Февраль 29 2016

Мансабга мансуб.

Мансабнинг курсиси бор, арғимчоқдай алдамчи, баландларга учирмоқни ваъда беради-ю, аммо ўзи таянчга маҳкамланганлигидан телбаларча тебранади, холос. Мансабни ҳою-ҳавас қилганларни тебрантириб, мувозанатдан чиқаради. Бундай курсига таяниб қолмай, ўз маънавияти тарбияси билан шуғулланган, ўз-ўзини такомиллаштирган кишигина юксалиш қудратини тўлалигича ҳис қила олади.
Мансабнинг кўзга кўринмас тожи бор, эгасининг бошини айлантириб, аврагани-авраган: “Сен қудратлисан, сен ҳаммадан зўрсан, сенинг ҳукминг- мутлақ”, дея сийлагани-сийлаган. Аммо, теран тафаккур орқали бошни омон сақлаб, халқ орасида ўзини камтар тутган мансабдоргина ҳурматга сазовор бўлади, юксак мавқега эришади.
Мансабнинг ғаройиб дурбини бор, узоқни- узоқроқ, яқинни- яқинроқ қилиб тасвирлайдиган, эгаси хоҳлаган рангга оламни бўяйдиган, исталган жойларни тиниқ, эгасининг назарида аҳамиятсиз воқеаларни ғира-шира акс эттирадиган, гўё дурбин эгасининг кайфиятига мос созланиб турувчи мослама каби. Агар, қўлингга тутқазилган бу мосламани адолат мезонида созлаб, оламни бор бўйича, турфа рангича, турли мазмунича илғамоқлик лозимлигини англаб ета олсанггина мансаб қулига айланмайсан.
Мансабнинг нафс дея аталмиш отлиқ аскарлари бор, сен истасанг бўлди, от суриб айтганингни муҳайё этади, дунёнинг беш томонидан хирож йиғиб келиб, разолат ўпқонини тўлдиришга хизмат қилади. Талон-тарож қилиб, алдов йўли билан ҳаром-хариш бойлик тўплаш, бировларнинг ҳақини кўзини лўқ қилиб, юлиб олиш уларга хуш ёқади. Ўз нафсингга ўзинг шафқат қилма, уни тергаб тур, қўл остингдагиларга мурувватли ва кечиримли бўл, аммо, огоҳ бўл, кўпларга раҳбар бўла туриб, нафс аскарининг йўриғига юришдан сақлан.
Мансабнинг яхши-ёмон феъллари кўп, айниқса, калондимоғлик, оддий одамларни оёқ учида кўришлик хусусиятларини сенга юқтиришга уринади, зийраклик ва тийраклик билан уларни сезиб, ўз вақтида ёмон феъллардан қутилиш чораларини изла. Донишмандлар қайси соҳада бўлмасин раҳбарнинг сўзлари тома, сурати жома, хулқи омма бўлиши зарур деб ҳисоблашган.
Мансабда шундай бир куч борки, у айрим одамларни жазавага солиб, ўшқиртиради, қўлини мушт тугиб столни савалатади, оғзидан кўпик сачратиб, бетига даҳшат кукунини сепади, шунда оғзидан чиқаётган ҳақоратлар зарбаси ҳаттоки, ҳавони титратади. Қаршисида эгилган бошлар, жовдираган кўзлар янада ғазабини қўзийди. Турқи амалдорлик важоҳатига мойил бўлиб бораверади. Раҳм-шафқат ундан бегоналашиб кетган, у эса мансаб шуни тақозо этади деб, ўзини оқламоқчи бўлади. Аслида, у “қуюшқон”дан чиқиб бўлганлигини ҳис этмайди, аллақачон адолат қалқонини жаҳолат қиличи ёрдамида парчалаб ташлашга муваффақ бўлган. Аслида, аввалбошдан ундай кишининг нияти холис бўлмаган. Ундайлар амал-тақал қилиб амалга миниб олгач, порахўрликнинг жирканч қоидаларига амал қила бошлайди, ўз қўл остидагиларга шамалар орқали порага “ишора” бериб “совға-салом” тиланади.
Мансаб кимгадир эзгу ишлар йўлида қудрат берса, кимгадир кўз-кўз қилмоқ учун сохта савлат беради. Мансабнинг ўт-олови кимнингдир ақл-заковатини ўткирлаштирса, унинг кул-тутунидан кимнингдир қалби кирланади. Мансаб кишидаги яшириниб ётган ёмон хусусиятларни ҳам, яхши хислатларни ҳам очади, бўрттиради, шунингдек, янгиларини ҳосил қилади. Ўз ўрнига мос тушган мансаб ижод завқини беради, меҳнатга иштиёқни оширади, вақтдан ўзишга, ҳаётга теран кўз билан қарашга ўргатади.
Мансабнинг ажойиб сандиғи бор, унинг бисоти хушмуомалалик, ҳалоллик, адолатпарварлик, виждонлилик, сабр-тоқатлилик, ўзгалар қалбини тушуна олишлик кабилардан иборат. Аммо, унинг қулфига мос калитни топмоқлик сенинг маънавиятинг юксаклигига боғлиқ, бошқа хил очқич йўқ. Бунинг учун эса ўзлигингни англашга интилишинг даркор, ўз ички оламингни ўзинг таҳлил қилиб, ўзингни ўзинг кузатишинг ва тузатишинг шарт, ўз-ўзингни тергай олсанггина бошқаларнинг маъсулияти учун жавоб бериш ҳуқуқига эга бўласан.
Баркамол, билимли ва қалби тоза, виждонли, сўзи ва руҳи майин, ўз манфаатидан ўзгалар манфаатини устун қўювчи хушхулқ раҳбаргина янгиланиб, ривожланиб бора олади, мартабаси улуғ бўлади.

