22 ноября 2019

Умр

Сезяпсизми умр оқиб кетяпти, у макон ва замонни  ўзанига оқизади, қирғоқлари ҳам имкони ҳам чексиз. Тўлқин пайдо бўлади сузмоқлик учун, юксалиши ҳам пасайиши ҳам унинг қисмати, сўнмоқлик оқибати ҳам бор унинг мавжудлигида.

Оқимга аралашиб кетиш ҳам, қатламларда қалқиб сузиш ҳам, лангар тизгини ҳам тўлқиннинг измидан ташқари. Тўлқин тўлиб-тошиб сузади, унинг ҳаракатини бошқариш мумкин-ми? Ҳатто, инон-ихтиёр томчиси оқим қанотида сузади, тебранаверганидан сира тиним тополмайди.

Орзу истаклар оқимини тартибсизлик бузади, қай бири сўнади, қай бири сузгичлар воситасида ушалади, англай олмайсан. Кутганинг тебранавериб кутилмаган мавжга айланиши мумкин. Тўфон туфайли алғов-далғов бошланади. Кутилмаган тасодифлар эса қуюн томонга тортади, шунда ҳар бир тўлқин айланма гирдобга эврилади.

Оқим йўл топиб кечаверади. Оқим қудуқни тўлдиргувчидир. Тўлқинлар сузавериб оқинга айланади. Покликка интилган оқин дайрга сингиб кетгуси, унда қалқиётган хумнинг эса тўлмоққа муштоқлиги бор. Умрни эзгулик, саҳоват, меҳр-муҳаббат тўлқинлантиради ва ундан ҳаёт оҳанги таралади.  

(дайр-маънавият олами, қудуқ-дунё, оқим-умр, тўлқин-инсон, хум-қалб) 

Муслима Ёдгорова 8.07.2019 йил

22 ноября 2019

Дард фалсафаси

У келди изтироб дунёсига, қийноқлар маконига. Кўзларида азоб учқун сочади, қулоғида шовуллайди оғриқнинг саси. Азоб унинг танидан жонига, жонидан руҳига, руҳидан ақлига тўлқинланиб гоҳ кучайиб, гоҳ сусайиб кўчаверади абадул-абад. Санчиқлар санчилар найзаси ўткир, борлиғини илма-тешик этаверади ва ўша туйнуклар орқали қайғу нолаларини чалаверади. У эса қувонч излайди ҳар бир ноладан, хушнудлик кутади, қани эди шодиёнага тўла дунё ўз эшиклари зулфинларини оча қолса-чи.

Аммо, изтироб кавлайди қалб ҳандағини, чуқурлик инграйди тубсизлик қаршисида. Оғриқ рангида унинг сомон ранги ҳам. У келди ғам юкидан елкаси яғир, қуёш яраларини бадтар куйдиради, жизғанак бўлмоғи тайин. Ахир у илиқ меҳрга ташна, умидвор, қани эди қалб мулки яхшиликка лиммо-лим тўлаверса-ю симиришдан чарчамаса.

Даво истаб тоғларга тирмашди, бироқ олов пурковчи лавалар каби оғриқ сизиб чиқди. Тоғларнинг ҳайбати шафыатсиз, сира дармон йўллашни истамайди.

Дарёда сузаверади тинмай тўхтаса, тўлқинлар исканжасида азоб тубига чўкмоғи мумкин. Қани эди тўлқин ҳимматга айланиб сафо уммонига чорласа.

Само бошини қисаверади, дунё торлигини намоён этгудек. Дардчил борлиғи яйраб ўйнаётган кенглик бағрига сингиб кетолмайди. Шунда дарду ҳасратлари дунёларга сиғмайди.

Товони тупроққа ботмайди, излари сакрайди санчиқ зўридан. Қочмоқ бўлиб кирган қалъаси парча-парча бир гўша, гўё қалб синиқларидан бўлгандек барпо. Унда хурсандчилик қаҳқаҳаси садолари синаверади, бўлакларга бўлиниб.

