Декабрь 3 2019

Навосиз кишилар (қатра)

«Эзгу ишимиз учун мукофотлашлари билан биздан савобни тортиб олишади.» Шамфор Никола Себастиан Рок

Чақалоқ бу ёруғ дунёга келар экан ўзининг илк сўзини айтади: инга, инга. Уни албатта меҳрибон қўллар авайлаб кўтариб олади, қувонч чақнаб турган кўзлар унинг митти юзига хайрихоҳлик билан боқади. Гўдакнинг димоғига ҳаёт ҳиди уфуради. Бутун борлиқ уни хуш кутиб турганга ўхшайди.

Аммо, минг афсуски инсон таваллуд топган онданоқ атрофида рўй бераётган таъмагирлик саҳнасига гувоҳ бўлишга мажбур бўляпти. Гўдакларнинг руҳият оламига таъмагирликнинг ғуборли тўлқини етиб келиб, унинг мусаффо дунёсига раҳна солмайди деб, ким кафолат бера олади. Ҳа, ана шу оқ, кўк, қизил халатлиларнинг айримлари гўдакнинг яқинларидан суюнчи дейсизми, қўл ҳаққи ёинки кўнгил олиш дейсиз-ми, совға ёки пора дейсизми қандай номласангиз ҳам барибир барини интиқ кутишади. Имо-ишора қилишади, турли баҳоналар билан диққатингизни тортишга уринишади, шунда ҳам тушунмасангиз рўйи рост мақсадларини изҳор этишдан уялишмайди. Ҳатто, қатъий туриб ўзларини рози қилишингизни сўрашади. Порахўрлик, давлат мулкини ўзлаштириш, таъмагирлик каби иллатларнинг бошқа турли соҳаларда ҳам илдиз отганлиги ачинарли ҳол албатта. Ахир, уларнинг барчаси текинга эмас, ойлик маош олиб ишлашади-ку! Маош бу-ўз ҳалол меҳнатига яраша ҳақ олиш, рағбат ҳисобланмайди-ми?

“Таъмагирлик яъни, очкўзлик одам вужудидаги тўртта гавҳардан бири бўлган ҳаёни яъни, орни йўқотади.” Термизий ривояти

Пора кутаётган ва уни жон-жон деб олаётганлар навосиз кишилардир. Навосизлик бу-маърифат куйидан маҳрумликдир. Қалбида, қулоғида навоси борлар пора олмайди, порахўрлик жаҳолатидан ўзини асрайди. Пора олмаган кишилар қашшоқ бўлиб қолади-ми? Аслида порахўрлар маънан қашшоқ одамлардир.

Пора бермаган кишининг иши  раво бўлмайди-ми? Сифатли тиббиёт хизматидан маҳрум қилишади-ми? Турли баҳоналар билан ишга қабул қилишмайди-ми? Пора бермай туриб  ҳаётда муносиб ўрин топиб бўлмайди-ми? Ҳеч ким пора бермаса порахўр қаердан пайдо бўлади?!

Пора берувчиларнинг ҳам аслида онги, шуури навосиз эканлиги шубҳасиз. Жамиятдаги коррупция ҳаммага тегишли муаммо, ёмон иллат. Иллат тузатилмас экан бу жамиятда янгиланиш, тараққиёт, ободлик бўлиши мумкин-ми? Қалбининг ободлиги, тафаккурининг тозалиги, иймонининг бутунлиги ҳақида ҳар бир инсон ўзи қайғуриши шарт эканлигини биз қачон англаб етамиз?

Коррупцияга қарши қатъият билан курашиш учун эса авваламбор, ҳалолликнинг моҳиятини англаб олиш зарур. Ҳар биримиз, ҳар куни, ҳар лаҳзада порахўрлик, таъмагирлик каби иллатларга нисбатан тоқатсизлик ва муросасизлик позициясида туришимиз шарт. Коррупция юз берган вазиятларни мутлақо баҳоналар излаш билан изоҳлаб ва ҳеч қандай сабаблар қалқонида оқлаб бўлмайди, фақатгина бундай ҳолатларни қоралаб, инкор этилса тўғри бўлади.