Февраль 28 2016

Томчи. Қатра.

Ёмғир узилиб-узилиб, тўқнашиб-тўқнашиб, томчилаб ерга интилади. Баъзан ёмғир томчилари дераза ойналарини чертиб, сокинлик куйини бузиб қўйишади. Баъзан эса, ёмғир томчилари қуёш нурлари оғушида бирлашиб, етти хил рангдаги камалак камонида товланишади. Тун зулмати ўксиб йиғлаганида кўз ёшлари майсалар пешонасида тонгги шабнамга айланиб, қалтираб туради. Шаршаралар, фавворалар сочларидаги шаффоф томчилар атроф ҳавога салқинлик бағишлаб, ўзлари ҳам сакраб-сакраб яйрайди, гўё.
Томчилар сумалакда кетма-кет тизилишиб, музлайверади қотиб, дўл ҳам томчи тошчаларидир, тушган жойига қаттиқ урилади ва инграйди. Томчи тошни тешади дейишади, шунингдек, томиб-томиб кўл бўлар дейишган.
Томчида денгиз акс этганидек, онгнинг сийрати фикрда намоён бўлади. Қайғули кўз ёши томчисида мунг шодаси бор, аммо, идрок азобида сизиб чиққан кўз ёшлари томчисидан қалбдаги ғуборлар тўкилади. Ғазаб келганида томчидек сачрама, сокинлик сиртида ёйилиб тинчлан. Тор кўнгилдан ҳасад ва кўролмаслик томчи каби сизиб чиқиши эҳтимоли бор. Огоҳ бўл, маънавий озуқани ҳар дам томчи каби симирки, қалб дарахти кўкариб, яшнасин.
Қалбингда меҳр-мурувват булоғини очгин-ки, унинг томчилари бошқалар қалбига умид бахш этиб сингиб борсин. Қалб меҳрга тўлганда муҳаббат юракларни тўлқинлантиради, кўзлар нурга тўлади, тилга бол сингийди, инсон чеҳраси очилиб, олам гўзаллашади.
Меҳр берсанг гар инсонларга томчили этиб,
Дарё бўлиб оқиб келгай ўзингга етиб.

Февраль 28 2016

Тўртликлар

Меҳр-саҳоват тиласанг китоблар улаш,

Ёшларга мадад бўлгай эзгу тафаккур.

Гар, маърифат тиласанг китоблар улаш,

Маънавий бу чашмага минг бор ташаккур.

***

Дард учун бу дунёга келгайми одам,

Гардларини ювади тинмайди сира.

Истиқбол учун йўлчироқ яратиб илдам,

Ўтгай истакларига бўлиб асира.

***

Кўнглингнинг сандиғида гина сақлама,

Вақтнинг терс шамолига совургани бер.

