Апрель 14 2014

Баъзан, аввал…

Баъзан, аввал либосингга боқурлар,
Гўё, маъно-мағизингни чақурлар,
Адаштирар суратинг.

Сўнгра эса кўзларингга боқурлар,
Ўзлари гар бўлмасалар сўқирлар,
Сезгайдирлар журъатинг.

Сўзларингни дор ипига тақурлар,
Саралаб сўнг, сукутларда ёқурлар,
Бекоргина — кудратинг.

Навбат етса қалбингга ҳам боқурлар,
Истасалар не-не маъно уқурлар,
Англагайлар қудратинг.

Апрель 10 2014

Баҳор

Баҳор фасли қутлуғ бўлсин барчангизга,
Гул насимлар олиб келди дарчангизга,
Айвонингиз ошён бўлгай қалдирғочга,
Яшил туси сингиб боргай ҳар оғочга.

Наврўзи хўп ярашган гўзалим диёр,
Кўкламой чечаклари бағрингда бисёр,
Шамс назаридан лола қизаргай ёна,
Ёмғир томчисида-чи рангин шодёна.

Интиқ баҳорой сиздан ҳамрозлик кутар,
Турфа хил хушбўйлари оламни тутар,
Адирларда чорлагай чучмомалари,
Ҳар бўртган куртакларда бор номалари.

Апрель 9 2014

Танқид ҳақида танқидий фикр

«Танқид порох тўла бочкага ўхшаб, ғурурни портлатиб юбориши мумкин.»
Дейл Карнеги.

Фақат танқидлар орқалигина ютуқларга эришиб бўладими?
«Кишиларни муваффақиятга илҳомлантиришда нега камчилик қидириш ўрнига мақтовнинг ёрдамига суянмаймиз?», — дейди Д.Карнеги — «Кишиларнинг кичик бир ютуғини ҳам қўллаб-қувватланг, баҳо беришда самимий, мақтовда сахий бўлинг» — мана унинг бир қоидаси.

Танқид эшитган киши кўпчилик олдида мулзам бўлади, танқид одамни хўрлайди, унинг нафсониятига тегади, танқид қалбда нафрат уйғотади, танқиддан кейин руҳий тушкунлик юз беради, ҳатто танбеҳ эшитиш ҳам ёқимсиз, маслаҳат берганда ҳам ғаши қўзийдиганлар ҳам йўқ эмас.

Танқид эшитишни ким яхши кўради? Ҳеч ким! Шундай бўлсада, нега одамлар бошқаларни танқид қилишни яхши кўришади? Айниқса, раҳбар ўз ходимларини танқид қилиш орқали ўзининг раҳбарлик бурчини қойилмақом қилиб бажараётганлигини исботламоқчи бўлгандек ўзини тутади. Аслида, ҳар-бир икир-чикирни бўрттириб, огоҳлантирувчи дағ-дағалар орқали овозни баландлатиш шартми? Танқидни ҳақоратлаш поғонасига кўтариш мақбул йўлми?

Танқид тазйиқ воситаси, қўрқитиш, муте қилиш усули бўлмаслиги керак,асло. Танқид қилувчи нимага эришади, албатта акс таъсирга, чунки танқид бумеранг каби айланиб ўзингизга қайтиб келади. Танқидга учраган киши танқидчини ҳеч бўлмаганда ички овозда акс танқид қила бошлайди, доимий ва такрорий танқидлардан эса безийди. Инсон руҳияти шунақаки, танқидга ошкорами, пинҳонами барибир эътироз билдираверади, ўзини оқлаш учун кўплаб сабабларни қалаштириб ташлайди.

Хўш ўзингизга нисбатан норозилик уйғотиб, оқибатда ижобий натижага эришмоқчимисиз? Ўзингизга нисбатан нафрат уйғотмасдан танқид қилиш усули ҳақида биласизми? Д.Карнеги ўзгаларнинг хатосини тўғридан-тўғри эмас, балки ёрдамчи воситалар билан кўрсатинг деган қоидани илгари суради.