Ингради зилзила тангриси каби, зил кетди илинжнинг тугунларига. Уқубатдан безиган дил омонликнинг қадрига етмоқ истайди.

У келди оғриқ унда яшаши учун, қийноқларга ўсал бўлмоқлик учун. Беҳолликка суянса илинжлар ҳам қулайди. Қийноқлар саҳросида азоб довонидан соғ-омон ўтмоқлик мушкул. Булутлар бошига нажот бўлиб ёғмоғини истайди, лекин истаклари ночор боқади. Қудуқдаги сувдек кечими йўқ, дард чиқиб кетолмай ҳасратга айланади.

У ўз дардига ташҳис излаб қалб дунёсини кезди, қиёслади, хушёр тортди, саралади, гиёҳлар илмини излашга тушди. Ўз қалбига ҳамроҳлик йўлини тутди. Ниҳоят у кетди, дарддан фориғ бўлмоқлик умидини қалбига тугиб!

Муслима Ёдгорова 8.07.2019 йил

22 ноября 2019

Маъво сиёҳли мактуб

Ҳамнафас, ҳамоҳанг садо келсайди зора,

Дил мактублар битяпти сиёҳи маъво.

Битиклар нақшидан ожиз қалбимда яра,

Унсиз сукут садоси бўлолмас даво.

Йўллайверса номаларни изтироб ҳузур,

Бедорлик шукуҳини симиргай тинмай.

Гар безаса саҳифалар сатҳин баҳузур,

Кабутардек учгайдир қафасга инмай.

Севинч қанотларин қоқиб ҳислар учади,

Ҳаттот бўлолса уларга сеҳргар сўзлар.

Ишқ меҳри таралиб ошиқ дилни қучади,

Хўб тиниқиб кўролса равшан ҳар кўзлар.

Наво истаб қалқийверса кўнгил ашъори,

Тўлиб-тошиб нурларнинг оташ сирига.

Гўзалликнинг сийратига мосми шиори,

Эзгу донин сепади яйдоқ қирига.

   Муслима Ёдгорова 1.06.2019 йил

22 ноября 2019

Тасаввур вақти

Кеча кечиб кетди-ку ўтмишнинг қаърига,

Биз билан ёнма-ён ўтар бугун баҳузур.

Эртагини тўқиб эрта чорлар бағрига,

Хушёр тортгил ҳар кунида топмоқ-чун ҳузур.

Силсиласи мақомида кечгай ҳар фурсат,

Гарчи кўз очиб юмгунча ёниқ қорачиқ.

Ҳар исталган истиқболга бўлгайми рухсат,

Боқий замон дарвозаси тилсим- ланг очиқ.

Алғов-далғов йилларимнинг тўфони тонгай,

Бир маҳзун дамни йўқотиб қўйсам дафъатан.

Умримни чамалаганда ҳисларим ёнгай,

Сониялар соясида қолса дилу тан.

Изласам йўқликда ул суръатлар- шубҳам,

Ўз ҳимматин бирга олиб кетганми гўё.

Дун-дунёвий маконида қудрат ҳам мубҳам,

Ўзликни тополмаганда оламлар рўё.

Адашсам гар қўнғироғини чалмоқлик учун,

Хушвақт тиниқ лаҳзалар-ла чопади масрур.

Ҳар фазонинг ўз нурлари бобаста нечун,

Чарх ургайми ҳар дақиқа илоҳий унсур.

Балки мавҳумлик ҳам даврнинг қисмати-ройи,

Йўқлик гар интиҳо бўлса, ҳаёт бу имрон.

Чирпирак онлар инчунин сийлар баройи,

Тасаввур вақтнинг тасвирин чизолмай ҳайрон.

    Муслима Ёдгорова 23.05.2019 йил