Февраль 28 2018

Кечиримлилик – саодат эрур.

“Кечиримлилик инсоний фазилатларнинг
энг зийнатлисидир”. Ҳадисдан
• Бировларнинг гуноҳини кечиролмайдиган ва унутолмайдиган одам бамисоли сарғайган баргларини тўла тўкмайдиган дарахтга ўхшайди. Вақт ўтиб янги, яшил барглар орасидаги жонсиз, сариқ япроқлар дарахтнинг тўкислигига хавф солгани каби, кишининг қалбидаги авф этилмаган ва бот-бот эсланадиган, ҳатто сўзлар билан изҳор этиладиган ҳодисотлар доғ бўлиб қолаверади. Ўз муддатида гуноҳларни тўкмоқлик ва гуноҳлардан кечмоқлик орқали табиатнинг бир бўлаги сифатида бизнинг табиатга мослашмоғимиз жоиздир, балки!
• Биров сенинг кўнгил боғингни вайрон қилиб, гуноҳга ботдими? Сен ўз кўнгил бўстонингни қайта тиклаш ўрнига душман билан қасдлашиб, сен ҳам у каби гуноҳга ботишинг эҳтимоли борлигини унутдингми?! Озор чеккан ўз кўнгил боғингни тиклаш учун уни меҳр сеҳри билан нурлантириб, кечиримлиликка йўғрилган шафқат тилаги билан тозалаб, унинг ришталарига унутмоқлик маъданини бахшида этибгина эриша олишинг мумкин;
• Кечириш ва унутиш хислатларидан бебаҳра одам гўё, дунё боғининг ташқарисида бўлишни маъқул кўрадиган кимсага ўхшайди. Боққа кирганида ҳам унинг кўнгли яйрамайди, кўнгли тўлмай доим ўзини ноқулай сезаверади;
• Бошқаларни кечирмаслик учун ўнлаб важ-корсонлар топиш, ўзининг ҳақлигини исботлаш мақсадида кўплаб баҳоналар тўқиш кимга қулай?! Кўнгил мулкида мавжуд меҳр-оқибатда саҳий бўлолмайдиган одамгадир, балки;
• Бу дунёдан норозилигини ифода этиш учун кишининг ўз яқинларини кечира олмаслиги кифоя қилади;
• “Доимо мен бошқаларни кечиравераманми, бу ноҳақлик эмасми?”,- деб ўйлайдиган одамни аламзадалик қийнаётган бўлади, ҳақиқат шундаки, сен бошқаларни кечириш орқали ўз қалбингни ғуборлардан тозалашга эришасан;
• Яқинларинг билан учрашганингда улар қачонлардир сени хафа қилишган бўлишларидан қатъий назар, бу саодатли дамлардан қалбингда яхшилик туйсанг, улар билан илиқ муносабатга кириша оласан. Чунки, уларнинг даврасига яқинлашганингда бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеалар сендан аллақачон узоқлашиб бўлганини, дийдорлашув қаршисида улар хиралашиб улгурганлигини ҳис этасан ва шубҳасиз яратганга шукроналик келтирасан;
• Кечирилмайдиган воқеанинг гирдобига тушмасликка ҳаракат қилиш муҳиим. Кўнглингни кенг қилиб, ўз тегрангда ижобий қувват зирҳини ярата ол. Атрофингдаги одамларга нисбатан самимий бўл ва очиқ чеҳра билан боқиб, табассум ҳадя эт. Хайрихоҳлик ўзаро муносабатда эзгулик калитидир.
Муслима Ёдгорова 1. 11. 2017 йил.

