Май 11 2019

Мансуралар (оқ шеър)

Баҳор осмонида булутлар хўмрайди, хўмраяверди, хўмраяаверди…

Борлиғидаги ғалаён туфайли қорайиб тундлашди.    Тундлик оғир юк! Ниҳоят тўлиб-тошганидан дув-дув, инжулаб   тўкила бошлади. Дурсимон томчиларнинг шивир-шивири атрофга мунис қўшиқ бўлиб таралади. Жала тунни ювди, кунни ҳам ювди, юваверди, юваверди…

Булутларнинг сўкилиб кетган бағрида қўққисдан кучли учқун чақнаб, гулдуракнинг дағал товушидан ҳаво зарраларининг тинчи бузилади.

Аммо, қақроқ тупроққа, дов-дарахтларга дармон йўллаганидан хушланиб, булутлар шаффофлаша бошлади.

Атрофни ювиб ўзи ҳам тозарди гўё. Беғубор томчи ва турфа нурлар жилоланиб, зиёга тўла Қуёш аста-секин жилмая бошлади,

жилмаяврди, жилмаяверди.Гўзалликнинг бағри кенг, чексиз, унга мукаммал олам яхлит борилиғича сиғгай.

                                               *  

Тупроқ остида уруғ ётарди, уйқусираб, зулмат қўйнида адашган ҳаёт заррасидек. Унинг тўла-тўкис мағзи ниҳоят етиб келган замин тўлқинини ҳис қилди, гўё. Тупроқнинг нафаси зимдан уфурди, қум зарралари билан дардлашишдан унинг қуввати янгилана бошлади.

       Қуёш нурлари унинг қобиғини титрата бошлади, у эса сирли наволарни қониқиб симиришга тушди, симираверди, симираверди. Бутун борлиқ хушёр тортди… Табиатнинг таъби хушланди, хушланаверди, хушланаверди.  У учун қобиқни ёриш энди муаммо эмас, аммо, қай пайтда лаб очмоқлик, қай пайтда кўз очмоқлик, қай пайтда юз очмоқликнинг меъёрига мослашмоғи муҳим.

       Ичдан ташқарига дарча очиб, қоронғулик бағридан ёруғлик сари униб чиқиш машаққат. Ажабки, машаққат ва ҳаракат туфайли у кўкаради ва яшайди.

Май 11 2019

Баҳор-да, баҳор

Дов-дарахтлар гуллади, оғоч гуллади,

Ниш урибон куртаклар, гуллади ниҳол.

Бодом лаб очмоқ учун қийғос гуллади,

Шода-шода ғунчалар тебрангай хушҳол.

Юз очган баҳордин яноғинг гуллагай,

Гўзаллик кўз очиб қабоғинг гуллагай.

Навбаҳорга пешвоз чиқ, гуллаб келяпти,

Ва фасли яшнатувчи ҳамрозга шайлан.

Янгиланиш номасин йўллаб келяпти,

Ишқ оташи ёндирган дилрозга айлан.

Кулиб боқсанг баҳорга чеҳранг гуллагай,

Нур сочиб оламга дил баҳринг гуллагай.

Бағрингда гулбаҳорнинг насими эсса,

Қалдирғочлар тегрангда этгудек парвоз.

Хушбўй таратиб дилда баҳорой кезса,

Қалб қўшиғингга булбул бўлгай жўровоз.

Кўклам бўлиб яшнаган сийрат гуллагай,

Мусаффо ул ботинда тийрат гуллагай.

Май 11 2019

Тўлқинли дунё. Қатралар

  • Фикр –тўлқиндир, у онгимиздан тўлқинланиб учади, унсиз бўлсада тасвирга эга. Фикрат жиловига хушёр бўлгилки, ёмон сўзлар ва ёмон амал тимсолига айланмасин.
  • Денгиз тўлқини зарралардан иборат бўлгани каби, бизнинг умримиз вақт зарралари тўпламидир, балки;
  • Тўлқинда кўтарилиш ва тушишлар мудом алмашиниб тургани каби, инсон умри ҳам бир текис кечмайди;
  • Тўлқин сузишдан чарчамайди негаки, қулоч отиб тўлқинланиши унинг мавжудлик шартидир;
  • Тўлқиннинг юқори чўққиси — ҳузур-ҳаловату, пастки чўққиси — алам ва қайғу-ми?!
  • Тўлқин тўлқинларда сирпанади, тўлқинлар қуршовида тинмай мавжланади, инсон ҳам ҳаётда инсонларга суянади, жамият ичида ҳур ва бахтли яшай олади;
  • Олимларнинг аниқлашича денгизда солитон номли ажабтовур тўлқинлар ҳосил бўларкан. Уларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, улар бир-бирига халал бермай сизиб ўтиб сузавераркан. Уларнинг макон талашмаслиги бир мўъжиза;
  • Ёруғлик ҳам аслида тўлқиндир, турли рангларда товланувчи. У тўлқинланса унинг шуъласи бизнинг кўзимизга ва қалбимизга нур бахшида этади;
  • Инсоният абадул-абад кўзга кўринмас тўлқинлар гирдобида тулқинга айланиб яшайди. Телефон, радио, телевидения, интернет алоқалари негизида тўлқин воситалари ётади;
  • Гўзаллик ва меҳр туфайли қалблар тўлқинланади ва тўлиб-тошиб эзгулик тўлқинларини ўзига жалб этиш хислати инсонийлик мезонларига мос тушиши ҳақиқатдир. Гўзалликдан баҳра олиб гўзаллик яратиш, меҳр бериб меҳр олиш умр мазмунидир;
  • Вақти соати келиб руҳинг тўлқини ёруғлик тўлқинига сингиб кетар, балки. Шунда, ишқ жилваси тўлқин толасида намоён бўлса ажабмас;
  • Яхшилик ҳам ёмонлик ҳам тўлқиндир, сизга келгувчи ва сиздан кетгувчи. Фақат ёмонлик тўлқини жаҳолат тўфонига туташ бўлиб, бузғунчиликка мойил бўлади. Яхшилик тўлқини эса, покиза ва ҳаётбахш қувватга эга эпкиндир. Ўзингизни яхшилик тўлқинига созлай оласизми?!
Май 11 2019

