Oktabr 28 2017

Куз изҳори

Эврилиш фаслинг келди-ку кўнгилнинг зори,
Сарғайган гиналарни тўккали буткул.
Яна қизғину қизғишдир кузнинг изҳори,
Армонларни дилингдан хазон каби юл.
Дардчил барглар дардларини тукарлар шоён,
Бандлари инграгудек чирт-чирт узилиб.
Азобли минг аламларга бўлгудек поён,
Ва қадамлар тагида тўзғир эзилиб.
Фурсат етди, гардларингни тўккил атайлаб,
Узуқ хотираларинг кўчгай етилиб.
Ўкинч чок-чокларини сўккил-да авайлаб,
Умид куртакларига пайванд этилиб.
Гар олтин куз ўз ижоди тасвирига лол,
Табиатнинг либоси ўзгариб боргай.
Тилла баргли куз сўқмоғи йўлига кўз сол,
Вақтнинг айни суратин куз чизиб бергай.
Саховатли борлиғини тўкиб-сочар куз,
Қут-барака, мурувват қўлларин тутиб.
Чор-атроф гўзаллигига тополмасанг сўз,
Мамнун бўл куз ширасин симириб-тотиб.
Нолимоқлик мумкинми кузнинг кўркидан, айт,
Йиғиб-териб атрофни кузатганда куз.
Боқ, табиат ўз-ўзини тозалаган пайт,
Куз каби янгиланиш режасини туз.
Муслима Ёдгорова

Oktabr 12 2017

Дилкушо сатрлар

  1. Соя тубидаги нурни сезяпсизми? Демак, сиз бу ғалвали дунёда ишонаверинг яхшилик шафоати марҳаматига эришибсиз;
  2. яхши кўз билан яхшилик китобига боқинг, шунда яхшилик ҳикматлари қалбингизга оқиб кираверади;
  3. китоб номли эшикни топиб, уни қоқа олдингизм, уни оча олдингизми? Демак, сиз эзгулик останасида турибсиз, қатьият билан ичкарига киринг, шунда англаш эҳтиёжига дуч келасиз;
  4. ҳаётдаги майда-чуйдалар устига оёқ қўйсангиз, юксак мақсадлар сари элтувчи зинапояга чиқиб олишингиз мумкин;
  5. ёмғир томчиларини шукроналик уруғлари деб қабул қилсангиз, кўнглингизни камалак ўзининг нурли ранглари билан безайди ;
  6. раҳбарнинг йиғинларда ўз овозини баландлатишдан сақланишининг йўли битта,у ҳам бўлса кўпроқ китоб мутолаа қилиш орқали ҳаёт китобини ўқий олиш;
  7. сал нарсага ҳам жанжал қўзғаб юрадиган одам сершовқин ва дағал бўлади, чунки унинг кўнгил даштида «муроса» гиёҳи ўсмайди;
  8. тинмай гапирадиган вайсақи одам ўз тиниш белгиларини йўқотиб қўйган мужмал ёзув хатига ўхшайди, уни ўқиб тушуниш нохушлик ва ноқулайлик уйғотади;
  9. турмуш икир-чикирларидан нолимоқлик ношукрлик аломатидир. Эҳтиёт бўлинг, нолиганингиз сайин ўзингиз ҳам икир-чикирлар каби майдалашиб бораверишингиз мумкин;
  10. китоб мутолаа қилиш эҳтиёжи қалбингизни безовта қиляптими? Демак, қалб оламингизни эзгулик шуьлалари ёрита бошлапти, ўқиш, уқиш ва фикрлашдан тўхтаманг;
  11. Фарқлаш мезонини, тафовут чегарасини топиш учун кишидан соғлом тафаккур талаб этилади;

    Муслима Ёдгорова