31 марта 2020

Этюд

Бу синов фурсати экан-ми, оғир юк остида эзилган мисол хорғин ҳаво буғилиб, тўмсайиб олган. Гўё бундай маҳзун ҳолат ҳеч қачон ўтиб кетмайдигандек.

Тоқатсизлик туфайли ундаги хаос зўрайгандан зўраяверади ва тўзғийди. Қани эди сабр туфайли умид шамоли эса бошла-са, илинж соҳилида дард тугуни ечил-са. Балки, бутун борлиқ меҳру муҳаббат ила боқиши, табассуми гулдек ял-ял очилиши керакдир?

Ниҳоят кўк бетидаги қорайиб улгурган қат-қат кумуш пардани заррин найзалар илма-тешик қилди-ю, нур ёмғири севалай бошлади. Ҳаво эса уни симиришга тушди. Шунда рўшно илиқликдан Ерниннг юзи чирой очиб ёришди.

Муслима Ёдгорова  31 март 2020 йил.

                   Коронавирус. Карантин.

28 марта 2020

Асралиш фалсафаси

Тожли” вирус ўлим билан хавф солган бир даврда ҳар ким ўз қайиғига чиқиб олганлиги рост. Тинимсиз қалқиб, сузолмаётган турғунликда тек турмоқ осонмас. Атрофда ваҳм бўрон каби сузмоқда, ғулу кезмоқда қўрқувга бурканиб. Ҳаво кафтида ажал ташимоқда, изғиб. Шундай дамларда хавфли йўлларни ёпиб, фақатгина даво йўлини очмоқ энг мақбул асралиш имкони бўлгай. Ахир, эҳтиёт шарт, хушёр бўлиб оғзингни бекит, уйинг тамбасини маҳкам тут. Токи, яхши сўзлар ва эзгу ният учун лаб очмоқ фурсатини топиб, кўнглингни илит, фикрларингни мулоҳаза фазосида сарала, ўзингни маънан тафаккур илмига созла.

Вужудингни, яшаётган гўшангни озода тутмоқ нақадар муҳим бўлса, қалбингни тозаламоқ, кирланишдан сақламоқ ҳам шу қадар мажбурият ва масъиятдир. Тан ва дил поклигини ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилмоқ мақсадида қалқон ясаш муҳимлигини англамоқлик зарурият. Бу таҳдид “тожсимон” вирус тўфони-ми, пул суратидаги бойлик хуружи-ми, чанг солгувчи пора қармоғи-ми бари-барисининг ҳужумига қарши бизда иммунитет имкони етарли-ми? Бугун юзга тақилган ниқоблар кўплаб инсонларни  вируслардан асраяпти. Қани эди шундай ниқоб яратилса-ки, тилдан ёмон сўзлар учиб чиқишидан ҳимоя қилса… Қўлларимизни шу қадар иштиёқ билан ювяпмиз-ки зора, қалбларимизни ҳам ювишга самимий восита топа олсак…

Табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино: «Хотиржамлик-ярим соғлик, сабр эса шифонинг бошланиши»,-деган сўзларни бежизга айтмаганлигига амин бўляпмиз. Дунё касаллик васвасасида титраб, маҳзун тортган дамда хотиржамлик оғушида таянч топа олсангиз, билинг-ки унда ҳам жисман ҳам руҳан соғаймоқ қудрати яширин.

Барчамиз учун узоқлашиб туриб, жипслашмоқ фалсафаси бугун албатта асқотади, карантин талабида юқумли дардни енгиш умиди бор. Қудрат баҳш этгувчи Аллоҳ амри ила Халқ уммони ҳар қандай ғуборлардан фориғ бўлгай.

Муслима Ёдгорова   28.03.2020 йил

12 марта 2020

Ижод ҳақида сўз

                

Ижод сирли жараён, у ижодкорнинг қалбида, шуурида, тасаввурида уйғонадиган ўтли ҳис-туйғулар ғалаёнидир. Бу ғалаён ижодкорни гўё ўзгача оламнинг сеҳрли сарҳадлари сари етаклайди, кашф этиш сурурига ошуфта қилади.

Ҳо-ю ҳавасдан йироқ ижодий жараён шунчаки узуқ-юлуқ ҳис-ҳаяжонни ифодалаш эмас, балки тўлақонли мазмунни гўзал ва мутаносиб шаклга солиб тараннум этишдир.

