Май 12 2019

Янгиланиш

 Сой бўлибон оқаман, оқавераман,

Сукутнинг оҳи дардчил чўкар шарқираб.

Нур сеҳрини тиниқиб уқавераман,

Ойнинг шаффоф сояси сузар ярқираб.

Теранроқ илдизларга етавераман,

Дов-дарахтлар тутмангиз оёқ-қўлимни.

Нур энган манзилларга кетавераман,

Ўтинчим бор, тўсмангиз умид йўлимни.

Томчи бўлиб кўкларга кўчавераман,

Шукроналик қалбимни чўлғаган ҳар дам.

Уммон шавқини қониб ичавераман,
Тўлқинларга айланиб сузсам дамодам.

Маконни янгилагай замон нафаси,

Бу ўткинчи дунёнинг ўтинчи бўлиб.

Покланмоғу тозармоқ кўнгил сафоси,

Гар, ёғдуга интилса нурларга тўлиб.

Май 12 2019

Хуш келдинг янги йил

Янги йилни кутмоқ учун йўлга чиққанмиз,

Мўъжиза овунчоқ, қутловлар тилда.

Яхшилик савобларидан бисот йиққанмиз,

Хотиралар ҳамроҳ, ҳамдимиз дилда.

Эски йилнинг йўли тугар айни чорроҳда,

Мавриди келганда давру давроннинг.

Фасллари айлангай гир-гир чирпирак роҳда,

Ҳафталари туташ илдам гавроннинг.

Дақиқа-ю сониялар бонг урар унсиз,

Ёруғ келажакка авлод васила.

Саҳарда ёришмас тонг ҳам қоронғу тунсиз,

Мозий зарварағида аср силсила.

Ҳар янгиланиш ярашгай боқий оламга,

Хуш келдинг янги йил, ойлари тахмон.

Елдирим кунлар чизги бўл ожиз қаламга,

Коинот ичра биз лаҳзалик меҳмон.

Май 12 2019

Мўъжиза

Кўзлар саралайди ҳарфлар нақшини,

Тинглай ол таралган сўзлар баҳсини.

Ўз-ўзинг тера ол маъно нақдини,

Соз эрур очолсанг дилнинг баҳрини.

Қаламдан қолган у излар мўъжиза,

Китобат бетида юзлар мўъжиза.

Изтироб яшайди сўзлардан тониб,

Қувонч яйрайди ҳарфлар бўйида.

Сеҳр меҳри жўшади кўзлардан қониб,

Парилар уйғоқдир илҳом ўйида.

Қаламдан қолган у излар мўъжиза,

Китобат бетида сўзлар мўъжиза.

Ўқийсан, белгилар улашиб кетгай,

Уқасан, гапларнинг мағзини чақиб.

Китобат сайрига сабронинг етгай,

Қара, пешонангга диққатни тақиб.

Қаламдан қолган у излар мўъжиза,

Китобат бетида кўзлар мўъжиза.

Ҳаётнинг нусхаси тин олар унсиз,

Умрлар чизгилари жимирлар унда.

Битикларни ўқиб бўлинг мамнун сиз,

Компьютер ёзғичдир ҳозирги кунда.

Монитор сатҳида нурлар мўъжиза,

Китобат бетида дурлар мўъжиза.

Май 12 2019

Камалак томади

Рангин нурлар жилоси етиб тобига,

Камалак томади кўксим гирдобига.

Нурлар симиргувчи гулоб бўламан мен,

Ишқ жилоси учун кўлоб бўламан мен.

Гулнинг тиканидан оҳ сизиб томгайдир,

Ошиқлик ловуллаб, гоҳ қизиб томгайдир.

Ул биргина гул учун гулзор бўламан мен,

Ҳам, ишқ баёни учун изҳор бўламан мен.

Бул кўнглим маъвосига оҳанг томгайдир,

Ҳайратга йўғрилган не ҳанг-манг томгайдир.

Дилёрларга хушнуд нола бўламан мен,

Ишқ ара очилган лола бўламан мен.

Офтоб нурлари тафтидан меҳр томгайдир,

Ёраб, кўзлардан кўзларга сеҳр томгайдир.

Ҳар дам яхшиликка ошно бўламан мен,

Эзгулик мадҳига иншо бўламан мен.

Гўзаллик баҳор бағрига гуллар чизгайдир,

Сулув бўлиб яшнаган йўллар чизгайдир.

Ёниб, куйиб сайраган булбул бўламан мен,

Ишқ ичра севимли сунбул бўламан мен.

Май 12 2019

О, ишқ

О, ишқ ундинг, нурларинг порлади маҳзун қалбимда,

Ва, гўзалликка тугал айланди борлиқ.

Ёниқ ул шуъланг маъво чорлади маҳзун қалбимда,

Ошиқ дилга ярашгай ёрқинроқ ёрлиқ.

О, ишқ эндинг, қизариб қизғанди  жизғанак у рашк,

Не титроқ тўлқинида тебрангай ҳислар.

Ўртанган қалбимни эзганида ёввойи бу рашк,
Тола-тола торида тоблангай ҳислар.

О, ишқ ёндинг, ёндириб беқарор жону жаҳоним,

Олов менимда-ми, мен ё оловдаман.

Тутаган оҳларим учганида лолдир даҳоним,

Оташ йўлга тушдим, рўё оловдаман.

О, ишқ тондинг, маънолар яширин, бекинди дунё,

Излашга ошиқдим, азоблар илашди.

Ҳайқирдим, келмади бирор бир ё садо ва ун ё,

Қалб ҳукми аломатлар ила тиллашди.

О, ишқ қондинг, қалбим гулобини нўш этиб хушҳол,

Қўққис хушёр тортганда сиру синоат.

Дил майлига тутгил ишқ шаробин  бахш этиб хушҳол,

Ҳадду чексизлик ичра топгум қаноат.

О, ишқ ишон, эркимдан айрилиб қолганим аниқ,

Тимсолингга шайланиб турган онимдан.

Булоғингдан ҳовучлаб олганим, ҳисларим тиниқ,

Гар, ошиқлик мақоми оқса қонимдан.