Бировларни қоралаб ўзни оқлама,

Огоҳ бўлгил адоват қалбни эзиб ер.

***

Кўп эзма гапиргандан эшитмоқ яхши,

Яхши сўзни ўзга хўб эш этмоқ яхши.

Маъноли сўз достон эт  мисоли бахши,

Бўлолсанг бўл доимо  яхшининг нақши.

***

Дунё излаб дунёни кезгайдир банда,

Англамасдан ишқ жоми тошганин ўзда.

Руҳ тўфонлар тўзғитиб кезгайдир танда,

Дунё чироғи алҳол сўнгайдир кўзда.

***

Устознинг ҳар сабоғи ҳикмат бўлганда,

Ҳар шогирднинг қалбида эзгулик унгай.

Маърифат улашмоқлик ҳиммат бўлганда,

Комилликка чорловчи бир маёқ ёнгай.

***

Хушхулқлик эрур инсонларни кечирмоқ,
Ёмонлик ёзувини дилдан ўчирмоқ.
Камчилигу нуқсонни мумкин тузатмоқ,
Бил, эзгуликдир кўнгилларни безатмоқ.

***

Мум тишлагин-у ҳар дам бадхулқ  сўздан қоч,

Ҳаттоки, қарғишдан ҳам қулагай оғоч.

Атрофингга самимий ёйганда  қулоч,

Хушмаъно тилакларга қалбингни кенг оч.

***

Дилларни оғритиб сен сўзлама зинҳор,

Ва қасдма-қасдликни ҳам кўзлама зинҳор.

Гард-ғуборга тўладир ёмонлик  саси,

Эшитган ҳар одамнинг қотар энсаси.

***

Кесатиқ сўзлари тиғ тирнаб кесгайдир,

Бадхулқлик тўфони минг инграб эсгайдир.

Юмшоқ сўзласанг гар, мулойим ёқгайдир,

Дилдан дилларга меҳру сеҳри оқгайдир.

***

Ҳақ гапни ангалагувчи ёру дўст қани?

Солиҳ ўзига ҳамроҳ этгайми сани?

Манмансировчи йўлдош юлгай ёқангни,

Ҳамсуҳбатингни ҳаргиз аслини тани.

***

Инсон боқгил оламга дунёсан ўзинг,

Дунёнг қолиб оқибат ўзинг кетасан .

Ҳарчанд дунё истама тўймайди кўзинг,

Ўз-ўзингга интиҳо бўлгач нетасан.

***

Ҳеч ёмонлик тилама қалбинг ўлмасин,

Бор савобни булғовчи гардга тўлмасин.

Гар, кўнглинг обод эрса забонинг ширин,

Меҳринг нури сояда қолмас яширин.

***

Хулоса чиқармоққа шошилма зинҳор,

Танганинг терс томони мавҳумдир балки.

Хўб ўйлагил фикрингни этганда изҳор,

Ҳақ баҳойинг яхшиликка ҳукмдир балки.

***

Қорачиғинг билан дунёни кўрасан ўзинг,

Омонат дунёга изма-из босасан қадам.

Овоз бер дунё қулоғига инади сўзинг,

Тўймаган ўз кўнглини алдаб кетгувчи одам.

Февраль 28 2016

Том оша кўринади тут.

