Август 27 2018

Нурга тўлгил

Кўнгил тўлсанг-да тўкилма зинҳор,
Ичкарига оққали оқимлар топгин.
Изтиробинг ҳеч этмагин изҳор,
Оғриқларни таққали тақимлар топгин.

Кўнгил сўлсанг-да хорланма асло,
Ишқ жомидан қониб нўш айлагил, майли.
Уйқу элтган дилларга зорланма асло,
Яшармоқ хушёр кўнгил тилаги, майли.

Кўнгил кулсанг-да шодлик йўсини,
Сурурваш дамларингнинг қурбони бўлгил.
Эзгу ўй, фикрлар иймон тўсини,
Яхшиликлар таратган нурлага тўлгил.
Муслима Ёдгорова

Август 27 2018

Дунё

Бақамти оламларда ҳаёт ўзгача,
Ҳар бир думалоқ заррасининг бори-зори ишқ.
Мавҳум не сирлар кўчгай кўздан кўзгача,
Думалаб эргашса у ёрқин нурга қоришиқ.

Айланиб дув оқади вақтнинг шуъласи,
Тинмайди, айлана ичида яна ғилдирак.
Чорлар қайтиб қайтолмаган ғулғуласи,
Гарчи, ўтмишу кеажакдан берсада дарак.

Тўгарак бу дунёни хаёлан қучсанг,
Шаклу шамойил моҳиятга эврилиб қолгай.
Чексиз вақт уммонида томчидек кўчсанг,
Қайтмоқлик маъвосини қалбингга солгай.

Томоша қил чархпаак урганида чарх,
Лек,зинҳор бошинг айланмасин айланса дунё.
Ўқ йўллайди эгилиб турганида чарх,
ўзлигингга қайтгин сен учун шайланса дунё.
Муслима Ёдгорова