Декабрь 3 2019

Газета ўқиш маданияти

 Газета ва журналларга обуна бўлиш ва уларни ўқиш жараёнига қандай ёндашган маъқул? Сизда касбингиз, эгаллаб турган лавозимингиз, яшаш жойингиз, ўз олдингизга қўйган мақсадингиз, қизиқиш доирангиздан келиб чиққан ҳолда қайси газета, журналларга обуна бўлсам экан? — деган савол туғилиши табиий. Газета ўқиш маданияти аваламбор, даврий матбуотнинг Ўзбекистондаги ва чет эллардаги тиражлари бўйича маълумот излашдан ва мақсадли обуна бўлишдан бошланади. Бундай маълумотларни почта, матбуот тарқатувчи ташкилотларидан ёки интернет сайтларидан топишингиз мумкин. Каталогларда барча соҳалар ва тармоқлар бўйича, бир неча тилларда чоп этиладиган вақтли матбуот ҳақида маълумотлар мавжуд, намуна сонларидан уларнинг дизайни, услуби ва мазмуни ҳақида ҳам билиб олсангиз бўлади.

Ўйлаб қарасам кўп йиллар аввал “Квант”, “Физика в школе” “Физика ўқитиш методикаси”, “Дошкольное воспитание”, “Саодат”, “Маърифат”, “Меҳнат зарбдори” (ҳозирги “Пешкў овози”) каби газета, журналларга обуна бўлиб,  мутолаа қилганман. Тўғри бир муддат улардан узилишлар бўлган, аммо бундан йигирма йиллар аввал тасодифан қўлимга “Маърифат” газетасининг бир йиллик жамланмаси тушиб қолди. Бу гўёки мўъжиза каби эди. Газетада берилган эркин ва мустақил фикрлаш, психология, замонавий педагогик технологиялар, умуман тарбияга оид мақолаларга қизиқишим зўрлигидан уларни ўқиш билан бирга қўлимга дафтар, ручка олиб бўш вақтимда конспектлаштириб ёзишга киришдим. Газетадаги педагогика фанлари номзоди Нурали Саидахмедовнинг серия тарзида кетма-кет берилган мақолаларини мустақил ўрганиб, уларни дарс жараёнига қўллай бошладим. Шунингдек, бошқа қўлланма ва дарсликлардан педагогикадаги инновациялар бўйича изланиб, ноанъанавий дарс ишланмаларини тайёрладим. Кейинчалик тадқиқотларим Самарқанд давлат университети профессори, Халқаро педагогика фанлар академиясининг мухбир аъзоси О.Қувондиқовнинг назарига тушиб, бир неча бор республика миқёсидаги конференцияларда маърузаларим билан қатнашдим. Бухоро давлат университети профессори С.Қаҳҳоров билан ҳаммуаллифликда “Физикадан модулли дарс” номли илмий-услубий қўлланмам 2006 йилда нашр этилди. Газета мени илмий изланишга, яъни тадқиқотчиликка йўллади десам муболаға бўлмайди. Замонамизнинг шундай улуғ олимларига шогирд бўлиш саодатига эришдим. “Маърифат” газетасини ва унинг ижодкорларини устозим дейишга ҳақлиман.

“Пешкў овози” газетасини ҳар сафар қўлимга олганимда унинг маърифатпарварлик хусусиятларини, маънавий жозибасини ҳис қиламан, йиллар давомида у ҳам мени ўзининг жўшқин оламига шу қадар жалб этди-ки, натижада, самимий мулоқотимиз кучайди. Бош муҳаррир Ҳурмат Шаропова мени ижодий ҳамкорликка чорлади, бу чорлов туфайли онг ва тафаккурга бевосита таъсир этувчи ахборотлар оқимини саҳифаларда ёритиш масъулияти, машаққати ва сурури нақадар фарахбаҳш эканлигини ҳис этяпман. Газета таҳририятидаги қайноқ ҳаёт жабҳасига қоришиб кетиш учун албатта, ижодкорлик мавқеини оқлаш муҳим ҳисобланади. Ҳа, газета ва журналлар сиз учун ижод олами эшикларини янада кенгроқ очмоқликка шайлиги унинг саҳовати, марҳаматидир, сиз ҳам унинг йўлига пешвоз чиқишга шайланинг!