“Тутнинг баргичалик қимматинг йўқму?
Ипак қуртичалик ҳимматинг йўқму?
Алишер Навоий
Қишлоқнинг ўртасидан кесиб ўтган ариқча ёнида неча йиллардирки бир тут яшнайди, шу ариқчадан сув ичиб, гуркираб, танасини қучоқлашга қулоч етмайдиган даражада кенгайиб кетган. Соясини қалин қилиб ерга тўшайди, мевалари пишганда тўп-тўп этиб ерга тўкилади, қушлар ҳам чуғурлашиб тут мевасидан ўз насибаларини чўқишади. Барглари ипакка мойил, уни еган ипак қурти мўъжизавий ипак тола тўқийди, илдизи эса захга чидамли, танаси қаттиқ ва мустаҳкам. У ёлғиз эмас, ёнида каттагина ҳовли бор, уй, айвон, ошхона, оғилхона ҳаммаси кифтида тургандек, гўё. Бўйи томдан ошгандан бери шохларини шу томонга узатиб, ҳовлини зимдан “кузатади”, гўё.
Бу ҳовлига янги келин тушди-ю, саранжом-саришталик, файз кириб келди, келиннинг саъйи-ҳаракати туфали ҳовли ўртасидаги томарқада ниҳоллар кўкариб, экин экилиб, ҳосил олина бошланди. Бирин-кетин ўғил-қизлар дунёга келиб, оила катталашди, болаларнинг қиқирлаб кулганлари атрофга эшитилганида тут беихтиёр девор оша ҳовлига “мўралаб”томоша қилишни хуш кўрарди.
Ҳаёт рисоладагидек кечаётгандек эди, йиллар ўтиб пешонасида бор экан ота оғир касалликка чалинди. У оғриқдан дод-вой солганида уй-ҳовлини гўё аччиқ тутун қоплагандек бўларди-ки, тут “кўзларини юмиб, қулоқларини бекитиб олгиси келарди, танаси зирқираб кетарди, гўё.” Қочиб узоқларга “кетгиси келар”, аммо, бунинг иложи йўқ, томирлари занжир каби ерга боғланган, балки, шу дарду ғамларга шериклик қисматига битилгандир.
Ота дард аламида ўзининг ёшлик даврларида хотинига азоб берганини, болаларини ҳатто, қамчи билан савалаганини эслаб, кўзидан дув-дув надомат ёшлари тўкарди. Хотинини одам ўрнида кўрмас, рўзғорга умуман қайишмас, болаларининг ўқиши, тарбияси билан умуман қизиқмасди. Хотини қишлоқдошларининг хизматини қилар, ҳамширалик маълумоти бўлмасада касал одамлар ёрдам сўраб келса укол қилар, ҳатто, ҳомиладор аёлларга доялик қилар (у пайтларда маълумотли врачлар кам бўлганлиги сабабли шароит шуни тақозо қиларди), шу йўл билан топган пулига рўзғорнинг каму кўстини ямарди.
Қазоси етиб хотини ўлганидан кейин, кексайганида фарзандларининг меҳр-оқибатсизлигидан кўнгли вайрон бўлар, ўзи бемеҳр бўлганлиги эсига тушиб, бундан азоби янада ортарди. Айни пишиқчилик палласида невараси бир товоқ тут териб дастурхонга келтириб қўйди, “олинг, тутдан енг”,- деди бобосига. Титроқ қўллари билан тут доналарини олиб оғзига солди, “асалдек ширин бўлибди”,-ўйлади у. Умид учқунлагандек бўлди, зора неваралари келажакда инсофли, диёнатли бўлиб етишишса…
Лекин, ота ўғлининг худди ўзининг нусхасига айланиб, афт-ангор ҳам, қилиқлари ҳам ўхшаш бўлганини, фикрлари тубанлашиб улгурганлигини кўриб куярди. Ўғлига мен қилган хатони такрорлама,-деб тушунтирмоқчи бўларди, аммо, ўғлининг кўз ва қулоқларини парда қоплаган, онги заҳарланиб бўлган, панд-насиҳатни қабул қилмас, яхши сўздан ҳам ёмонлик ғулғула қилар, бадҳазмга айланган эди. Ўғли жаҳли чиқса тутқаноғи тутгандек жазавага тушар, ўз хотинини ҳақорат қилар, болаларини сал хатоси учун жазолар, қовоқ-тумшуғини уюиб, улар билан гаплашмай юрарди. Рўзғордаги етишмовчиликлардан хотини ва болалари азият чекарди. “Одамларнинг энг ёмони ўз аҳли аёлига бахиллик ва қизғанчиқлик қиладиганидир.”Ҳадисдан.