Октябрь 12 2017

Дилкушо сатрлар

-соя тубидаги нурни сезяпсизми? Демак,сиз бу ғалвали дунёда ишонаверинг яхшилик шафоати марҳаматига эришибсиз;
-яхши кўз билан яхшилик китобига боқинг, шунда яхшилик ҳикматлари қалбингизга оқиб кираверади;
-китоб номли эшикни топиб, уни қоқа олдингизм, уни оча олдингизми? Демак, сиз эзгулик останасида турибсиз, қатьият билан ичкарига киринг,шунда англаш эҳтиежига дуч келасиз;
-ҳаетдаги майда -чуйдалар устига оёқ қўйсангиз, юксак мақсадлар сари элтувчи зинапояга чиқиб олишингиз мумкин;
-Ёмғир томчиларини шукроналик уруғлари деб қабул қилсангиз, кўнглингизни камалак ўзининг нурли ранглари билан безайди ;
-раҳбарнинг йиғинларда ўз овозини баландлатишдан сақланишининг йўли битта,у ҳам бўлса кўпроқ китоб мутолаа қилиш орқали ҳает китобини ўқий олиш;
-сал нарсага ҳам жанжал қўзғаб юрадиган одам сершовқин ва дағал бўлади, чунки унинг кўнгил даштида «муроса»гиёҳи ўсмайди;
-тинмай гапирадиган вайсақи одам ўз тиниш белгиларини йўқотиб қўйган мужмал ёзув хатига ўхшайди, уни ўқиб тушуниш нохушлик ва ноқулайлик уйготади;
-турмуш икир-чикирларидан нолимоқлик ношукрлик аломатидир. Эҳтиет бўлинг, нолиганингиз сайин ўзингиз ҳам икир-чикирлар каби майдалашиб бораверишингиз мумкин;
-китоб мутолаа қилиш эҳтиежи қалбингизни безовта қиляптими? Демак, қалб оламингизни эзгулик шуьлалари ёрита бошлапти,ўқиш,уқиш ва фикрлашдан тухтаманг;
Фарқлаш мезонини, тафовут чегарасини топиш учун кишидан соғлом тафаккур талаб этилади;
-ижод бу- қийноқ булоғидан симириб ичмоқ,азоб довонидан дард чекиб ошиб ўтмок, чексизлик уммонига қулоч отиб шунғимоқ, олов тафтли саҳрода яйраб кезмоқ,хаёлотнинг сўнгсиз осмонида парвоз этмоқ, қувонч тоғларига тирмашиб чиқмоқ, зимистондан узоқлашиб нурга талпинмоқ, бўстонда ранг-баранг ҳам хушбўй гуллар сараламоқ ва инсонларга уларни дасталаб тутмоқ,ўз қалбига пинҳон сайр этиб, Уни эзгулик нақшлари билан безамоқдир.
Муслима Ёдгорова