Болажон, сен наво куйини чалишни ўрган, уни аввало ўз қалбингга жо эт. Зеро, бутун борлиқ мумтоз куйга тўлиб, инсонлар сийратини янгилагай, афзал қилгай. Шояд ўзинг умидли чолғучи бўлгайсан ва маърифат қўшиғини куйлагайсан.

Шундай куйлаки, инсонлар қалби маърифат нурларига, гўзал наволарга лиммо-лим тўлсин, олижаноблик уларнинг илму амалига айлансин, ҳалоллик, одамийлик хислатлари билан безансинлар.

Муслима Ёдгорова   5.09.2019 йил

Декабрь 3 2019

Газета ўқиш маданияти

 Газета ва журналларга обуна бўлиш ва уларни ўқиш жараёнига қандай ёндашган маъқул? Сизда касбингиз, эгаллаб турган лавозимингиз, яшаш жойингиз, ўз олдингизга қўйган мақсадингиз, қизиқиш доирангиздан келиб чиққан ҳолда қайси газета, журналларга обуна бўлсам экан? — деган савол туғилиши табиий. Газета ўқиш маданияти аваламбор, даврий матбуотнинг Ўзбекистондаги ва чет эллардаги тиражлари бўйича маълумот излашдан ва мақсадли обуна бўлишдан бошланади. Бундай маълумотларни почта, матбуот тарқатувчи ташкилотларидан ёки интернет сайтларидан топишингиз мумкин. Каталогларда барча соҳалар ва тармоқлар бўйича, бир неча тилларда чоп этиладиган вақтли матбуот ҳақида маълумотлар мавжуд, намуна сонларидан уларнинг дизайни, услуби ва мазмуни ҳақида ҳам билиб олсангиз бўлади.

Ўйлаб қарасам кўп йиллар аввал “Квант”, “Физика в школе” “Физика ўқитиш методикаси”, “Дошкольное воспитание”, “Саодат”, “Маърифат”, “Меҳнат зарбдори” (ҳозирги “Пешкў овози”) каби газета, журналларга обуна бўлиб,  мутолаа қилганман. Тўғри бир муддат улардан узилишлар бўлган, аммо бундан йигирма йиллар аввал тасодифан қўлимга “Маърифат” газетасининг бир йиллик жамланмаси тушиб қолди. Бу гўёки мўъжиза каби эди. Газетада берилган эркин ва мустақил фикрлаш, психология, замонавий педагогик технологиялар, умуман тарбияга оид мақолаларга қизиқишим зўрлигидан уларни ўқиш билан бирга қўлимга дафтар, ручка олиб бўш вақтимда конспектлаштириб ёзишга киришдим. Газетадаги педагогика фанлари номзоди Нурали Саидахмедовнинг серия тарзида кетма-кет берилган мақолаларини мустақил ўрганиб, уларни дарс жараёнига қўллай бошладим. Шунингдек, бошқа қўлланма ва дарсликлардан педагогикадаги инновациялар бўйича изланиб, ноанъанавий дарс ишланмаларини тайёрладим. Кейинчалик тадқиқотларим Самарқанд давлат университети профессори, Халқаро педагогика фанлар академиясининг мухбир аъзоси О.Қувондиқовнинг назарига тушиб, бир неча бор республика миқёсидаги конференцияларда маърузаларим билан қатнашдим. Бухоро давлат университети профессори С.Қаҳҳоров билан ҳаммуаллифликда “Физикадан модулли дарс” номли илмий-услубий қўлланмам 2006 йилда нашр этилди. Газета мени илмий изланишга, яъни тадқиқотчиликка йўллади десам муболаға бўлмайди. Замонамизнинг шундай улуғ олимларига шогирд бўлиш саодатига эришдим. “Маърифат” газетасини ва унинг ижодкорларини устозим дейишга ҳақлиман.

