Олқиш
Кулимсираб турибсиз воҳ, очиб чирой,
Хушрўйликда ёришибсиз мисоли ой,
Ажиб бир ойки, жозиба-ю сеҳрга бой.
Қараб қолдик кўз узолмай мафтун бўлиб,
Кўнгил равшан яйраб кетди меҳрга тўлиб.
***
Атлас куйлак кийибсиз сиз ял-ял ёниб,
Ёнаверманг олқишлардан безиб, тониб,
Эркаланманг асло, мақтовларга қониб,
Шойи рўмол ярашибди бошингизга,
Кўк ўсмалар пайвастадир қошингизга.
***
Қадам босиб келаверсангиз мастона,
Кўклам бўлиб гуллагайдир шу остона,
Борлиқ кутгай ўз-ўзидан тона-тона.
Хушбўйингиз бу оламни тутиб кетди,
Ҳавасларни дил тубига тугиб кетди.
***
Сойга қизил олма оқиздим сизни деб,
Ҳар пўртанада қалқиб кетди бизни деб,
Тўлқинларда олма оқар бир қизни деб.
Нақш олмага ўхшаганда гул юзингиз,
Чор-атрофдан олма изларми кўзингиз.
***
Қаҳ-қаҳ отиб, шўх-шўх куласиз жонона,
Шу даврага кўрк бергайсиз сиз шохона,
Бир гапириб ўн кулишга бор баҳона.
Табассумга мойилдир кўзу қошингиз,
Кўз тегмасину омон бўлсин бошингиз.
***
Ҳазил қилсам гар, қош-қовоқни уясиз,
Сал гапнинг ҳовурида ёниб куясиз,
Оғриниб дил, гиналарни зил туясиз.
Сиркангиз сув кўтармайди бир дебсиниб,
Шўх даврада ўтирасиз сиз қисиниб.
***
Сиз келдингиз уйимизга сабо келди,
Дилни дилга тортгувчи қаҳрабо келди,
Кўнгил тўрига шодлик, марҳабо келди.
Гўзалликдан сархуш бўлди, қаранг олам,
Хуш келгайсиз яхшиликни чорлаб илдам.
Муслима Ёдгорова