Вақти соати етиб ота ҳам у дунёга рихлат қилди, бироқ, ўғлига панд-насиҳатлари ҳам, ялиниб-ёлворишлари ҳам, дўқ-пўписалари ҳам кор қилмади. Ҳаттоки, отасининг оғир хаста бўлиб вафот этганлиги ва бу дунё фано (ўткинчи) эканлигидан хулоса чиқара олмади.
Унинг ўз яқинларига зулм ўтказиши одатга айланди, бунинг устига фарзандларини таъминлашни, рўзғор ташвишларини тортишни ўз зиммасидан ўзи ошкора соқит қилди. Эр мартабасида, ота мартабасида ҳуқуқларини қаттиқ талаб қилар, аммо, ўз зиммасидаги маъсулиятни эслашни ҳам, биров эслатишини ҳам истамасди. Бир неча ўн йиллардирки бирор корхонада меҳнат қилиб, оилага даромад топиб келишдан бўйин товлади. Кимга керак бўлса ишласин менга барибир, аввалги йилларда ишлаганман, пул топиб келганман, энди хохламайман деб важ кўрсатди. «Қандай бўлса шундай қолишга аҳд қилишлик нодонликдир.» Афлотун.
Ўзининг ёмон феъли туфайли оила аъзоларини ғазаб ва ғаразнинг кўзга кўринмас қамчиси билан савалар, бундай ғурбатдан “таъсирланиб” тутнинг ҳовлига қараб ўсган бир неча шохи қуриб қолди.
Ҳатто, у ўзининг турмуш қуриб чиқиб кетган синглисини, хотинининг оға-иниларини ҳам рўйирост бу ҳовлига меҳмон бўлиб келишларини истамасди, уларни умуман келиб-кетмас қилиш йўлларини қидирарди. Манманлик чўққисига чиқиб, ҳеч кимни назар-писанд қилмай қўйди, ўзига танбеҳ берганлардан қасд олишни кўнглига тугиб қўярди. Ажабки, бу ҳолдан тут баргларини “тутамлаб олди”, барглари касалликка чалингандек бужмайиб қолди. «Тўрт нарса: яъни бадфеъллик, бадқовоқлик, такаббурлик ва дилозорлик кишига хору зорлик келтиради.» Жаъфар Содиқ.
Адоват уруғи кўкариб, унинг қалбида заҳарли мева тугувчи дарахтга айланган, бу дарахтнинг томири фақат ёмон сўзлардан, ёмон фикрдан, ёмон амалдан озуқа оларди. Оқибатда унинг қалби ёмонликнинг ғуборли ғорига туташиб кетганга ўхшайди, гўё. Қалбнинг бундай касалига даво бормикан?
Ғубор аслида отанинг қалбида бор бўлган, минг афсуски, бу қоралик ўғлига мерос бўлиб ўтди. Тут бунга гувоҳ, бу ўғилни огоҳлантирмоқ, хушёр торттирмоқ умидида ҳар йили тут ўзининг сарғайган баргларини тўкиб, янги, яшил ва яхши барг чиқаради. Ёмонлик устидан ҳамиша яхшилик ғолиб келиши муқаррарлигини исботламоқчи бўлади, гўё. “Байт: Қалб сарғайган, қуриган баргларни новдалардан тўкиб, барра каби яшил баргларнинг чиқишига ёрдам беради.” Жалолиддин Румий. Ёмон фикрлардан воз кечилса, ўрнига яхши ғоялар келса ажабмас.
Тутнинг шохлари каллакланса ҳам унга малол эмас, яна кўкараверади, Ҳар йили баҳорда янгиланиб гуллайди, танасидаги ширадан симириб, ширин мева тугади, яхшиликка интилиш тимсолига айланади. Қани эди бу одам тутнинг нидосини тинглай олса, кўкариш ва яхшиланиш рамзини кўра олса!