Юртимиздаги мутахассис кадрларга қўйилаётган юксак талаблар ҳар бир шахснинг ўз билим, малака, кўникмаларини, ва қобилиятини ўзи тинимсиз ўстириб боришига эришишини тақозо этади. Ҳар томонлама комилликка эришишда мутолаа муҳим аҳамиятга эга. Газета мутолааси ҳам инсон дунёқарашини ўстиради, турли соҳалардаги янгиликларни ўқиб руҳланасиз, онгингизда янги фикрлар, ғоялар туғилади, шу билан бирга мавжуд иқтидорни, савияни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш эҳтиёжи ўсади.  

Азал-азалдан қулочни кенг очиб, газетадаги янги, керакли, қизиқарли, тўлиқ, фойдали маълумотлар билан танишиш, арзимас, майда-чуйда гаплар ўрнига ҳамкасблар, дўстлар билан мақолалардан олинган таассуротлар ҳақида мазмунли суҳбат қуриш маданият белгиси саналган. Маълумки, маънавиятли инсон бўлмоқ учун аввало маънавиятга, маърифатга интилиш эҳтиёжини қалбга жо қилиш зарур. Маърифат ва маданиятнинг порлоқ йўлига газета сизни хилма-хил нурли сўқмоқлари орқли йўлласа  ажабмас.

Технологиялар жадал ривожланаётган шароитда медиа маданият, медиа саводхонлик ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга. Аксарият информациялар ижод тегирмонидан ўтказилмай туриб, муайян воқеликлар видео ёки тасвир кўринишида, ёхуд, жараённинг асл моҳияти очиб берилмаган матн шаклида ижтимоий тармоқларда тезкор суръатда тарқатилаётганлиги сир эмас. Холис ахборотни олиш, салбий маълумотлардан ўзини ҳимоя қила олиш, тарқатилаётган медиа маълумотларни мулоҳаза чиғириғидан ўтказиб, оқилона мушоҳада юритиш орқали “истеъмол” қилиш медиа маданият белгиларидандир. Айниқса, ёшларда тинимсиз оқиб келаётган информацияларга хушёрлик билан танқидий назар ташлай олиш, маънавий мушоҳадакорлик билан ўзининг руҳият ҳудудини ҳимоя қилишга ўрганиш орқали медиа саводхонлик маданияти шаклланиб борса ажабмас.  

Замон билан ҳамнафас бўлишни, жамиятимиз ҳаётидан хабардор бўлишни истасангиз, ўзингизни унга даҳлдор деб билсангиз ва фикрлашдан тўхтаб қолмай десангиз газета ўқинг, ўқиганда ҳам шунчаки эмас, балки, маънавий озуқа олмоқ имкониятидан бебаҳра қолмаслик учун ўқинг!

   Муслима ЁДГОРОВА

Май 11 2019

Драблллар

      Унинг бир бети ташқарига, бир бети ичкарига қарайди. Ташқари совуб, ичкари исий бошлаган эди, ички юзидан дув-дув томчилар оқа бошлади. Бу исиган ҳавонинг совуққа учрагандаги изтироблари эди…

                                            *

Автомобилга ўрта ёшлардаги бир аёл чиқди ва бўш ўриндиққа ўтирди. Аста-секин машинанинг ҳаракати тезлашган эди, ҳалиги аёл ҳунграб йиғлаб юборди. Ҳамма ҳайратланди… Шунда бир йўловчи унинг ҳолатидан ажабланиб,”-Келинг сиз менинг ўрнимга ўтиринг”-деб, жой бўшатиб, ўзи ўша аёлнинг ўриндиғига ўтиб ўтирди. Йўловчи ойнадан ташқарига боқиб, тескари томонга ҳаракатланаётган манзарадан қалбида безовталик ҳис қилди.

  Аёл эса тинчланиб, ойнадан ташқарига бамайлихотир қараб қолди. Гўёки, энди вақт тўғри томонга оқаётгандек…

Май 11 2019

Инсоннинг руҳият экологияси

Бу азим дунёда ҳар бир давлатнинг ўз ҳудуди бўлгани каби, ҳар бир инсоннинг шахсан ўзига тегишли маънавий ҳудуди мавжуд. Мамлакатнинг ҳудуди тегишли қонунлар асосида қўриқланади, ҳимоя қилинади.

Инсонийлик экологиясини авайлаб, асраш, фитна ва қабоҳат тузоқларидан ҳимоя қилиш, унинг эзгуликка тўла борлиғини тоза сақлаб, уни эъзозлаш ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрганмисиз?

