Май 12 2019

Юздаги моҳ

Кўнгил боғида баҳори гуллаганлар кўп,

Туйғулари самимий-ю дилда тала-тўп.

Ичда ободлик, маъсумлик масъул,

Юзда нафислик, ҳаёси мақбул.

Қалби изғиринлилар бор, фасли баҳорсиз,

Ўйлари тўкилган хазон, асли оҳорсиз.

Ичдан нураган, янгиланиш ёт,

Юзда чизгилар чекади фарёд.

Янгиланган сурурли бир баҳорга айлан,

Эзгуликлар куртаги-ла пайвандга шайлан.

Ичда шам ёқиб этсанг нурафшон,
Юзда моҳ жилва қилгайдир ишон.

Май 12 2019

Маъво тўлқини

Қудуқда қалқмокда кўза бетиним, ожиз,

Ғавғолар кўза кўзларин мумлайди гоҳ-гоҳ.

Ва азобу изтироблар эмасдек бежиз,

Қалбда эзгулик гуркираб ёнмаган огоҳ.

Поклик тимсолидан ярқирагай ичу юз,

Обу оташда ғуборин эритса Илоҳ.  

Илҳом авжи оқимида сузса ғалаён,

Шаксиз тезкорлик ортидан қулочи илдам.

Бир мавҳумот сўлимлиги бўлгайми аён,

Ҳилпираган хаёллари сузгичга ҳамдам.

Жўшқин оқинларда кўчганда баён,

Ажаб, тўлқинлар қайларга сингар дамо дам.              

Кўза дарё бўйида қолмасин дея зор

Ирмоқ туташган жойда ғарқ бўлсайдим зора.

Қовжироқ азобларидан етса ҳам озор,

Ёрқин шуур илинжида сўлсайдим зора.

Тўлқинланган туйғуларни этганда изҳор,

Сурурваш нурга сингибон тўлсайдим зора.

Дарёи мавж тўлқинида оққим келади,

Мафтунингман синоатда қалқиган маъво.

Оқим толасига эниб боққим келади,

Топгудайин ҳайратланиш машқидан маъно.

Зарра қувватидан оташ ёққим келади,

Гар, нафосат оҳангларида таралса наво

Май 11 2019

Булоқ

Булоқда қайнасам мен мўътадил бўлиб,

Илиқлик ичади руҳим қониқиб.

Ва, оқсам томчиларда оҳангга тўлиб,

Шаффоф туйғулардан яйраб, тиниқиб.

Булоқнинг кўзларида кўзларим қолгай,

Гўзаллик соғинчи бўлибон мангу.

Тоғнинг метин бағрида изларим қолгай,

Гар, булоқнинг тубидан тополсам инжу.

Булоқлар сой йўлига қуйилар бетин,

Тошу дарахтларни сийлаб оҳиста.

Агар кўз очмаса ҳеч тошарми ботин,

Уйғоқлик фаслига бўлиб пайваста.

Булоқда яшайди-ми мўъжиза сузиб,

Ҳайрат сийратига боқаман масрур.

Эврилиб чиқаверса юзага сизиб,

Чашма сувидек оқаверар шуур.

Май 11 2019

Изладим

Кўнгилдан кўнгилга йўл, йўллар изладим,

Азим йўллар айқашган, адоғлари йўқ.

Тутмоққа бир забардаст қўллар изладим,

Курашга эврилган чин қадоғлари йўқ.

Кўнгилдан кўнгилга қиёслар изладим,

Ишқдан –да ўзгача ҳеч бир шаштлари йўқ.

Мос бўлиб очилган қийғослар изладим,

Ёнма – ён қўйса ҳам ўхшашлари йўқ.

Кўнгилдан кўнгилга дарчалар изладим,

Ул ичкарига кирмоққа изн бўлмади.

Вафо достонига парчалар изладим,

Чизилган акс тасвирнинг изи бўлмади.

Кўнгилдан кўнгилга дардлар изладим,

Атойи ишқдан ўзга даволари йўқ.

Кўнгил куйчисига ёр фардлар изладим,

Кўнгил мулкидан ўзга наволари йўқ.

Кўнгилдан кўнгилга тимсоллар изладим,

Мезонлари ўзгача, бошқача маъни.

Бир-бирига ечим мисоллар изладим,

Ғурури ўзгача-ю, бошқача шаъни.

Май 11 2019

Қувват

Бир-бир босган изларим юрар оҳиста,

Мен ҳеч боролмаган жойларни кўзлаб.

Ўй-у ҳаёлларим ҳам учар шоҳиста,

Мусаффо тонгларнинг шавқини сўзлаб.

Руҳ огоҳ суворийдир жон маконида,

Кўчиб юргудайин айланиб такрор.

Чорловлари бор ҳаракат имконида,

Агарда ҳикмат топсам муносиб, тагдор.

Айлана чизгилар-ла безайди тинмай,

Таннинг теграсини ижобий қувват.

Умр ҳам оқар замона зайлига инмай,

Мозий чархига хос роҳат-уқубат.

Дун-дунё майдонида кезсам мен огоҳ,

Вақт сакрар манзара чизгиларида.

Ҳар дам ёмон қусурлардан тилайман паноҳ,

Иймон деб аталмиш тизгинларида.

Гар, юраверсам йўллар елка тутгайми,

Қаварган товоним изтиробига.

Овозимни йўлласам кимдир кутгайми,

Хуш тилаклар етиб оби-тобига.

Боқсам, кўзлар қароғига муҳр бўлгайми,

Яхши амалларнинг нурли қуввати.

Меҳру оқибат риштаси зуҳр бўлгайми,

Гар, зиёланса шуурли қуввати.