Май 11 2019

Тўлқинли дунё. Қатралар

  • Фикр –тўлқиндир, у онгимиздан тўлқинланиб учади, унсиз бўлсада тасвирга эга. Фикрат жиловига хушёр бўлгилки, ёмон сўзлар ва ёмон амал тимсолига айланмасин.
  • Денгиз тўлқини зарралардан иборат бўлгани каби, бизнинг умримиз вақт зарралари тўпламидир, балки;
  • Тўлқинда кўтарилиш ва тушишлар мудом алмашиниб тургани каби, инсон умри ҳам бир текис кечмайди;
  • Тўлқин сузишдан чарчамайди негаки, қулоч отиб тўлқинланиши унинг мавжудлик шартидир;
  • Тўлқиннинг юқори чўққиси — ҳузур-ҳаловату, пастки чўққиси — алам ва қайғу-ми?!
  • Тўлқин тўлқинларда сирпанади, тўлқинлар қуршовида тинмай мавжланади, инсон ҳам ҳаётда инсонларга суянади, жамият ичида ҳур ва бахтли яшай олади;
  • Олимларнинг аниқлашича денгизда солитон номли ажабтовур тўлқинлар ҳосил бўларкан. Уларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, улар бир-бирига халал бермай сизиб ўтиб сузавераркан. Уларнинг макон талашмаслиги бир мўъжиза;
  • Ёруғлик ҳам аслида тўлқиндир, турли рангларда товланувчи. У тўлқинланса унинг шуъласи бизнинг кўзимизга ва қалбимизга нур бахшида этади;
  • Инсоният абадул-абад кўзга кўринмас тўлқинлар гирдобида тулқинга айланиб яшайди. Телефон, радио, телевидения, интернет алоқалари негизида тўлқин воситалари ётади;
  • Гўзаллик ва меҳр туфайли қалблар тўлқинланади ва тўлиб-тошиб эзгулик тўлқинларини ўзига жалб этиш хислати инсонийлик мезонларига мос тушиши ҳақиқатдир. Гўзалликдан баҳра олиб гўзаллик яратиш, меҳр бериб меҳр олиш умр мазмунидир;
  • Вақти соати келиб руҳинг тўлқини ёруғлик тўлқинига сингиб кетар, балки. Шунда, ишқ жилваси тўлқин толасида намоён бўлса ажабмас;
  • Яхшилик ҳам ёмонлик ҳам тўлқиндир, сизга келгувчи ва сиздан кетгувчи. Фақат ёмонлик тўлқини жаҳолат тўфонига туташ бўлиб, бузғунчиликка мойил бўлади. Яхшилик тўлқини эса, покиза ва ҳаётбахш қувватга эга эпкиндир. Ўзингизни яхшилик тўлқинига созлай оласизми?!
Апрель 30 2019

Хушнамлик. Қатра

Х

Унинг тупроғи қуруқшаб қолган, қақроқлик азоб, тарс-тарс ёрилади дардлари чуқур. Сувсираб қотишдан гўё қаттиқлик унади, пахса-пахса бўлиб. Бу гил манманлик дардидан сарғайди. Унинг кўклами ҳам кўкармай қўйди, ҳар тонг янгидан уйғонишни унутди, эскириш ёмонлик томонга йўллаши мумкинлигини писанд қилмади. Ёмонликларни унутишни истамади, қурғоқчилик унинг борлиғини қамраб олди, энг яқин илдизлар ҳам ташналик азобига йўлиқди.

Хушнамликни симиришни, қониб-қониб ичишни унутди. Хушёрликни унутиб, қаттиқлик зарбига ошно бўлишни истади, бағридаги тошни ювиш, юмшатиш зарурлиги хаёлига ҳам келмади. Тошда куч кўп дея, ўйлади. Аммо, тошга айланишдан асрасин. Асралиш асрайди ва намликда мулойимлик илинжи борлигини англатади.