Аслида танқиддан бирор ижобий мақсад кўзланади, агар танқиднинг ўзини мақсад қилиб олишса-чи? Фожеа ана шундан бошланади. Меъёрдан ортиқ ва ноҳақ танқид инсондаги ўз-ўзини ҳурмат қилиш туйғусини емиради.

Танқид қилсангизу муаммони ҳал этиш усуллари ва йўллари ҳақида лом-мим дея олмасангиз, ёки ютуқларни назар-писанд қилмасдан фақат камчиликлар ҳақида гапирсангиз ноинсофлик қилган бўласиз.

Бировни айблаш осон, лекин, унинг ҳолатини тушуниш бўйича мулоҳаза юритиб кўрилса, танқиднинг кескинлиги анча сусайса керак. Чунки, ўша вазиятда балки сиз ҳам худди шундай, ёхуд шунга яқинроқ йўл тутган бўлармидингиз.

Авваламбор, танқидий фикрлашга ўрганиш мақсадга мувофиқ бўларди. Яъни, бирор мавзудаги ёки масаладаги янги жиҳатларни кўра олиш, берилгандан кўра кўпроқ мазмундаги ғояларни ишлаб чиқиш, муаммоларни топиш ва уларни ҳал этиш, фикрларни далиллар билан асослай олиш, фикрлар ўртасидаги ҳар-хил тафовутларни топишга ҳаракат қилиш, таҳлилий ва мантиқий фикрлашни ривожлантиради.

Бир томонга йўналтирилган тазйиқли танқид ўрнига ўзаро самимий мунозара, ҳамфикрлилик, таҳлилий фикрлар алмашинуви қўлланилганида ҳамкорлик самараси юқори бўлса ажабмас.

Танқидга муносабат:

  • Сени танқид қилишганда мудофаа учун қўлингга қалқон оласанми ёки, қаршилик кўрсатиш учун қиличга тутунасанми ёхуд камчиликларни англаш мақсадида кўзгуга боқасанми?
  • Танқид келажакнинг меваси эканлигини била туриб, унинг дарахтини парваришлаш мақсадида нотўғри ўсаётган шохларини бутаб туришни адолатсизликка йўяверасанми?
  • Сенга панд-насиҳат қилишганда жон-дилинг билан қабул қиласанми ёки менга ақл ўргатишяптими дейсанми?
  • Танқид баҳонасида сенга биров ғараз тошини отса, сен ҳам ҳеч ўйловсиз унданда каттароқ нифоқ деворини қуришга киришасанми ёки яхшилик уруғини сепишга шайланасанми?
  • Сен ўз характерингни танқидий нуқтаи назардан таҳлил қила оласанми?
  • Нега сенга нисбатан айтилган камчиликларнинг зарбига ўзингнинг кўнгил ойнангни тўғрилаб қўйиб, ақл қоясини зўр куч билан четга суришинг ҳақида ўйлаб кўрганмисан?
  • Танқидинг кўнгилни оғритар даражада чақувчи бўлмасин, аксинча, камчиликларни тузатишга бўлган иштиёқни ёқувчи бўлсин;
  • Нуқсон ва камчиликларни бўрттирувчи, хатоларни катталаштиришга интилувчи танқид таъмагирликнинг қуролига айланади;
  • Танқид хулосасида муаммолар ечими бўлмаса, бу танқиддан на фойда.

Танқидий муносабат:

  • Сени танқид қилишганда ҳимояга эмас, балки, танқидчи нуқтаи назари томонига ўтиб фикр юрит, шунда навбатдаги танқидларнинг олдини олган бўласан;
  • Танқидни ёқтирмасанг унга ўрин қолдирма, бунинг учун эса ўз-ўзингни тез-тез танқид қилиб тур;
  • Ўз тарози мезонингни маънавий ва иймон нурлари билан ўзинг созлаб турки, кўзингни шамғалат қилиб, ўзингни алдамасин;
  • Авваламбор, танқидга ва қарама-қарши фикрларга тайёр тур, чунки оламнинг ўзи ранг-барангдир;
  • Танқид кўзгусини ҳамкорингга шундай тутки, унга қараб даҳшатга тушмасин ва азобга мубтало бўлмасин, руҳини синишдан асрайдиган яхшилик ва ютуқли қирралари ҳам кўриниб турсин;
  • Танқиддан қочиш ҳам, ноўрин танқид ҳам ривож пайини қирқади;
  • Баъзан танқид ўрнидаги сукут яхши самара бериши мумкин, қачонки, танқид остидаги кишининг виждони уйғоқ бўлса;
  • Бошқа бировлар тўғрисидаги танқид баъзан сен учун огоҳлантириш қўнғироғи сифатида жаранглаб, сени хушёрликка даъват этиши мумкин;
  • Ўз-ўзини танқид қилиш, бошқаларни инсофга чақиришнинг бир усули бўлиши мумкин.
Апрель 4 2014