Февраль 28 2016

Чўл. Қатра

Чўлнинг кўнгли кенг, кенгайибу ёйилиб кетган. Чўл баҳорда ям-яшил тусга кирсада кейинчалик баҳор соғинчидан ранги сарғайиб кетади. Чўлнинг пешонасига илон изи йўллар нақш бўлиб тушган. Чўлда ўтмишнинг руҳи мудрайди, шаҳарда келажак руҳи уйғоқ кезиб юради. Чўлда табиат қум тоғлардан ҳайкал ясайди ва асрлар давомида шамол силаб-сийпаб уларга жило беради. Баъзи жойларда қум тепаликлар қўлма-қўл ушлашиб тургандек тизилишиб туришади. Баъзи сарҳадларда эса шамол қумнинг сочларини тараб тарам-тарам из қолдиради. Чўлда қуёш ерга тик боқиб, нурларини тиғдек аёвсиз қадайди, сувсиз ва бир парча соясиз узоқ қолиб кетсанг, кўзингга сароб кўринади:
Ойна каби ялтираб кўзга кўринади кўл,
Сувнинг шилдираши қулоққа шивирлар, ана.
Юрганинг сари узоқлашиб борар ўнгу сўл,
Ташналик азоби, қийноғи зўраяр яна.
Хаёлот чегарасидан карвон қўнғироғини жиринглатиб ўтади, гўё:
Изма-из тизилишиб силжияпти зил карвон,
Ўркачларин силкитиб лўкиллайди туялар.
Обод манзилни кўзлаб, йўлга бошлайди сарбон,
Тизгинга амал қилиб тиз чўкади биялар.
Безовталик ва алдов сени умидсизлик томон етаклайди, ҳақиқат ва рўёни фарқлай олмай қоласан. Қақраган лаблар ҳаёт неъматлари номини беихтиёр унсиз такрорлайверади, шунда бир томчи сувнинг қадр-қимматини баҳолай бошлайсан. Фақат денгизда сузганда ёки тоққа чиққанда эмас балки, чўлда ҳам мувозанатни сақлай олиш, меъёрни топа олиш муҳим ҳисобланади. Чўл яланглигида шамол ўзини тўрт томонга уриб кезади. Чўлда ернинг уфқ билан туташиб кетишини яққол томоша қилиш мумкин.
Кундуз куни офтоб тафти етмагандек, ҳаво чўлдаги саксовуллардан ўз тандирини қалаб қиздиради ва ўзи азобдан титраб, жимирлайди. Тунда эса осмон ўз гумбазини чўл устига тўнтариб, юлдузлар билан безайди, ҳаво ҳам совуб, ҳовуридан тушади. Эҳе, жавзонинг жазирамаси қовжиратиб куйдирса, саратоннинг иссиғи ҳансиратиб сўлдиради. Баъзан, ой ўроғини чархлаб чўлдаги янтоқларга тиканли назар ташлайди, тўлишганда эса юмшаб, майин нури билан чўлни яёв кезади.
Чўл шип-шийдам кимсасиз макон эмас. Ана, бургут емиш ташвишида ерга пастлаяпти, сурув-сурув отлар тойчоқлари билан, қўй-эчкилар подаси, туялар бўталоқлари билан бемалол ўтлаб юришади. Аҳён-аҳёнда эчкиэмар югуриб ўтади… Чўлда ўсимлик ва дарахтларнинг ўхшаш томони бор, уларнинг барглари кичкина ва игнасимон, сувни исроф қилмаслик уларнинг табиатига хос.
Чўлга бағрикенглик, тоғларга пурвиқорлик, денгизга мавжланиш ярашади. Тоғлар вазмин ҳолатда туядек оғир чўкиб, гўё бошини баланд кўтаради гердайиб, тоғнинг карвони сўнгги манзилида тош қотганга ўхшайди. Уммон эса сув тўлқинларида тинимсиз чайқалиб, сузгани-сузган, умоннинг кемаси Ернинг ўзидир балки. Чўл эринибгина бемалол ястаниб ётиб олганга ўхшайди, узала тушиб мудрайди, шунда жиловсиз шамол уни уйғотиб, тинчини бузади. Яйдоқ чўл ёзда ҳансираб чўллайди, гўё ёмғир сепадиган булутларнинг сузиб келишини кутишдан бошқа ташвиши йўқдек.
Чўлнинг ўзига хос ҳаёти бор, унда қуруқлик ва қурғоқчиликнинг ғалабаси кўп бўлсада, мавжудлик фалсафаси шундадир. Чўл чорласа кўнглим қочиб кетмоқ бўлар, эргашаман ортидан. Оташларда ёнмасину куймасин, дея мени қўрқув босади, кўндираман, намлик билан тўйинган гўшалар томон ортга қайтади оҳиста, бу намликда боғу-роғлар, гулзорлар, бўстонларнинг абадий мавжудлиги кўкаради, гўё. Чўл руҳини ҳис қилиш учун унинг кенгликларига сиғиш ва сингий олишинг, бўстонлар руҳини ҳис қилиш учун эса ўзинг гулга, райхонга айланмоғинг керакдир балки. Сен ҳам борлиқ каби борлиқ ичида ўз ҳаётингдан эзгу мазмун ва яхши маъно топа ол. Дилинг туғига қип-қизил алвонни бойла-ки, у ял-ял ёниб товлансин, шунда кўнгил биёбонида гиёҳ кўкарса хушбўйлари оламни тутгай.