Инсоннинг ички олами ҳудуди бу — унинг руҳий оламидаги ўй-хаёллари фазоси, ишқдан яралган ҳур уммони, нафис орзу қанотлари, тафаккурининг ўзанлари, юрак қўридаги иймони, истеъдод чўққилари, ирода қалқони, дунёқарашининг одил мезони, дилистони бўстони, хотирот бисоти, ақлий қуввати, кўнглининг обод довони, ўзигагина хос таъбу табиати, эзгуликка тўла қадрият дунёси, қалбидаги яхшилик тўлқинлари, инсонийлик маъвоси, ширин жонли нозик ҳилқати кабиларнинг бепоёнлиги.

Унинг мусаффо ўй-хаёллари фазосини тўзғитишга, мовий ишқ уммонини тўфонга айлантиришга, нафис орзу қанотларини мажруҳ қилишга, тафаккурининг тўғри ўзанларини издан чиқаришга, юрак қўридаги ёрқин иймонини сўндиришга, истеъдод чўққиларига тош отишга, ирода қалқонини синдиришга, дунёқарашининг одил мезонини бузишга, дилистони бўстонига разолат уруғларини сепишга, ҳикматга йўғрилган хотирот бисотини шикастлашга, қалб ойнасига ёмон ниятда кўз тикишга, ақлий қувватига раҳна солишга, кўнглининг обод довонида изнсиз кезишга, ўзига хос таъбу табиатини камситишга, эзгуликка тўла қадрият дунёсини топташга, қалб тўлқинидаги яхшиликларга ғов бўлишга, инсонийлик маъвосини хўрлашга, ширин жонли нозик ҳилқатини сотишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Жамият инсоннинг ички экологияси муҳитидаги ғуборларни тозалаш борасидаги ўзининг саъйи-ҳаракатига кўмаклашишига доим тайёр.

Аммо, инсон ўзлигини ва ўз-ўзини асраши, ички оламини ҳимоя қила олиши лозимлигини англаши лозим. Бунга билимларни эгалламай, яъни китоб ўқимай туриб, юксак маънавий баркамоллик сари собит қадамлар билан интилмай туриб, ички рағбатсиз, ички қувватсиз, ички курашсиз эришиб бўлмайди.

Апрель 30 2019

Яхшилик яширинган эшик

     Ҳар бир инсоннинг ичида ривожланиш механизми мавжуд. Аммо, бундай механизм аксарият одамларда занглаган ёки таъмирталаб бўлиб қолган бўлиши мумкин. Бу механизмни созлаб, ишга туширишнинг битта йўли бор, у ҳам бўлса инсоннинг ўз билимини бойитиши, тинмай изланиши, ўқиши ва ёзиши орқали тафаккурни ўстиришдир. Ана шунда бу механизм ишга тушиб, инсонни комиллик сари етаклайди.

“Пешкў овози” газетаси муҳаррири Ҳурмат Шаропова худди ана шундай неъматга эга, ўз-ўзини такомиллаштириб бораётган самимий, меҳнатсевар инсон. 

Газета — ҳаёт кўзгуси. Газета халқники, депутатларники, бизники. Газета ҳам халқнинг хайрихоҳлилигига, қўллаб-қувватлашига, эътиборига эҳтиёж сезади. У мақолалари орқали сизга мурожаат қилади ва ўз навбатида мурожаатига жавоб кутади.

“Яхшилик яширинган эшикни очмоқлик мушкул, ёмонлик яширинган эшикни ёпмоқлик мушкул” дейишади донолар. Яхшилик яширинган эшик ортида албатта, маърифатга ундовчи газета ва журналлар ҳам, эзгуликлар битилган китоблар ҳам борлигига аминман. Улардан бебаҳра қолмайлик, маърифат излаб боришни кўнглимизга тугсак, яхшиликка томон бир қадам босган бўламиз. “Қучоқ очиб халқ ичига борайлик! ” шиори остида чиқаётган туман газетаси ҳам ўзига нибатан худди шундай илиқ муносабатга муносиб.

Туман газетасининг янгиланганлиги, яхшиланганлиги бугунги кунда ҳаммага аён ҳақиқат.  Таҳририят — ижодхона, газета бугуннинг ойнаси, келажакнинг даракчиси, ўтмишнинг хотираси. Ҳ. Шаропованинг иш жараёнини кузатиб, ҳар сафар унинг куч-ғайратига, эзгуликка умид билан қарашига ҳайратланаман.