Фикр ҳақида ўйлар.

Не кенг кўламларда фикрлар учгай,
Чексиз оламни бир зумда қучгай.
Фикрнинг сийрати муқаррар эди,
Унинг суратин олим кашф этди.

Тўлқиндек фазода учаркан фикр,
Қани эди бўлмаса фикрда макр.
Фикр доираси беҳисоб кўпдир,
Эзгу фикр-ўй иймон учун хўбдир.

Доно фикр муаммолар ечади,
Балки зеҳн ундан қувват ичади.
Ҳар бир фикр онгда пишиб етилар,
Тил тебраниб нутқда сўнг айтилар.

Илмий фикр таҳлилларга суянгар,
Тушунча рангларига бўянгай.
Умумлашар сабаб, оқибат, ҳукм,
Хулосалар фикрларда бир туркум.

Тафаккурсиз ғоя уйғонарми,
Эркин бўлмаса фикр тўлғонарми?
Фикрнинг туби йўқ, чеки йўқ ажаб,
Айтилган сўз отилган ўқ ажаб.

Фикрни унсиз ҳам бўларкан уқиб,
Кўзу жисмингизга гар ўтса юқиб.
Беъмани фикрни қувлаб сол йироқ,
Инчунин, мустақил фикр муҳимроқ.

Ижодманд фикрлар қайнар булоқдек,
Тезкор фикр илиб кетар улоқдек.
Хўб создир бўлса фикр эгилувчан,
Мантиқий фикр мағзда тугилувчан.

Заковатдан келар фикри ноёб,
Тинглай олсанг баёни бўлар рўёб.
Бой фикрли, қадрияти юксак бўл,
Пок фикрлар уммонида безак бўл,

Элда нақл бор-энг аввало фикр қил,
Азиз инсон кейин эса фикр қил,
Ўзлигингни унутмаю зикр қил.

