Май 23 2014

Мунисим онам

Дуога очилган қўллар титроғи,
Ҳаққа тикилганми кўзлар қароғи,
Юксалар тиланган дуолар тоғи,
Самога етгайми ижобат чоғи,
Табаррук дуоли мунисим онам,
Дунёда ягонам, холисим онам.

Гўдак «инга»сила умри гузарон,
Меҳнат-ла ҳаётин безар беармон,
Пок ниятга эмли қўллар минг имкон,
Ҳикмат изламоқдан толмаган ҳеч он,
Табаррук дуоли мунисим онам,
Дунёда ягонам, холисим онам.

Ҳамроз сеҳр она алла-куйларида,
Гўдакларнинг иси бор бўйларида,
Энагалик меҳри ҳам дилларида,
Шукроналик доимо тилларида,
Табаррук дуоли мунисим онам,
Дунёда ягонам, холисим онам.

Ўз дилбандлари ҳам элнинг корида,
Оламнинг шукуҳи она борида,
Улуғлик мужассам сочлар қорида,
Таъзим словати қалблар торида,
Табаррук дуоли мунисим онам,
Дунёда ягонам, холисим онам.

Доя дея элнинг чин ҳурмати бор,
Тавоф айлагулик шафоати бор,
Ҳалолликнинг юксак инояти бор,
Қалбни улуғловчи шарофати бор,
Табаррук дуоли мунисим онам,
Дунёда ягонам, холисим онам.

Май 22 2014

Руҳият

Руҳу тан жон бақо сийратига боқ,
Инсон руҳияти нақадар жумбоқ.
Руҳ-ку омонат, мезбони бўл андоқ,
Қора ғуборларга парда бўл қабоқ.

Руҳиятга нега хушомад ёқар,
Ажаб жонни танқид аридек чақар.
Кимларнинг иймонин шайтонлар йиқар,
Бепарда қочирим кўнглига ёқар.

Нега ёмонликнинг осон йўллари,
Жонин койитишни истамас руҳлар,
Нега калта эвоҳ виждон қўллари,
Кимларда ор-номус нафснинг қуллари.

Ғийбат бергайми ҳеч аъло кайфияит,
Йўқ, юксакроқ, уқсанг гар маънавият.
Комил инсон қилар покиза ният,
Билки, руҳиятни суяр орият.

Инсон табиати- мижоз мўъжиза,
Мисоли дев парили сеҳрли кўза,
Яхши- ёмон хислар бўлурлар изза,
Посангисин оллоҳ измидан изла.

Сокин руҳиятга иста эришмоқ,
Таҳлиллар керак ўзликка бироқ.
Ўзинг феъл-атворинг қила ол сўроқ
Мустақил тафаккур мисоли чироқ.

Руҳият яхшилик, покликка айлан,
Ҳеч ошно бўлмагин ёмон йўл билан.
Заҳарни қўшмагин ширин бол билан,
Ҳар ишга қўл ургин оқ кўнгил билан.

Май 17 2014

Йўл

Бу ёруғ оламда турфа йўллар бор, туташ йўллар, айқаш йўллар, айри йўллар. Ёлғизоёқ сўқмоқ йўлларнинг катта йўлдан адашгандек мунғайиб, эгилиб, букилишидан ҳайратланади киши.  Йўллар борки тўлқинланиб оқади, йўллар борки муаллақ сузади, йўллар борки тош қотади. Баландлаб кетган ёки пастлаган йўллар тоғларга хосдир, оқувчи йўллар дарёларга хосдир. Катта йўлга нисбатан йўлакнинг вақти бемалолроқ. Йўл ёқасида қолиб кетмаслик учун катта йўл  шиддатига мослаша олиш зарур.

Текисликда юрса ҳам ғилдиракнинг йўли думалоқ, олдинга интилсада винтнинг йўли бурама шаклда, камон ўқи тўғри бўлсада ёйсимон йўлдан учади ва йўли ҳам эгриланиб боради. Оловнинг тили юқорига ўрлайди, чунки унинг йўли шу томонга очиқ, Ажабо, сувнинг битта заррасининг ҳаракат йўли чўлда адашган кишининг ҳаракат йўлига жуда ўхшаркан. Акс-садонинг йўлини қаранг-а,  бориб, қайтиб келади. Бумерангнинг йўли айланиб келиб айнан ҳаракати бошланган жойда тугаса ҳам оддий эмас, балки йўлнинг аниқлиги тушунчаси ана шундай намоён бўлса керак. Чўлда кетаётган карвоннинг йўли сўнгсиздек туюлади, устма-уст тушган кўплаб излар қумга қоришиб «юраверади» ва ўтиб кетаверади изсиз йўқолиб.

Қалдирғочнинг йўли иссиқ юртда жон сақлаш ва охир оқибат ватанга қайтиш деб номланса ажабмас. Дарахтлар йўлнинг йўлдоши бўлсада, юра олмаслигидан ўкиниб, юришга чоғлангандек шохлари тебраниб қолаверади. Автомобилда тез ҳаракатланаётган йўловчига яқинлашиб ва ундан узоқлашиб ўтиб кетаверади, шу тариқа дарахтлар ҳам йўлчига айланади, йўловчи эса ҳайрон дарахтлар ортга югуряпти деб. Нина санчилмаса юра олмайди, юрганда эса орқасидан ипдан тикилган излари қолади, чақмоқнинг йўли осмондан ергача чўзилгану бир зумда чақнаб ўтади.