Апрель 3 2014

Аслият қалбда

Баландлик яхшида- икир-чикир, майда-чуйдалардан юқори турмоқлик, эзгу мақсадлар сари интилмоқликдир. Бу сабр-қаноат, ўз-ўзини тарбиялаш, ўз-ўзини ривожлантира олмоқликдир. Баландликда руҳий юксалиш бор, ўсиш бор. Баландлик-бу қалб уйғоқлигидир.
Баландлик ёмонда — ўзни бошқалардан устун қўйиб, манманлик қилмоқликдир. Мақтанчоқлигу кеккайишни одат қилмоқликдир. Бу ҳатто, ўз-ўзини менсимай ўзидан кетишдир. Кибру ҳаво аслида пастликдир.
Пастлик яхшида- бу назарини юқорига қаратган камтарликдир. Бировларга озор бермаслик, инсонларни эъзозлаш, ўзи яхши кўрган нарсаларни ўзгаларга раво кўриш. Бу сахийлик ва мурувватдир, ўзликни англашдир.
Пастлик ёмонда — бу аслида пастлаб боргувчи тубанликдир. Ўзгаларга паст назар билан қараш, уларнинг дилларини оғритишдир. Ўзини бошқалардан устун тутмоқ мақсадида иғво, туҳмат, ғараз, ҳасад кабиларга таянмоқликдир. Пастлик — бу ғафлатдир.
Ишқ яхшида, у ҳақ ишқи, барча эзгуликлар ишқи, хайрли ишқдир. Яхшиликка интилишу комилликка эришиш ишқ туфайли. У муҳаббат ила яшаш, меҳнат ва ижод иштиёқидир. Ишқ туфайли қалб ёнади ва шу ўтда тобланади, кейин эса қалб гавҳари товланади нурлар жилвасида.
Ишқ- ёмонда, у ўзлик ишқи, манманликдан фориғ эмас, барча ёмонликлар тутатқисидир, қалбни ғуборларга тўлдиради. Ўзига бино қўйган бундай ишқ инсонни тўғри йўлдан адаштиради, фақат ўзини ўзи учун севишга ундайди.
Кенглик- яхшида, у чексизлик сирларини билишга ва мукаммалликка интилишдир. Унда илм кенгликларида ривожланиш имконияти бор, кенг кўнгилга бутун олам сиғади. У орзу ва хаёл учун етиб бўлмас чегара, фикрлар парвоз этадиган макон. Эзгулик уруғларини экиш учун поёнсиз ҳудуд. Улуғлик тафаккурнинг кенглигида намоён бўлади.
Кенглик- ёмонда, у ўз ўрнини билмай бошқаларнинг сарҳадига бостириб киради. Аслида у ўзига қулай бўлиши учун ўзгалар ҳуқуқини поймол этувчи торликдир. У ўз ҳаддидан ошувчи бошқаларни менсимаслик фазосидир, унда эҳтиёжидан ортиқ маконни эгаллаш истаги кучлилигидан у ҳатто ўз қобиғига сиғмай қолгудай даражада кичрайиб бораверади.
Нафс-яхшида, у илоҳий неъматдир, нафс «ўзлик»дир. У яшаш ва ривожланиш қувватидир, тириклик, меҳнат ва ижод қилиш эҳтиёжидир. Хотиржамлик, сокинлик унга хосдир. Нафсни таниш-нафсни тарбиялаб, тизгинлаб, итоатда сақлаш ва уни жиловлаш орқали бўлади. Нафсни қаноатли қилишда, руҳиятни нафс васвасаларидан, дунёнинг нафсоний лаззатларидан асрашда, ҳою-ҳавасга берилишдан сақланишда, ҳақиқатга басират кўзи билан боқишда яхшилик мужассам.
Нафс-ёмонда, у «нафси аммора»дир, яъни баднафсликдир, чунки у ёмонликка буюргувчидир. У ғазаб ва барча ёмонликларни ўзида жамлаган зўровон кучдир. Унда дунё истакларига майл кучли, мансаб ғами бор, кўп гапиришнинг шириш таъми бор, кайфу-сафо, ҳузур-ҳаловат бор. Мол-дунёга берилган одам нафс бандасига айланиб бораверади. Нафси учун яшашда хорлик бор. Нафс одамнинг ички душмани, унинг буйруқларига бўйсинган киши охир-оқибат нафсига қул бўлиб қолади. Ёмон нафсдан қутилишнинг чораси нафсни тергаб, уни тийишга одатланишдир.
Ўзни яхши кўриш- яхшида, у жони қийналсада бошқаларга ёрдамини аямаслик, ўзи яхши кўрган нарсасини бошқаларга ҳам раво кўриш, ўзининг руҳий ҳолатини бошқариш орқали ҳақ бўлсада, жанжалларнинг олдини олиш мақсадида тилини тийишлик, бировларнинг кўнглига озор бермаслик учун ўз қадамини ўйлаб босишликдир. Булар ўзини яхши кўрган одамларга хос амалларга мисоллар.
Ўзни яхши кўриш-ёмонда, бу ўз ҳузурини ўйлайдиган худбинликдир, ҳеч жонини қийнагиси келмайди, яъни фидойи бўлолмайди. Ҳақми-ноҳақми ҳар қандай мунозарада ўзининг гапини ўтказади, атрофдагиларнинг хоҳиш-истаги билан ҳисоблашмайди. Ўзига нисбатан қилинган ёмонликларни унутмайди ва кечирмайди, кек сақлайди, гина-кудрати кўп бўлади, ҳамма нарсаларнинг яхшисини ейишга мен ҳақлиман , деб ҳисоблайди. Ўз ташвишларини бошқалар елкасига юклашга ҳаракат қилади. Бу аслида ўз манфаатини ҳаммадан устун кўрувчи ўзини ёмон кўришдир.

Апрель 1 2014

Нафс

Баднафсликнинг қуроли ҳузур сифатидаги алдов, манзили тубанлик, ўзингга сездирмай сени ёмонлик томон етаклайди. Ўпқон каби ютишни хуш кўради, ожизлик бағрида улғаяди. Виждондан қўрқади, ирода кучидан ҳайиқади, қатъиятдан мунғаяди, маънавий тўқликдан озади, билгилки нафснинг хусусияти енгилувчанликдир. Қачонки ўз нафсингга аза оча олсанг, юксакликка доҳил бўласан.