Драблллар

      Унинг бир бети ташқарига, бир бети ичкарига қарайди. Ташқари совуб, ичкари исий бошлаган эди, ички юзидан дув-дув томчилар оқа бошлади. Бу исиган ҳавонинг совуққа учрагандаги изтироблари эди…

                                            *

Автомобилга ўрта ёшлардаги бир аёл чиқди ва бўш ўриндиққа ўтирди. Аста-секин машинанинг ҳаракати тезлашган эди, ҳалиги аёл ҳунграб йиғлаб юборди. Ҳамма ҳайратланди… Шунда бир йўловчи унинг ҳолатидан ажабланиб,”-Келинг сиз менинг ўрнимга ўтиринг”-деб, жой бўшатиб, ўзи ўша аёлнинг ўриндиғига ўтиб ўтирди. Йўловчи ойнадан ташқарига боқиб, тескари томонга ҳаракатланаётган манзарадан қалбида безовталик ҳис қилди.

  Аёл эса тинчланиб, ойнадан ташқарига бамайлихотир қараб қолди. Гўёки, энди вақт тўғри томонга оқаётгандек…

Май 11 2019

Инсоннинг руҳият экологияси

Бу азим дунёда ҳар бир давлатнинг ўз ҳудуди бўлгани каби, ҳар бир инсоннинг шахсан ўзига тегишли маънавий ҳудуди мавжуд. Мамлакатнинг ҳудуди тегишли қонунлар асосида қўриқланади, ҳимоя қилинади.

Инсонийлик экологиясини авайлаб, асраш, фитна ва қабоҳат тузоқларидан ҳимоя қилиш, унинг эзгуликка тўла борлиғини тоза сақлаб, уни эъзозлаш ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрганмисиз?

Инсоннинг ички олами ҳудуди бу — унинг руҳий оламидаги ўй-хаёллари фазоси, ишқдан яралган ҳур уммони, нафис орзу қанотлари, тафаккурининг ўзанлари, юрак қўридаги иймони, истеъдод чўққилари, ирода қалқони, дунёқарашининг одил мезони, дилистони бўстони, хотирот бисоти, ақлий қуввати, кўнглининг обод довони, ўзигагина хос таъбу табиати, эзгуликка тўла қадрият дунёси, қалбидаги яхшилик тўлқинлари, инсонийлик маъвоси, ширин жонли нозик ҳилқати кабиларнинг бепоёнлиги.

Унинг мусаффо ўй-хаёллари фазосини тўзғитишга, мовий ишқ уммонини тўфонга айлантиришга, нафис орзу қанотларини мажруҳ қилишга, тафаккурининг тўғри ўзанларини издан чиқаришга, юрак қўридаги ёрқин иймонини сўндиришга, истеъдод чўққиларига тош отишга, ирода қалқонини синдиришга, дунёқарашининг одил мезонини бузишга, дилистони бўстонига разолат уруғларини сепишга, ҳикматга йўғрилган хотирот бисотини шикастлашга, қалб ойнасига ёмон ниятда кўз тикишга, ақлий қувватига раҳна солишга, кўнглининг обод довонида изнсиз кезишга, ўзига хос таъбу табиатини камситишга, эзгуликка тўла қадрият дунёсини топташга, қалб тўлқинидаги яхшиликларга ғов бўлишга, инсонийлик маъвосини хўрлашга, ширин жонли нозик ҳилқатини сотишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Жамият инсоннинг ички экологияси муҳитидаги ғуборларни тозалаш борасидаги ўзининг саъйи-ҳаракатига кўмаклашишига доим тайёр.

Аммо, инсон ўзлигини ва ўз-ўзини асраши, ички оламини ҳимоя қила олиши лозимлигини англаши лозим. Бунга билимларни эгалламай, яъни китоб ўқимай туриб, юксак маънавий баркамоллик сари собит қадамлар билан интилмай туриб, ички рағбатсиз, ички қувватсиз, ички курашсиз эришиб бўлмайди.