Ўз-ўзидан фиғони фалакка чиқиб жаҳл шаҳд билан замон ичра девонавор учиб юраркан. Ишончли бир макони йўқлигидан тутақиб, ўз-ўзича зорланармиш, хурсанд чеҳралар бадтар қахрини қўзғатармишу, заҳарханда гаплар унга хуш ёқармиш.
Бир гал “жуда ўзимга мос жой топдим,”деб ўйлаган хаёллари пучга чиқибди, чунки у қалб эгаси тез-тез аччиқланиб турсада, ҳаётдан қувонч топа оладиган, мулоҳаза юритиб, жаҳлини боса оладиган кучга эга экан. У ердан нари кетишга мажбур бўлибди. Бошқа гал хафаҳол, тушкун муҳитга дуч келиб қолибди, ана шу аламзадалик менга ўз бағридан жой беради деган умидда, аввал унга қора соясини йўллабди. Аммо, бу руҳият эзилган бўлсада, унинг иродаси букилмаган экан, бор ўкинчларини четга суриб қўйиб, оламга теран назар билан қараган экан, жаҳл ўз-ўзидан бекинишга мажбур бўлибди.
Фазода учиб юрган жаҳлнинг диққатини аччиқ тутаётган жоҳилнинг қалби ўзига жалб этибди. Бу манфур қалб лойиқ гўшам бўлгай деб, унга сингиб кетибди. Энди жоҳил ўшқирганида атрофга фисқу-фасод сачраркан. Қовоғи уюилган баджаҳлнинг дағ-дағаси маъюс қалбларни чақмоқ чақинидек изтиробга соларкан. Ҳасад жоҳилнинг ҳамроҳи-ю, ғаразгўйлик эса одати экан. Жоҳил жаҳл отига миниб олиб, таъна-маломатларни тош каби отар, турли тарафларга қарғишларни найза каби улоқтирар, ғазабдан кўзлари қонга тўларкан, ғазаб чор атрофни рутубатга тўлдириб, ҳаммага зиён-заҳмат етказаркан. Жаҳлнинг заҳри авваламбор, жоҳилнинг ўзини емириши, тубанликка етаклаши айни ҳақиқат. Жаҳл тез учгувчидир, учган ўрнини ҳам, тушган ерини ҳам қаттиқ тирнайди. Зулмкорлик жоҳилнинг касби, аччиқланиш таъбни дағал ва қалб кўзгусини хира қилади. Жаҳл ўти жанжалда авж олиб, зўрайган исканжасида ҳаммани бўға бошлайди. Феъли торнинг жаҳли тез, бағри кенг жаҳлни қўлламас, ўз руҳига ғазабни йўлатмас. Манманлик ўз оловини қалайвериб, баджаҳлнинг ўзини оташида куйдиради, азоблайди, дарғазаб важоҳатдан эса эзгулик ҳуркиб қочади.
Жаҳл келса, ақл кетар дейишади халқда. Жаҳлга йўл бермоқ жоҳилнинг иши, уни ақл нурлари ила куйдириб, қалб қўрғонига киритмаслик фозилнинг иши. Ўз жаҳлини жиловлай олиш, ғазабини ичига ютиш, қахрни енгиш, сабр-тоқатли бўлиш, оғир-вазминликни одат қилиш, ўз нафсониятига эрк бермаслик инсон табиатини ҳилм, яъни мулойим қилади, хушфеълликка эга бўлади.
“Билингки, кишининг ҳалимлиги ғазабланган пайтда аён бўлади. Ғазабланмаган (яъни, ғазабга сабаб йўқ) пайтда унинг ҳалимлигини қаёқдан ҳам билардингиз?”Ҳазрати ибн Маъсуд. Ақл шундай мўъжизаки, бошқаларнинг гуноҳини авф этмоқликни ўргатади, мулойимлик сийратини тақдим этади, босиқлик қудратини ато этади, бировларнинг айби ва хатосини унутмоқлик одатини юқтиради. Фикрлаш доирасининг кенглиги, тафаккурнинг чуқурлиги, ўй-хаёлнинг поклиги шубҳасиз жаҳл ўтини сўндиради. Меҳрибонлик ва шафқат, мулойимлик ва босиқлик қалбларга илиқлик бағишлайди. Меҳр булоғи жўшаверса, жаҳлнинг қахр дарёси қуриб боргай. Қахру ғазабни тарк этиш-барча гўзал ахлоқни ўз ичига олади,-дейишган донишмандлар.