Биз бадиий ижод ҳақида гапирар эканмиз, сўз санъати яъни, адабиёт-адаб илми ҳақида фикр юритамиз. Хўш адабиёт нимани ўрганади, вазифаси нимадан иборат? У ҳаётни ўрганади, образлар орқали сўзлар воситасида ҳаёт тасвирини яратади. Унинг вазифаси инсон туйғуларини тарбиялашдан иборат. Шу сабабли ижодкорнинг адабий билимлардан хабардорлиги, тинимсиз ўқиб, изланиши, маҳоратини ошириш учун қайғуриши унинг ўзининг туйғуларини сайқаллаштириб, маънавиятининг юксалишига хизмат қилади.

Абдулҳамд Чўлпоннинг сўзларига қулоқ тутинг: “Адабиёт чин маъноси ила ўлган, сўнган, ўчган, ярадор кўнгилга руҳ бермак учун, қонларимизга қадар сингишган қора балчиқларни тозалайдирғон, ўткир юрак қирраларини ювадурғон тоза маърифат суви, хиралашган ойналаримизни ёруғ ва равшан қиладурғон булоқ суви бўлғонидан бизга ғоят керакдир.”

Ижодкор ким? У ижод қилиш қобилиятига эга яъни, истеъдод соҳибидир. Ижод онларида ёзувчи гўё мафтункор, жозибали бир олам фазосида илҳом қанотларида парвоз этади, ўзининг таланти ва дунёқараши уни бошқаларнинг тасаввури етмаган самовий юксакларга олиб чиқади. “Унинг (ижодкорнинг) қўлида ўзгаларнинг қалбини оча оладиган калит бўлмоғи керак”. Илья Эренбург

Инсон қалбида дард тўлғонмаса ижод туғилармиди, ҳайрат кўз очмаса гўзаллик юз очармиди, завқ-шавқ жўш урмаса чин шеър яратилмоғи мумкин-ми? Ижодкорга нима керак? Талант, иқтидор, илҳом, бадиий маҳорат…шунингдек, унга инсонийлик, донишмандлик, ижодкорлик, руҳшунослик, кашфиётчилик, синчковлик, мўъжиза сеҳрига ишқибозлик каби хислатлар зарур бўлади. Илҳом келганда ижодкор қалбида туйғулар тошади, хаёлий жўшқинлик кучайиб, ички оламида  йилт этган чўғ алангалана бошлайди, ҳузурбахш безовталик бутун борлиғини қамраб олади ва у атроф борлиқни унутади. Ҳар қандай ижод маҳсулидан роман-ми, ҳикоя-ми, шеър-ми, ғазал-ми бари-барисидан ҳайрат, дид, янгилик, образлилик, бадиийлик, поклик, самимият, жонли руҳ кабилар уфуриб туриши керак.

Сиз қалам тебратиб ашъор битишни, мақола ёзиб уни чоп эттиришни истайсиз. Ҳавас сизнинг ўй-хаёлларингизни тинмай безовта қилиб, тўзғитмоқчи бўляпти-ми? Тўзғиган хаёлларингизни йиғиб олмоқ учун, тасаввурнинг ижодкорлик сарҳадларига етиб сайр этмоқ учун мутолаа дарёсига ғарқ бўлмоғингиз даркор. Сарафроз сўзларни сараламоқ, маънолар денгизи бўронларидан гўзалликка эврилиб чиқмоқ учун ўша жўшқин тўлқинлар ичра шўнғимоқ керак. Ижод фазосида сузмоқ илинжида унинг рангин ва ёруғ камалагига айланиб, товланмоқ нақадар муҳим. Ижод оташида ёниб, унинг тафтидан баҳраманд бўлмоқлик орзусида бўлсангиз аввало, ўз қалбингизда учқун ёқа олишингиз талаби борлигини унутманг. Ижод уммони соҳилида қолиб кетмаслик учун тўлқинга айланиб қулоч ота оласиз-ми? Ижод маҳсули бўлган бадиий асарларни кўп ва хўб ўқишга сабрингиз етарли-ми?

Бадиий маҳорат нима? Бадиийлик арабча “бадаъа” сўзидан олинган бўлиб, янгилик яратиш, ижод қилиш маъносини англатади. Маҳоратли ижодкор ўз ботинидаги фикр ва ҳис-туйғуларини таъсирчан сўзлар воситасида қаламга олади ҳамда гўзал сийратда ифода эта олади. Унинг тасаввур оламида ҳаяжон тўлқинлари мавжланади, илҳом баҳри жўша бошлайди.

