Ноябрь 22 2019

Умр

Сезяпсизми умр оқиб кетяпти, у макон ва замонни  ўзанига оқизади, қирғоқлари ҳам имкони ҳам чексиз. Тўлқин пайдо бўлади сузмоқлик учун, юксалиши ҳам пасайиши ҳам унинг қисмати, сўнмоқлик оқибати ҳам бор унинг мавжудлигида.

Оқимга аралашиб кетиш ҳам, қатламларда қалқиб сузиш ҳам, лангар тизгини ҳам тўлқиннинг измидан ташқари. Тўлқин тўлиб-тошиб сузади, унинг ҳаракатини бошқариш мумкин-ми? Ҳатто, инон-ихтиёр томчиси оқим қанотида сузади, тебранаверганидан сира тиним тополмайди.

Орзу истаклар оқимини тартибсизлик бузади, қай бири сўнади, қай бири сузгичлар воситасида ушалади, англай олмайсан. Кутганинг тебранавериб кутилмаган мавжга айланиши мумкин. Тўфон туфайли алғов-далғов бошланади. