Март 16 2019

Най бўлибон…


Ёрқин тонг бўлибон кўзимни очсам,

Ҳар гал қаро тун мендан аразлаб кетди нарироқ.

Самимий ирфон бўлибон меҳримни сочсам,

Яхшилик доим шафоат бўлиб келмас берироқ.

Сабо эдим бўронларга қоришиб кетдим,

Сокин булоқ эдим дарёларга қуйилдим жадал.

Иймон ила ҳаловатга эришиб етдим,

Бироқ, қай бир ғубор учун ҳануз тўлайман бадал.

Мен бир тоғман оғирлигим ўзимга жазо,

Бир уммон бўлибон ўз-ўзимга чўмилолмайман.

Яқиним ҳам йироғим ҳам чексиз бир фазо,

Гулзорману нафис гулбаргларга кўмилолмайман.

Ҳаёт чизгилари тадбир ҳукмини демас,

Қайсар вақтнинг тўфонида азиз умрим қалқийди.

Хуш келибон хуш кетмоқлик измимда эмас,

Аммо, минг бир тусда товланиб умид балқийди.

Най бўлибон наволарим бахшида этсам,

Сархуш оҳангларнинг оғушида тўлқинлангай дил.

Қадр топибон ишқ куйининг қадрига етсам,

Саодатманд эзгу тароватга тўлади кўнгил.

   Муслима Ёдгорова     22.05.2018 йил

Март 16 2019

Ҳуснингда бир ишқ

 Аёл, сенинг кўзларингда ишқ мўралайдир,

Ташна чашминг чароси порлайди қиё.

Маъсумона назарингда рашк қуралайдир,

Гар, гўзаллик қароғингга бўлса маҳлиё.

Ул ўт устида бодом қабоғинг гуллайдир,

Унда киприклар нишлари  посбон сафма-саф.

Малоҳатда яноғингни қирмиз қўллайдир,

Кулсанг ғунчалар ичинда ярқирар садаф.

Аёл, ҳилқатингда меҳру иффат тугилгайдир,

Ой жамолингга таърифу тавсифлар ҳам шай.

Қошингнинг камонида ёйлар эгилгайдир,

Тим қаролиги тус бўяб керилгай атай.

Аёл, сенинг ҳуснингда бир ишқ яралгайдир,

Муҳаббат қўйнига чўкар телбалик ожиз.

Олам меҳварида ноёб куй таралгайдир,

Ҳаётнинг сўнгсиз тўлқини эмасдир бежиз.

Вафо, садоқатингга фусун ярашгайдир,

Ва, кўҳлик чеҳранг кўркида аъло дудоғинг.

Зиё жилвасидан ўз қалбинг ёришгайдир,

Гар, ҳаё, ибо рукнида олсанг сабоғинг.

       Муслима Ёдгорова   2.03.2019 йил