8 мая 2020

Ифор йўллайди…

Фазо ичра кўҳна Ер сузса,

Вақт сурати макондан ўзса,

Не тонг сиёҳ йўллайди менга,

Илҳом исён тугунин узса.

Уммон ила сўзлашгим келса,

Тўлқин бўлиб сизлашгим келса,

Не тонг мавжлар йўллайди менга,

Ирмоқ ила бўзлашгим келса.

Оташ бўлиб топмоқлик учқун,

Излаб-излаб етмоқлик учун,

Не тонг шамлар йўллайди менга,

Куйиб адо кетмоқлик нечун.

Ранглар билан тиллашгим келса,

Ёрқин туслар улашгим келса,

Не тонг жило йўллайди менга,

Камалак-ла диллашгим келса.

Гул-ғунчалар гўзаллик қучса,

Булбулларнинг ноласи учса,

Не тонг ифор йўллайди менга,

Қалбим наво туғёнин ичса.

Унсиз суҳбат истаса кўнгил,

Изтироблар устаси кўнгил,

Не тонг савол йўллайди менга,

Сокин дамлар хастаси кўнгил.

Шуъла порлаб ёғади гўзал,

Нома бўлиб келади ғазал,

Дунё сузиб ўтса оҳиста,

Маҳзун боқиб қолади азал.

Муслима Ёдгорова 6.05.2020 йил