Қанчалик машаққат билан заҳмат чекиб, газетчиликнинг оғир юкини кўтариш, ғийбатчи, туҳматчиларнинг зарбаларига чидаш, матонат билан газета чиқаришда давом этиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Газетага одамларни мажбурий обуна қилиш мумкин эмас, деган гап-сўзлардан кейин обуна бўлувчилар сони кескин камайиб кетди. Ҳолбуки, газетанинг адади миқдори ҳам, рангли форматда чиқиши ҳам ва умуман газета нашр этишдаги барча харажатлар обунадан тушадиган молиявий маблағларга бориб тақалиши сир эмас.

 “Пешкў овози” газетаси туман аҳолиси ҳаёт тарзини, тумандаги ўзгаришлар ва янгиланишларни, ривожланишга тўсиқ бўлаётган айрим муаммоларни замон талаби асосида чиройли дизайнда, мазмунли ва сифатли нашр этилаётганлиги қувончли ҳол.

Айримларнинг кўролмаслиги, айримларнинг эса бефарқ муносабати исканжасида қолган бўлсада, Ҳурмат газетани ташлаб кетмади. У қаддини тик тутиб, кўз нурини, қалб қўрини туман газетаси учун бахш этиб, қўшни тумандан қатнаб, газетага муҳаррирлик вазифасини сидқидилдан бажараётган фидойи аёл.

Таҳририятда воқелар гирдоби қайнайди, фикрлар чархланади, сўзлар туйғуланади, гаплар маъно ичади, шеърлар куйлай бошлайди, яхши инсонларнинг исми жаранглайди, уларнинг суратлари саҳифаларни безайди, газетхонлар гурунги эшитилади. Газета сизни суҳбатга чорлаяпти, фикрлашга ундаяпти, “Пешкў овози”нинг овозига қулоқ тутинг-чи, у сизни маърифат гулшанига, маънавият бўстонига чорлаб бонг уряпти, ахир.

Улуғбек Ҳамдамнинг “Газета, журнал ва китоблар чоп эттириш аслида адабиёт ҳақидаги ўзига хос суҳбатлардир”, деган сўзларини эслайман. Дарҳақиқат, адабиёт ҳақидаги самимий суҳбатларда адаб такомилини ҳам, яхши хулқ уйғунлигини ҳам, ободлик мужассамлигини ҳам ҳис этади киши.

Ҳурмат изланувчан, инновацияларни тез илғаб олиб, ахборот коммуникацион технологиялар имкониятларидан самарали фойдалана олувчи ижодкордир. У ҳаётни улуғлайди, ижодни севади, мен унинг ўз ишига садоқатидан, изланувчанлигидан руҳланаман. Ёнимиздаги яхши инсонларни эъзозлаш ҳам саодатдир.

Август 6 2016

«Шамчироқ ёқ»

