Январь 26 2019

Мажнунтолга…

Соғинчим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Иқрори эгилган жолаларида.
Ишончим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Илдизга сингиган толаларида.

Ёнишим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Ям-яшил товланган суратларида.
Тонишим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Баргидан айрилган фурсатларида.

Кўнишим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Умидим тизилган япроқларида.
Унишим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Пойида сой сузган тупроқларида.

Ғурурим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Заминга эгилган ҳар шохларида.
Сурурим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Сабода таралган минг оҳларида.

Суҳбатим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Бош эгиб, тин олган сукутларида.
Ҳайбатим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Қаддига битилган шукуҳларида.

Яшнашим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Баҳори кетмайди унинг танидан.
Қувнашим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Анҳори кетмайди унинг ёнидан.

Муслима Ёдгорова 19.01.2019 йил