Декабрь 23 2017

Кўнгил

Сабо эсганида саболангайми кўнгил?
Наво таралганда наволангайми кўнгил?
Гуллар бўй таратганда ифорлангайми кўнгил?
Меҳрли ришталардин оҳорлангайми кўнгил?
Булбул ноласи ичкаридадир,
Нурлар толаси ичкаридадир.

Рашк азобларидан озорлангайми кўнгил?
Дийдори ёр ишқида зорлангайми кўнгил?
Шодиёнага етса шодлангайми кўнгил?
Оғушда туйғулар шамшодлангайми кўнгил?
Демак, ишқи асл ичкаридадир,
Энди айни васл ичкаридадир.

Ҳар яхшиликка ошнолик этгайми кўнгил?
Хато ўтса авф амрига етгайми кўнгил?
Такрор фикрат уммонида сузгайми кўнгил?
Ғараз, кибр ўйинларини бузгайми кўнгил?
Гар беғуборлик ичкаридадир,
Ҳам ишққа ёрлик ичкаридадир.

Муслима Ёдгорова 23.12.2017 йил.

Декабрь 21 2017

Очун

Бу ёруғ очуннинг кўзлари наҳот кўр экан,
Гарчи замонага қараса ҳам тик.
Ҳар қадамингда товонингга санчилса тикан,
Маҳзун қалб кўзида жовдирар ҳадик.
Оҳангларида жарангласа вақт қўнғироғи,
Тўлқинлангай борлиқ танлаган ҳар сас.
Ва, хушёр жонқулоққа етгай маъно қайроғи,
Билсанг, дунё аломатларга тўладир абас.
Ажабмас, қалбингни поклашга келсанг шайланиб,
Тилагинг бўлгайдир балки ижобат.
Дунёнинг кўзларига боқсанг кўзга айланиб,
Нақшин изинг қолгай оламда албатт.
Сен келдинг ва кетурсан кузатиб қолгай очун,
Мазмун учун топа олдинг-ми имкон?
Нурга талпинганга ёғду сочилмасми, нечун?
Қалбингни поклашга чоғланганинг он.
Ҳаёт китобини уқишга интилган дамда,
Изласанг ҳикматлар келади тўлиб.
Не сирли басират кўзини очар одамда,
Яшаса яхшилик шиори бўлиб.

Муслима Ёдгорова 21.12.2017 йил.