23 апреля 2020

Эман

Улкан эманнинг қучоғи мисли кенг ковак,

Боқсам ҳайбатли танаси тилим ва ғовак.

Япроқларда ёшлик шўх-шўх хаёллар сурар,

Оғочида қуруқшаган кексалик мудрар.

Туб-тубида илдиз отган ўтмишнинг акси,

Шохларида ҳилпирайди келажак саси.

Ҳар дам зимдан симиргайдир мавжудлик дардин,

Ажаб, нур эмиб туяди кўкламнинг қадрин.

     Муслима Ёдгорова  23.04.2020 йил

23 апреля 2020

Ҳақиқат ва адолат чизиғи (мулоҳаза)

Нормал-ҳақиқат, перпендикуляр эса адолат чизиғига ўхшайди. Нормал ётиқ чизиқ бўлса-да гўё тийрак ва ҳақиқат ҳукмига тўла ҳикмат тасвири. Перпендикуляр тик чизиқ бўлса-да воқеа, ҳодиса, вазият тақозосига кўра қияланиб туриб ҳам адолат ўрнатиш мавқеига эга ўткир тиғ мисоли. Уларнинг мужассамлигида ҳосил бўладиган бурчак инсоннинг ҳуқуқ ва бурчи меъёрини ифодалайди.

Ҳуқуқ ва бурч орасида адолат чизиғи посанги кабидир. Аммо, меъёр бузилишига олиб келувчи ҳар қандай оғишлар қинғирлик ҳисобланади. Унутилган бурч туфайли ҳуқуқ талаби ҳаддидан ошаверса ҳам, ҳуқуқни поймол этувчи бурч юки ҳаддан зиёд босиб эзаверса ҳам адолатсизлик авж олаверади. Адолат чизиғининг ҳадни ўз ўрнида тутиб тура олиши айни ҳақиқатдир.

Ҳар қандай ноқонуний оғишлардан инсонларни хушёрлик ва ахлоқ қутқаради. Ҳақиқат ва адолат қонуни ҳаёт тарозисининг меъёр мезонида мужассам эмас-ми? Тарози мувозанатини бузмаслик учун унинг ишонарли ва аниқ меъёр тошини тўғри танламоқликнинг аҳамияти беқиёсдир. Адолат ўрнатиш учун ҳақиқатга таяниш шарт.

Муслима Ёдгорова  23.04.2020 йил

14 апреля 2020

Хотиржамлик-инсоннинг ички бойлиги

Биз олам бағридаги туташ чамбарак ичида тириклик зарралари мисоли сочилганмиз. Яратганнинг амри ила тарих ғилдираги ўз маромида ғилдирайверади, баъзида тасодифий фалокатлар рўй бериб, дунёни ларзага солади.

Аслида ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси синов. Хурсандчилик онлари ҳам, оғир мусибатли дамлар ҳам биз учун қаноатимиз, сабримиз, тоқатимиз имтиҳонидир. Барчани ташвишга солган вирус инфекцияси хуружини енгиш учун туну кун оғушида уйда қолмоқ энг мақбул иш ҳисобланади. Ана шундай пандемия пайтида Шайх Оиз Ал-Қарнийнинг: “Уйинг сенга кенг бўлсин!”, деган сўзлари барчамиз учун мададкор бўлмоғи шубҳасиз.

Хўш, ўз уйини кенг ҳис қилмоқ учун инсонда қандай хусусиятлар мужассам бўлмоғи лозим? Энг муҳими инсонда кўнгил хотиржамлиги ва осойишталиги ҳамда бағрикенгликнинг муқим топганлиги. Чунки, хотиржамлик-кишининг ички бойлиги ҳисобланади.

Карантин давридаги яккаланиш жараёнида ўзни ёлғиз, яъни хилватда ҳис қилган киши эзгу фикрларни ўз онгида жамлай олади, зеҳни ойдинлашади, тозара бошлайди. Барча-барчага ўзига хос узлат ва хилват фурсати тақдим этилганлиги рост. Узлат деганда чекиниш тушунилади, хилват эса хаёлан Аллоҳ ёди билан ёлғиз қолмоқликдир. Инсоният соғлигига катта хавф солиб, таҳдид қилаётган бошвоқсиз “унсур”дан узлат қилиш илинжида оломондан, унинг ғавғосидан, қусурларидан, қалбга ғулу солгувчи йиғинларидан узлатга чекиниш нақадар оқилона тадбир.

Кўнгилни бузгувчи иллатлар бўлмиш жоҳилликдан, ёмонликдан, бекорчиликдан, фитна ва ғийбатдан фориғ бўлиш йўлларини излаш фурсати етгандир, балки. Узлат ва хилват чоғида фикрларни жамлаш орқали кўнгил хотиржамлигига эришиш, китоб ўқиш орқали ҳикмат дурдоналарини қалбга жо этиш имкони мавжуд. Уйда қолиб ўз қалбингиз билан яхши сўз ва амаллар рўёби ҳақида пинҳона суҳбат қуринг. Ички оламингиз қай аҳволда эканлиги ҳақида ўйлайдиган, уни жаҳолат ғуборларидан тозалайдиган, ўз нафсингиз ёмонликларига қарши курашга кўнгилни чорлайдиган пайтни ғанимат билинг. Унда ўз-ўзини тарбиялаш мезонлари мавжуд. Бу ўткинчи дунё алдовлари тузоғига тушмаслик, мусибат ва қийинчиликларга сабр-тоқатли бўлиш, кам гапириб соғлом ақл-идок фикратига амал қилиш, жон ва танни ҳар турли иллатлардан асраш орқали умидбахш нур қувватини қалбан ҳис қилмоқлик ҳар биримизга насиб қилсин.