“Пешкў овози” газетасини ҳар сафар қўлимга олганимда унинг маърифатпарварлик хусусиятларини, маънавий жозибасини ҳис қиламан, йиллар давомида у ҳам мени ўзининг жўшқин оламига шу қадар жалб этди-ки, натижада, самимий мулоқотимиз кучайди. Бош муҳаррир Ҳурмат Шаропова мени ижодий ҳамкорликка чорлади, бу чорлов туфайли онг ва тафаккурга бевосита таъсир этувчи ахборотлар оқимини саҳифаларда ёритиш масъулияти, машаққати ва сурури нақадар фарахбаҳш эканлигини ҳис этяпман. Газета таҳририятидаги қайноқ ҳаёт жабҳасига қоришиб кетиш учун албатта, ижодкорлик мавқеини оқлаш муҳим ҳисобланади. Ҳа, газета ва журналлар сиз учун ижод олами эшикларини янада кенгроқ очмоқликка шайлиги унинг саҳовати, марҳаматидир, сиз ҳам унинг йўлига пешвоз чиқишга шайланинг!

Юртимиздаги мутахассис кадрларга қўйилаётган юксак талаблар ҳар бир шахснинг ўз билим, малака, кўникмаларини, ва қобилиятини ўзи тинимсиз ўстириб боришига эришишини тақозо этади. Ҳар томонлама комилликка эришишда мутолаа муҳим аҳамиятга эга. Газета мутолааси ҳам инсон дунёқарашини ўстиради, турли соҳалардаги янгиликларни ўқиб руҳланасиз, онгингизда янги фикрлар, ғоялар туғилади, шу билан бирга мавжуд иқтидорни, савияни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш эҳтиёжи ўсади.  

Азал-азалдан қулочни кенг очиб, газетадаги янги, керакли, қизиқарли, тўлиқ, фойдали маълумотлар билан танишиш, арзимас, майда-чуйда гаплар ўрнига ҳамкасблар, дўстлар билан мақолалардан олинган таассуротлар ҳақида мазмунли суҳбат қуриш маданият белгиси саналган. Маълумки, маънавиятли инсон бўлмоқ учун аввало маънавиятга, маърифатга интилиш эҳтиёжини қалбга жо қилиш зарур. Маърифат ва маданиятнинг порлоқ йўлига газета сизни хилма-хил нурли сўқмоқлари орқли йўлласа  ажабмас.

Технологиялар жадал ривожланаётган шароитда медиа маданият, медиа саводхонлик ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга. Аксарият информациялар ижод тегирмонидан ўтказилмай туриб, муайян воқеликлар видео ёки тасвир кўринишида, ёхуд, жараённинг асл моҳияти очиб берилмаган матн шаклида ижтимоий тармоқларда тезкор суръатда тарқатилаётганлиги сир эмас. Холис ахборотни олиш, салбий маълумотлардан ўзини ҳимоя қила олиш, тарқатилаётган медиа маълумотларни мулоҳаза чиғириғидан ўтказиб, оқилона мушоҳада юритиш орқали “истеъмол” қилиш медиа маданият белгиларидандир. Айниқса, ёшларда тинимсиз оқиб келаётган информацияларга хушёрлик билан танқидий назар ташлай олиш, маънавий мушоҳадакорлик билан ўзининг руҳият ҳудудини ҳимоя қилишга ўрганиш орқали медиа саводхонлик маданияти шаклланиб борса ажабмас.  

Замон билан ҳамнафас бўлишни, жамиятимиз ҳаётидан хабардор бўлишни истасангиз, ўзингизни унга даҳлдор деб билсангиз ва фикрлашдан тўхтаб қолмай десангиз газета ўқинг, ўқиганда ҳам шунчаки эмас, балки, маънавий озуқа олмоқ имкониятидан бебаҳра қолмаслик учун ўқинг!