Апрель 3 2014

Аслият қалбда

Баландлик яхшида- икир-чикир, майда-чуйдалардан юқори турмоқлик, эзгу мақсадлар сари интилмоқликдир. Бу сабр-қаноат, ўз-ўзини тарбиялаш, ўз-ўзини ривожлантира олмоқликдир. Баландликда руҳий юксалиш бор, ўсиш бор. Баландлик-бу қалб уйғоқлигидир.
Баландлик ёмонда — ўзни бошқалардан устун қўйиб, манманлик қилмоқликдир. Мақтанчоқлигу кеккайишни одат қилмоқликдир. Бу ҳатто, ўз-ўзини менсимай ўзидан кетишдир. Кибру ҳаво аслида пастликдир.
Пастлик яхшида- бу назарини юқорига қаратган камтарликдир. Бировларга озор бермаслик, инсонларни эъзозлаш, ўзи яхши кўрган нарсаларни ўзгаларга раво кўриш. Бу сахийлик ва мурувватдир, ўзликни англашдир.
Пастлик ёмонда — бу аслида пастлаб боргувчи тубанликдир. Ўзгаларга паст назар билан қараш, уларнинг дилларини оғритишдир. Ўзини бошқалардан устун тутмоқ мақсадида иғво, туҳмат, ғараз, ҳасад кабиларга таянмоқликдир. Пастлик — бу ғафлатдир.
Ишқ яхшида, у ҳақ ишқи, барча эзгуликлар ишқи, хайрли ишқдир. Яхшиликка интилишу комилликка эришиш ишқ туфайли. У муҳаббат ила яшаш, меҳнат ва ижод иштиёқидир. Ишқ туфайли қалб ёнади ва шу ўтда тобланади, кейин эса қалб гавҳари товланади нурлар жилвасида.
Ишқ- ёмонда, у ўзлик ишқи, манманликдан фориғ эмас, барча ёмонликлар тутатқисидир, қалбни ғуборларга тўлдиради. Ўзига бино қўйган бундай ишқ инсонни тўғри йўлдан адаштиради, фақат ўзини ўзи учун севишга ундайди.
Кенглик- яхшида, у чексизлик сирларини билишга ва мукаммалликка интилишдир. Унда илм кенгликларида ривожланиш имконияти бор, кенг кўнгилга бутун олам сиғади. У орзу ва хаёл учун етиб бўлмас чегара, фикрлар парвоз этадиган макон. Эзгулик уруғларини экиш учун поёнсиз ҳудуд. Улуғлик тафаккурнинг кенглигида намоён бўлади.
Кенглик- ёмонда, у ўз ўрнини билмай бошқаларнинг сарҳадига бостириб киради. Аслида у ўзига қулай бўлиши учун ўзгалар ҳуқуқини поймол этувчи торликдир. У ўз ҳаддидан ошувчи бошқаларни менсимаслик фазосидир, унда эҳтиёжидан ортиқ маконни эгаллаш истаги кучлилигидан у ҳатто ўз қобиғига сиғмай қолгудай даражада кичрайиб бораверади.
Нафс-яхшида, у илоҳий неъматдир, нафс «ўзлик»дир. У яшаш ва ривожланиш қувватидир, тириклик, меҳнат ва ижод қилиш эҳтиёжидир. Хотиржамлик, сокинлик унга хосдир. Нафсни таниш-нафсни тарбиялаб, тизгинлаб, итоатда сақлаш ва уни жиловлаш орқали бўлади. Нафсни қаноатли қилишда, руҳиятни нафс васвасаларидан, дунёнинг нафсоний лаззатларидан асрашда, ҳою-ҳавасга берилишдан сақланишда, ҳақиқатга басират кўзи билан боқишда яхшилик мужассам.
Нафс-ёмонда, у «нафси аммора»дир, яъни баднафсликдир, чунки у ёмонликка буюргувчидир. У ғазаб ва барча ёмонликларни ўзида жамлаган зўровон кучдир. Унда дунё истакларига майл кучли, мансаб ғами бор, кўп гапиришнинг шириш таъми бор, кайфу-сафо, ҳузур-ҳаловат бор. Мол-дунёга берилган одам нафс бандасига айланиб бораверади. Нафси учун яшашда хорлик бор. Нафс одамнинг ички душмани, унинг буйруқларига бўйсинган киши охир-оқибат нафсига қул бўлиб қолади. Ёмон нафсдан қутилишнинг чораси нафсни тергаб, уни тийишга одатланишдир.
Ўзни яхши кўриш- яхшида, у жони қийналсада бошқаларга ёрдамини аямаслик, ўзи яхши кўрган нарсасини бошқаларга ҳам раво кўриш, ўзининг руҳий ҳолатини бошқариш орқали ҳақ бўлсада, жанжалларнинг олдини олиш мақсадида тилини тийишлик, бировларнинг кўнглига озор бермаслик учун ўз қадамини ўйлаб босишликдир. Булар ўзини яхши кўрган одамларга хос амалларга мисоллар.
Ўзни яхши кўриш-ёмонда, бу ўз ҳузурини ўйлайдиган худбинликдир, ҳеч жонини қийнагиси келмайди, яъни фидойи бўлолмайди. Ҳақми-ноҳақми ҳар қандай мунозарада ўзининг гапини ўтказади, атрофдагиларнинг хоҳиш-истаги билан ҳисоблашмайди. Ўзига нисбатан қилинган ёмонликларни унутмайди ва кечирмайди, кек сақлайди, гина-кудрати кўп бўлади, ҳамма нарсаларнинг яхшисини ейишга мен ҳақлиман , деб ҳисоблайди. Ўз ташвишларини бошқалар елкасига юклашга ҳаракат қилади. Бу аслида ўз манфаатини ҳаммадан устун кўрувчи ўзини ёмон кўришдир.