Қани эди, кўз ёшлари ёмғир каби тинмай ёғаверса, момақалдироғи гумбурлаб, чақмоғи чақнаб. Ўз кўз ёшлари билан ўз қалб қудуғини тўлдирмоғи даркор, йўқса, ғаму андуҳларни ювмоқлик душвор, ғаразу ҳасаднинг тўзғиган кулларидан қутилмоқлик осонмас, гина-кудратдан воз кечмоқлик қийин, дарғазаблик шўридан покланмоқлик машаққат.

Қани эди, иймон шабнамига юз тутмоқни истаса, зеро кўз ёшлари ила қоришиб кетсин, дарёсига зорланиб оқмоқликни истаса, токи қалби титраб, қалқиб юмшамоқлик майлини ичсин. Такрор-такрор яхшиликнинг жўшқин оқимида оқаверган бор-ки обу ҳаётни қониқиб ичгай, эзгуликка  етгай, албатта.

Нур ичишга илҳақликни туймоқлик моҳиятида ўз кўнгил боғи тупроғига ва осмонига тийрак боқиб, ҳаёт тўлқинида масрур сузмоқни истамоқлик ҳақиқати бор!

Муслима Ёдгорова

Ноябрь 30 2018

Мувозанат мезони

* Ер хаёт кемасидир. Унинг сузаётганлигини, тулкинлар огушида чайкалишини доимо хис килиб турамиз. У бурону туфонлар синовига азалдан дуч келганлигини, бундан кейин хам дучор булишлиги мукаррар эканлигини биламиз. Турли синовларга дуч келганда уз хаёт кеманг мувозанатини меъёрда саклай олишинг учун узинг мувозанат мезонига амал килишинг шарт!
* Узаро муомала-муносабат урнатиш жараёнида одамлар уртасида мусаффо бир “портал” борлигини хис этиш хаммага хам насиб этмаган булса ажабмас. У-хайрихохлик, хушфеъллик, самимийлик, камтарлик, кечиримлилик, хурмат-эътиборлилик, тавозеликдир. У яхшилик исташ, яхшилик тилаш, яхшилик кутиш, яхшилик улашиш хамкорлигидир. У одоб-ахлокка, хаёга йугрилган нурдир. Кимки унинг бутунлигига рахна солмокчи булса ундан узингни узокрок тутганинг маъкул;
* Одамийликнинг олтин коидаларидан бири, бу уз-узини тарбиялай олишлик, узини яхшилик томонга узгартириб тараккий топа олишликдир. Фикрини узгартира олмайдиган одам бунга кодир эмас. Фикрат олами факатгина яхши китобларга ошно була олган ва хаётдан тугри сабок ола олган кишиларгагина насиб этади;
* Кечиролмайдиган калб доги кетмайдиган матога ухшайди, матодаги догга кузи тушган кишининг таъби хира тортади. Бундай матодан воз кечиб дилхираликдан кутилиш мумкиндир. Аммо, кечиримлилик воситасини, унутмоклик тадбирини, авф усулини кулламас экансиз калбингиздаги дог сизни хам атрофингиздагиларни хам нохуш холатга солишда давом этаверади;
* Куни-кушничилик, кариндош-уругчилик, куда-андачилик муносабатлари узига хос ришталар билан богланган булади. Сиз хохлайсизми, йукми бу ришталарда якинлик, богликлик, алокадорлик, умумийлик, ухшашлик, манфаатдорлик кабилар мавжуд.
Бу мавжудликнинг асл мохияти силаи-рахмдир, мехр-окибатдир. Силаи-рахим булмаган муносабатларда адоват, разиллик, гаразлилик, куролмаслик каби кусурлар хукм суради. Бефарклик, бемехрлилик, бепарволилик шунчаки сохтакорликнинг куринишларидир;
* Инсондаги табиатнинг узгарувчанлигига булган хайрихохлик, хаётни борлигича кабул килишга булган хайрихохлик, турли феълли инсонларга нисбатан булган хайрихохлик, факат ва факат эзгулик хамда гузалликка булган хайрихохлик шукроналик белгисидир;
* Кечаги кунинг эшигини ёпишда хам, эртанги кунинг эшигини очишда хам узинг хаётга хамкорсан. Шундай экан бугунги куннинг имкониятидан окилона фойдаланиш куп жихатдан узингга боглик, яъни яхшилик оламининг хар бир кунига эшик кулфини очиб кира олишлик кулингдаги сен танлаган калитга боглик эканини унутма.

