Сентябрь 19 2014

Сурату сийрат

Кенгайибу торайиб оқади дарё,
Кенгайган жойида дунё ҳам кенгми?
Сал секинроқ сирпанар қатламлараро,
Уюрма думалар, — торликда тангми?

Булоқда майинлигу илиқлик яшар,
Денгизда тўлқинлар югурар тинмай.
Шаршаранинг бўғзидан “қалдироқ” тушар,
Ёмғир томчилайди ҳавога инмай.

Шудринг кўк майсаларни ўпиб ярқирар,
Камалакда томчи шуъла тоблайди.
Ғорнинг бағридан маҳзун “кўз ёш” тирқирар,
Дур каби тарсиллаб, дўл шитоблайди.

Боғу роғда бағри хун анор қонайди,
Шарбатга тўлган нок шўхчан боқади.
Узумнинг донасида шароб қайнайди,
Полизда қовундан шира оқади.

Шакл ва шамойилнинг турфалиги кўп,
Ўзига хосликни этар намоён.
Гар ғаройиб мосликни сен илғасанг хўп,
Олам гўзаллиги бўлади аён.