқ, бошқа хил очқич йўқ. Бунинг учун эса ўзлигингни англашга интилишинг даркор, ўз ички оламингни ўзинг таҳлил қилиб, ўзингни ўзинг кузатишинг ва тузатишинг шарт, ўз-ўзингни тергай олсанггина бошқаларнинг маъсулияти учун жавоб бериш ҳуқуқига эга бўласан.
Баркамол, билимли ва қалби тоза, виждонли, сўзи ва руҳи майин, ўз манфаатидан ўзгалар манфаатини устун қўювчи хушхулқ раҳбаргина янгиланиб, ривожланиб бора олади, мартабаси улуғ бўлади.

Муслима Ёдгорова