Муслима Ёдгорова 25.10.2018 йил

Февраль 28 2016

Томчи. Қатра.

Ёмғир узилиб-узилиб, тўқнашиб-тўқнашиб, томчилаб ерга интилади. Баъзан ёмғир томчилари дераза ойналарини чертиб, сокинлик куйини бузиб қўйишади. Баъзан эса, ёмғир томчилари қуёш нурлари оғушида бирлашиб, етти хил рангдаги камалак камонида товланишади. Тун зулмати ўксиб йиғлаганида кўз ёшлари майсалар пешонасида тонгги шабнамга айланиб, қалтираб туради. Шаршаралар, фавворалар сочларидаги шаффоф томчилар атроф ҳавога салқинлик бағишлаб, ўзлари ҳам сакраб-сакраб яйрайди, гўё.
Томчилар сумалакда кетма-кет тизилишиб, музлайверади қотиб, дўл ҳам томчи тошчаларидир, тушган жойига қаттиқ урилади ва инграйди. Томчи тошни тешади дейишади, шунингдек, томиб-томиб кўл бўлар дейишган.
Томчида денгиз акс этганидек, онгнинг сийрати фикрда намоён бўлади. Қайғули кўз ёши томчисида мунг шодаси бор, аммо, идрок азобида сизиб чиққан кўз ёшлари томчисидан қалбдаги ғуборлар тўкилади. Ғазаб келганида томчидек сачрама, сокинлик сиртида ёйилиб тинчлан. Тор кўнгилдан ҳасад ва кўролмаслик томчи каби сизиб чиқиши эҳтимоли бор. Огоҳ бўл, маънавий озуқани ҳар дам томчи каби симирки, қалб дарахти кўкариб, яшнасин.
Қалбингда меҳр-мурувват булоғини очгин-ки, унинг томчилари бошқалар қалбига умид бахш этиб сингиб борсин. Қалб меҳрга тўлганда муҳаббат юракларни тўлқинлантиради, кўзлар нурга тўлади, тилга бол сингийди, инсон чеҳраси очилиб, олам гўзаллашади.
Меҳр берсанг гар инсонларга томчили этиб,
Дарё бўлиб оқиб келгай ўзингга етиб.