Уйда қолиб зерикмаслик чоралари бисёр, китоб мутолааси, телекўрсатувлар томошаси, ижод ва ҳунар илҳомларидан баҳраманд бўлиш, жисмоний машқлар билан шуғулланиш сингари ишлар ўз қўлимиз ва ихтиёримизда. Инсон ҳар қандай шароитда ҳаракатдан, меҳнат қилишдан тўхтамайди. Бу дунёда ҳамма нарса омонат, ҳар тун ўтиб, ҳар кундуз келади, булутлар шамолда сочилиб, қуёш саҳий нурларини ер юзига ёяди. Офтоб зиёсини сочаверсин, ҳар биримиз умид ва ишончни доимо қалбимизга тугиб яшашдан толмайлик. Уйимиз ҳам, бағримиз ҳам мўл-кўл кенгликда ёруғ оламимизга айлансин.

Муслима Ёдгорова   14.04.2020 йил

10 апреля 2020

Ҳаёт дунёси (қатра)

Дунёга келамиз, яшаймиз алал оқибат йўқсизлик олами-ғайб маконига сингиб кетамиз. Дунё барҳаёт экан мангуликка даҳлдордир.

Биз умр йўлида дунё манзараларини томоша қилар эканмиз унинг бир бўлаги эканлигимизни унутиб қўямиз. Бу манзаралар бизнинг хоҳиш-истагимизга кўра яралмайди, унинг тасвирлари онгимизда қайта уйғонади, томоша жозибаси эса бизга бир умр тинчлик бермайди. Ундан юз ўгирмоқ мумкин-ми? Ахир, биз инсонлар унинг ҳаёт тусли жилваси эмасмиз-ми? Дунёдан бахт номли ўтинчимиз бор, ундан таралаётган нурни симиргимиз келади. Дунёнинг не асрорлари бизни ўзига мафтун этади, шу билан бирга ўкинчимиз жумбоқлар тугунида қолиб кетади.

Дунё безакларига бурканамиз, унга мафтун бўлиб ўзимизни, уйимизни, атрофимизни ва қалбимизни безаймиз, безайверамиз. Аммо, баъзан безашдан аввал тозаламоқ ва тозаланмоқ амалини унутамиз, оқибатда ҳатто ўзимизни унутиб, ўз-ўзимизни таний олмай қоламиз.

Дунёнинг ҳаёт ўзанида умр кечирамиз, кунлар, ойлар, йиллар думалаб ўтаверади, ўй-хаёлларимиз ҳам юмалоқланади ва тутқич бермай думалайверади, биздан йироқлашиб. Думалоқ дунёнинг тутқичи йўқ, биз унга дастак ҳам, қирра ҳам бўлолмаймиз, унинг шаклу шамойилига мослашамиз ва тўгарак дунёда мақбул мувозанат излаймиз, холос. Аммо, иймону эътиқодда собит бўлмоқ, ҳаёт фалсафасини англамоқ, ўз қалбимизни улғайтирмоқ учун ўзимиз масъулмиз.

Дунёнинг туйнугидан ожиз боқамиз, сўқирмиз-ми, басирмиз-ми, буни англаш насиб қилармикан? Дунёнинг дарду ғамлари азоби кўнглимиз ғуборини аритармикан? Ишқ оташида куйиб унинг маҳзун дарёсида ғарқ бўлармиканмиз? Дунёнинг ҳусни ҳам нуқси ҳам ошиққагина гўзал кўринади, унингдек мубталонинг суйгани ҳам куйгани ҳам рост.

 Муслима Ёдгорова 13.11.2019 йил

10 апреля 2020

Ҳикмат ўчоғи (бадиа)

Оловнинг бошида тутун буралиб ўрлайди, пойида кул қизийди, шундан-ми олов ва ўчоқнинг суҳбати қизигандан қизийди. Олов оташи туфайли ўчоқ тобланади, тинмай тобланаверади, пишавериб ҳаттоки ғаройиб тарзда туси ҳам ўзгариб боради. Аслида олов ўчоғининг қуввати-ю тутатқиси сири нимада?

Ёниб битмоқ ва шамолга соврилмоқ ўтиннинг қисмати. Ёнаётиб чарс-чурс инграйди, гуриллаб куй чалади, атрофга ёруғлик таратиб ўз дунёсига сокин боқишни истайди. Ўз шуъласида адл сийратини кўрмоқ истаб ял-ял товланади. Куйган бағрини яна ва яна ёқаверади, ёқаверади.

Оташкурак эса синов дардини шафқатсизларча зўрайтиравериб қайноқ илинжларини тўзғитиб юборади. Шунда гирдобсимон даҳанида ҳаво симиради ва ҳаволаниб қаддини тиклайди, ўчоқ деворларини қучиб силайди, сийпалаб ўзи учун макон кенгликларини топишга интилади.

Ўчоқнинг истаги гуриллаб ёнмоқ, тизгинсиз олов сеҳрига инонмоқ, совуб улгурган кулдан тонмоқ. Дунё ўчоғида ҳаёт қайнайди, қалб ўчоғида эса ҳикмат.

  Муслима Ёдгорова    8.04.2020 йил