   Муслима ЁДГОРОВА

Декабрь 3 2019

Халқ уммон

      “Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!”                 Абдулҳамид Чўлпон

Халқ уммонида улкан қудрат шайланади,

Имконлар топиб тўлиб-тошса эзгуликка.

Бирлашганида ғолиб кучга айланади,

Аждодлар донолиги даҳлдор мангуликка.

Қучоқ очиб халқ ичига борайлик илдам,

Азиз элни маърифатга чорлайлик ҳар дам.

Келажак авлодни чиниқтирар авайлаб,

Илму ирфон бўстонига масрур йўллайди.

Истиқбол учун эл тадбир қўллар атайлаб,

Юксак жаҳон айвонига қаддин бўйлайди.

Қучоқ очиб халқ ичига борайлик илдам,

Азиз элни маърифатга чорлайлик ҳар дам.

Камол топмоқ орзусида яшайди элим,

Порлоқ ҳаёт мезонида тарбия нажот.

Маънавият малҳамидан яйрайди дилим,

Фаровонлик, ободликни эл этса ижод.

Қучоқ очиб халқ ичига борайлик илдам,

Азиз элни маърифатга чорлайлик ҳар дам.

Ассалом, ўзбек халқим, овоз бер озод, ҳур,

Пешвоз чиқ, янги дунёга юксалиш сари.

Янгиланиш давронига қадам бос мағрур,

Инсон манфаати учун дастурлар бари.

Қучоқ очиб халқ ичига борайлик илдам,

Азиз элни маърифатга чорлайлик ҳар дам.

Халқим мангу китоб, битиклари буюкдир,

Бунёдкорлик жон-танига кетгандир сингиб.

Меҳмоннавоз, меҳри дарё элим суюкдир,

Тинчликсевар халқни сира бўлмайди енгиб.

Қучоқ очиб халқ ичига борайлик илдам,

Азиз элни маърифатга чорлайлик ҳар дам.

  Муслима Ёдгорова  17.11.2019 йил

Ноябрь 22 2019

Умр

Сезяпсизми умр оқиб кетяпти, у макон ва замонни  ўзанига оқизади, қирғоқлари ҳам имкони ҳам чексиз. Тўлқин пайдо бўлади сузмоқлик учун, юксалиши ҳам пасайиши ҳам унинг қисмати, сўнмоқлик оқибати ҳам бор унинг мавжудлигида.

Оқимга аралашиб кетиш ҳам, қатламларда қалқиб сузиш ҳам, лангар тизгини ҳам тўлқиннинг измидан ташқари. Тўлқин тўлиб-тошиб сузади, унинг ҳаракатини бошқариш мумкин-ми? Ҳатто, инон-ихтиёр томчиси оқим қанотида сузади, тебранаверганидан сира тиним тополмайди.

Орзу истаклар оқимини тартибсизлик бузади, қай бири сўнади, қай бири сузгичлар воситасида ушалади, англай олмайсан. Кутганинг тебранавериб кутилмаган мавжга айланиши мумкин. Тўфон туфайли алғов-далғов бошланади. Кутилмаган тасодифлар эса қуюн томонга тортади, шунда ҳар бир тўлқин айланма гирдобга эврилади.

Оқим йўл топиб кечаверади. Оқим қудуқни тўлдиргувчидир. Тўлқинлар сузавериб оқинга айланади. Покликка интилган оқин дайрга сингиб кетгуси, унда қалқиётган хумнинг эса тўлмоққа муштоқлиги бор. Умрни эзгулик, саҳоват, меҳр-муҳаббат тўлқинлантиради ва ундан ҳаёт оҳанги таралади.  

(дайр-маънавият олами, қудуқ-дунё, оқим-умр, тўлқин-инсон, хум-қалб) 

Муслима Ёдгорова 8.07.2019 йил