Февраль 28 2016

Чўл. Қатра

Чўлнинг кўнгли кенг, кенгайибу ёйилиб кетган. Чўл баҳорда ям-яшил тусга кирсада кейинчалик баҳор соғинчидан ранги сарғайиб кетади. Чўлнинг пешонасига илон изи йўллар нақш бўлиб тушган. Чўлда ўтмишнинг руҳи мудрайди, шаҳарда келажак руҳи уйғоқ кезиб юради. Чўлда табиат қум тоғлардан ҳайкал ясайди ва асрлар давомида шамол силаб-сийпаб уларга жило беради. Баъзи жойларда қум тепаликлар қўлма-қўл ушлашиб тургандек тизилишиб туришади. Баъзи сарҳадларда эса шамол қумнинг сочларини тараб тарам-тарам из қолдиради. Чўлда қуёш ерга тик боқиб, нурларини тиғдек аёвсиз қадайди, сувсиз ва бир парча соясиз узоқ қолиб кетсанг, кўзингга сароб кўринади:
Ойна каби ялтираб кўзга кўринади кўл,
Сувнинг шилдираши қулоққа шивирлар, ана.
Юрганинг сари узоқлашиб борар ўнгу сўл,
Ташналик азоби, қийноғи зўраяр яна.
Хаёлот чегарасидан карвон қўнғироғини жиринглатиб ўтади, гўё:
Изма-из тизилишиб силжияпти зил карвон,
Ўркачларин силкитиб лўкиллайди туялар.
Обод манзилни кўзлаб, йўлга бошлайди сарбон,
Тизгинга амал қилиб тиз чўкади биялар.
Безовталик ва алдов сени умидсизлик томон етаклайди, ҳақиқат ва рўёни фарқлай олмай қоласан. Қақраган лаблар ҳаёт неъматлари номини беихтиёр унсиз такрорлайверади, шунда бир томчи сувнинг қадр-қимматини баҳолай бошлайсан. Фақат денгизда сузганда ёки тоққа чиққанда эмас балки, чўлда ҳам мувозанатни сақлай олиш, меъёрни топа олиш муҳим ҳисобланади. Чўл яланглигида шамол ўзини тўрт томонга уриб кезади. Чўлда ернинг уфқ билан туташиб кетишини яққол томоша қилиш мумкин.
Кундуз куни офтоб тафти етмагандек, ҳаво чўлдаги саксовуллардан ўз тандирини қалаб қиздиради ва ўзи азобдан титраб, жимирлайди. Тунда эса осмон ўз гумбазини чўл устига тўнтариб, юлдузлар билан безайди, ҳаво ҳам совуб, ҳовуридан тушади. Эҳе, жавзонинг жазирамаси қовжиратиб куйдирса, саратоннинг иссиғи ҳансиратиб сўлдиради. Баъзан, ой ўроғини чархлаб чўлдаги янтоқларга тиканли назар ташлайди, тўлишганда эса юмшаб, майин нури билан чўлни яёв кезади.
Чўл шип-шийдам кимсасиз макон эмас. Ана, бургут емиш ташвишида ерга пастлаяпти, сурув-сурув отлар тойчоқлари билан, қўй-эчкилар подаси, туялар бўталоқлари билан бемалол ўтлаб юришади. Аҳён-аҳёнда эчкиэмар югуриб ўтади… Чўлда ўсимлик ва дарахтларнинг ўхшаш томони бор, уларнинг барглари кичкина ва игнасимон, сувни исроф қилмаслик уларнинг табиатига хос.
Чўлга бағрикенглик, тоғларга пурвиқорлик, денгизга мавжланиш ярашади. Тоғлар вазмин ҳолатда туядек оғир чўкиб, гўё бошини баланд кўтаради гердайиб, тоғнинг карвони сўнгги манзилида тош қотганга ўхшайди. Уммон эса сув тўлқинларида тинимсиз чайқалиб, сузгани-сузган, умоннинг кемаси Ернинг ўзидир балки. Чўл эринибгина бемалол ястаниб ётиб олганга ўхшайди, узала тушиб мудрайди, шунда жиловсиз шамол уни уйғотиб, тинчини бузади. Яйдоқ чўл ёзда ҳансираб чўллайди, гўё ёмғир сепадиган булутларнинг сузиб келишини кутишдан бошқа ташвиши йўқдек.
Чўлнинг ўзига хос ҳаёти бор, унда қуруқлик ва қурғоқчиликнинг ғалабаси кўп бўлсада, мавжудлик фалсафаси шундадир. Чўл чорласа кўнглим қочиб кетмоқ бўлар, эргашаман ортидан. Оташларда ёнмасину куймасин, дея мени қўрқув босади, кўндираман, намлик билан тўйинган гўшалар томон ортга қайтади оҳиста, бу намликда боғу-роғлар, гулзорлар, бўстонларнинг абадий мавжудлиги кўкаради, гўё. Чўл руҳини ҳис қилиш учун унинг кенгликларига сиғиш ва сингий олишинг, бўстонлар руҳини ҳис қилиш учун эса ўзинг гулга, райхонга айланмоғинг керакдир балки. Сен ҳам борлиқ каби борлиқ ичида ўз ҳаётингдан эзгу мазмун ва яхши маъно топа ол. Дилинг туғига қип-қизил алвонни бойла-ки, у ял-ял ёниб товлансин, шунда кўнгил биёбонида гиёҳ кўкарса хушбўйлари оламни тутгай.