Илм ва маърифатнинг, касб ва ҳунарнинг, оила ва жамиятнинг ўзига хос “ҳамкорлик” машаъласи бор, бу машаъла нури инсоният ҳаётини нурафшон этиб, келажакни ёритади.Ҳар бир инсон ўзини шу машаълага даҳлдор деб билса, унинг тафтидан баҳраманд бўла олса ва ўз навбатида унга ўз қалб қўрини қўшса нақадар соз. Унинг сеҳрли оҳанграболи майдонига у ўзининг идрокини, тафаккурини, руҳий оламини йўналтира олсагина, турмуш икир-чикирларидан, майда-чуйда ташвишлардан, қабоҳат ва разолатдан устун келишда ўзида куч пайдо бўлганлигини ҳис этади. Бу “ҳамкорлик” машаъласи таъсирида у ўз-ўзини умри давомида тарбиялаб боради, ўзини –ўзи ўқитади, ўз-ўзини касб маҳорати сирларини англашга йўллайди, ўй-хаёлида фақат эзгу фикрлар, эзгу ғоялар жўш уради, қўллари эзгу амаллар мурувватини тутади.
Олам сирларини англаш учун инсондан тинмай изланиш, ҳаётида дуч келадиган муаммоларни оқилона ҳал этиш, машаққатли меҳнатдан чекинмасдан кураша олиш ҳамда, бу сирларни англашда зукколик ва ҳушёрлик талаб этилади.
Ҳар бир касб эгаси ўз меҳнатидан руҳлана олиш, ўзининг фаолиятини таҳлил қила олиш, ўз-ўзига лозим бўлса дакки бера олиш, ўз-ўзига холисона баҳо бера олиш, ўз камчилигини тузатишга тайёр тура олиш каби хислатларни ўзида мужассам этиб боради. Айниқса, илм-фандаги инновацияларни ўрганиб борар экан, ўз қалбидаги шахсни янгилаб бораверади, ўз руҳиятини яшартириб, олға интилади.
Ҳақиқатдан ҳам оламда ўз-ўзини ташкиллаштириш ҳодисаси мавжуд эканлиги олимлар томонидан эътироф этилган. Ҳаёт мобайнида тарбия ва мустақил тарбия, таълим ва мустақил таълим, ўргатиш ва мустақил ўрганишдаги ўзаро ҳамкорлик муносабатлари моҳиятини чуқурроқ англашга интилиш зарур. Чунки тарбия бир умрлик жараёндир, оила тарбияси эса ўта муҳим масалалардан биридир. Шахснинг ўзини-ўзи фаоллаштириши деганда доимо ўзининг зеҳний ривожланиш даражаларидан, ўз қобилиятларидан, ўз истеъдодидан ўзиб кетиши тушунилади.
Ўзида тарбияга мойилликни шакллантирмаган, ўзини қайта тарбиялай олмаган, ўз-ўзини ташкиллаштира олмаган одам комилликка эриша олмайди.
Мустақил тарбия, мустақил ўрганиш, мустақил ўз-ўзини ривожлантириш муаммоларини ўзида ҳис қилган шахс тўғри ечим топишда қийналиши мумкин. Айнан ўзини-ўзи ўзгартириш, ўз фикри, дунёқарашини таҳлил қилиш авваламбор, унинг руҳий тайёргарлигига боғлиқ. Ахборотни қабул қила олиш учун руҳий “дарча”-эътибор, қизиқиш, диққат талаб этилса, уни таҳлил этиш ва ўзига сингдириш учун эса тафаккур, зеҳн асқотади. Қабул қилинган ахборот мазмуни, моҳияти, муаммолари туфайли ўз тинчлигини йўқотиши, ўй-хаёлларининг шу ахборот билан тўла бандлиги, шу масалани ҳал этмагунча ўзини беҳаловат сезиши катта аҳмиятга эга. Мана шу турғунсиз бўлган фаол муҳитли ҳолатгина шахсни ижодий изланишга ундайди, бу руҳий безовталик ўз-ўзини ташкиллаштиришга, ўз-ўзини ривожлантиришга замин яратади.
Ўзининг ички руҳиятига ўзи ижобий таъсир эта оладиган оат-онагина фарзандларининг руҳиятига мадад бўла олади. Ўз ички оламини ташкиллаштириш орқали инсон ички оламини бойита олиши мумкин.
Ахир, ўзининг руҳи, қалби ва онги ҳамкорлигида юзага келадиган инновация туфайли инсон ўзини-ўзи ривожлантиришга эришса ажабмас, шундай ўзаро ички ҳамкорлик риштасини ҳосил қила олган шахс “ҳамкорлик” машаъласини алангалатиб, ўз навбатида бу машаъладан қувват олиб, ўзини такомиллаштириб бораверади. “Ҳамкорлик” машаъласи нурларини излаш йўли фақат ўз маънавиятингизни парваришлаб, ўз билимингизни мунтазам ўстириш ва қалб кўзини равшанлаштиришдадир.
“ Атрофим қоронғу деб ўпкалагунча , шамчироқ ёқ.” -Конфуций.
Бу машаълага иқтисодий манфаат нуқтаи назаридан эмас, балки, маънавий озуқа жиҳатидан интилсангизгина мукаммал бойликка етказади.
Инсон аввало, ўз руҳиятини ёмон ғуборлардан халос этиб, ўз қалбига эзгулик уруғини сочиши ва зиё нуридан баҳраманд бўлиш йўлларини излаб топиши зарур.
Эзгулик офтобини яшнатгувчи “ҳамкорлик” машаъласи тутатқиси янгича фикрлашда, уқувлиликда, ҳалолликда, маъсулиятлиликда, ўз устида доимо ишлашда, ўрганишдан тўхтамасликда, самимийликда, хушёрликда, оқилликда, қатъиятлиликда, ўзига нисбатан талабчанликда, руҳан уйғоқликда, изланувчанликда, ғайратлиликда, ўз касбига, бурчига садоқатлиликда ва виждон поклиги йўлида иродали бўлишдадир.
Муслима Ёдгорова