Ижод бу-қалб меҳварини ёритувчи нур. Ижод бу-тасаввурдаги голографик тасвирлар жилваси. Ижод бу- қалбга илҳом тўлқини оққанидаги ҳилпираган туғ. Ижод бу-қалбдан тошган баҳр тўлқини. Ижод бу-қийноқ булоғидан симириб ичмоқ, азоб довонидан дард чекиб ошиб ўтмоқ, чексизлик уммонига қулоч отиб шўнғимоқ, олов тафтли саҳрода яйраб кезмоқ, хаёлотнинг сўнгсиз осмонида парвоз этмоқ, қувонч тоғларига тирмашиб чиқмоқ, зимистондан узоқлашиб, нурга талпинмоқ бўстонда ранг-баранг ва хушбўй гуллар сараламоқ ва инсонларга уларни дасталаб тутмоқ, ўз қалбига пинҳон сайр этиб, уни эзгулик нақшлари билан безамоқдир.

Мухтасар қилиб айтганда, ижод олами-сеҳрли олам. Бу оламга ошно бўлмоқ, назм ва наср гулшанида сайр этмоқ, наво куйларига жўровоз бўлиб, жозибасига ошуфта бўлмоқ, унинг гўзаллик маъвосига эришмоқликка ҳар бир қалам соҳиби мушарраф бўлсин, деймиз.

     Муслима Ёдгорова. 

12 марта 2020

Нурафшон дунё (Бадиа)

Табиатда ўта ўтказувчанлик, ўта оқувчанлик каби ҳодисаларнинг мавжудлиги кашф қилиниб, тадқиқ этилган. Сиз оламлар ичра ўта ҳашаматли олам мавжудлиги ҳақида эшитганми-сиз? Ўта сирли, беқиёс жозибали бу мунаввар дунёга олиб борувчи йўл қаердан бошланади?

У шу қадар нурафшон-ки, бамисли бошингиз узра муаллақ қалқиб туради, ўзининг сеҳрга тўлиб турган маконига  сизни имлайверади. Беиҳтиёр унга интиласиз, шунда нурли ёғинларни дил симириб тотади ва кўзингиз чақнаб, қалбингиз юмшайди. Аммо, унинг баланддан-да баланд чўққиларига элтувчи сўқмоқларни излаб топиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ўша баландлик иқлимига бир мўралашнинг ўзи сурурли, унга мушарраф бўлган эса фарахбаҳш туйғулардан масрур бўлгай.

Туйғуларингиз равшан тортиб, фикрларингиз тозаради ва муҳташам оламингиз беқиёс чирой очиб,  сизни юксакларга парвоз этишга чорлайди. Ундан таралаётган нафис садоларни тинглай олиш, унсиз имолари моҳиятини илғай олиш, гўзалликка йўғрилиб яралиш лаҳзаларини ҳис қилиш синоатларига ошно бўлмоқ илмини изланг. Ғуборлардан фориғ фазосида сузмоқ илинжида унинг рангин ва ёруғ камалагига айланиб товланмоқ нақадар соз.

Сўз сеҳрини туймоқ замирида олам меҳварига қалб кўзи билан боқмоқ, зийраклик билан жон қулоғини тутмоқ, тасаввур тизгинларини эшиб юбориб, уларнинг ортидан қанот қоқмоқ машаққатлари бор. Гўзаллик оламига ошно бўлолсангиз кўнгил мулкингизга ашъорлар, маъволар, наволар ёғилгай ва дил қулфингиз очилиб, сиз учун сайру саёҳат сарҳадлари мислсиз кенгликларга ёйилгай.

Ўткинчилиги лаҳзаларда намоён бўлишга улгурадиган мафтункор олам битикларини басир кўз-ла, тоза тил билан, самимий дил ила ўқимоқ ва уқмоқлик учун ботиний оламда зоҳир бўлмоқ мезони мавжуд. Унинг хушбўй ифори-ю, дарду ноласини, иқрорлик чизгилари-ю гўзал тасвирини мусаффо саҳифаларда нақшин этмоқликнинг ўзи нурафшонлик мужассам бўлишининг минг бир мўъжиза жилвалари эмас-ми?

          Муслима Ёдгорова 5.03.2020 йил