Омадли инсоннинг йўли олға юради, ҳатто югурик йўлларида анвойи гуллар ҳиди анқиб туради. Йироқ йўллар ҳам яқин туюлади, юриш машаққати роҳатга айланади. Бу оламга келиш йўлингни англамайсан, бу дунёдан кетиш йўлингни танлай олмайсан, умринг «қадамлари» сенинг йўлингни белгилаб бўлган бўлади. Бу оламга йўл бериш учун келдингми, борар манзилингни  тўғри танла. Йўлдаги чўнг-тошлар сени чўчитдими? Теп-текис йўл борми ўзи? Беҳудага йўлинг равон бўлсин деб дуо қилишмайди-ку ахир. Агар бир инсонниг умр йўли графиги ҳосил қилинса, кўтарилиш ва тушишларнинг тўлқинсимон даврийлигини кўриш мумкин бўлади. Бу ҳаёт қонуни, уни сен орзулар бўёғи билан ҳар қанча чизишга уринма, охир оқибатда тақдир тасодифлари сенга ўзгача харитани тақдим этади.

Умр йўлида юки оз кишилар енгил-елпи йўллардан сассиз ўтиб кетаверади, узоқ йиллар кечган ҳаёти ҳам капалак умричаликдир. Ўз елкасига ҳаёт юкидан салмоқли орта олган инсоннинг умр йўлидаги излари ҳам чуқур ва таъсирли бўлиши, изи ўчмаслиги ҳақиқат эмасми? Албатта, бу оддий юк эмас аммо, ҳар бир инсон елкасини тута оладиган имкондир. Бу юк ақл ва тафаккур кучи билан, ҳалол меҳнати билан, инсонийлигу имон билан қўлга киритиладиган ҳамда йиллар давомида ортиб борадиган неъматдир.

Сафарга чиққан кишиларни ой бориб, омон қайт, деб дуо қилишади. Ойдин ойнинг ҳамроҳлиги тиланганда фақат яхшиларга дуч келишу ёмонликлардан Оллоҳнинг ўзи асрашлиги сўралади. Оқ йўл, йўлинг бехатар бўлсин дегувчи тилакларга манзилга соғ-саломат етиб бориш истаклари мужассам. Йўл азоби-гўр азоби эканлигини узоқ сафарга чиққанлар яхши билишади, лекин юрган дарё, ўтирган буйра. Кўнгилга йўл топиш энг қийин иш, нозик ҳис туйғулар манзили бўлмиш кўнгилга йўл ҳамфикрликни талаб этувчи иккиёқлама йўлнинг кесишган жойидир.

Иғвогарлар оёғи билан эмас, тили билан юради, деб уларни қоралаймиз, чунки улар бўлар-бўлмас бўҳтон тарқатиб инсонлар орасидаги муносабатларни бузади, шайтонга йўл очади. Тили югурик одамлар ноўрин гапириб қалблар йўлини чақир-тиканаклар билан бекитиб ташлайди, оқибатда ўзини яхши инсонлар йўлида ҳамроҳлик масрурлигидан маҳрум этади. Йўлдан адашган одамларни ҳаётда учратиб турамиз, аммо, ҳамма ҳам тўғри йўлдан четлашганини ҳис эта олмайди.

Дунё воқеалари, табиат ҳодисалари жуда мураккаб жараён бўлиб, сабаб туфайли оқибат келиб чиқиши табиий, лекин, олимларнинг аниқлашича, муайян бир даврда турғун ҳолат бузилиб, тартибсизлик кучайган вазиятда номувозанатлик ривожланади, ўзгарувчанлик, беқарорлик, тебранувчанлик вужудга келади. Зиддият кучайиб, жараён «етилиб», маълум бир нуқтага эришганда ривожланишнинг чизиқли йўли ночизиқли ҳолатга ўтади. Бу иккига айрилиш нуқтасида бир нечта йўллар пайдо бўлади, айни шу пайтда йўл танлови тасодиф қўлида бўлади. Чунки, шу нуқтанинг ўзида сабабият йўқолиб, келгуси йўл танлангандан сўнг эса сабабият ҳукм суришни бошлаши мумкин.

Одамзот бу ҳаётда йўловчидир. Мақадга бориладиган йўлда эшик бору баъзан кўпчиликнинг фаолияти натижасида очилиши кутиладиган эшикни зўр бериб итариб очолмасдан хуноб бўлаётган одамларни кўрамиз. Эшикни итариб эмас, балки ўзига томон тортиб очиш лозимлиги ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўрмайди. Шундай инсонлар борки, ўз ҳаёт йўлини  босиб ўтаётган кўплаб бошқа инсонларга йўл очиб бериш қудратига эга бўлади, одамларни бунёдкорлик йўли сари бошлайди. Эзгулик йўлига тушган иймонли инсоннинг қалби покланиб бораверади, ўзлигини англайди, қалб кўзи равшанлашиб бораверади.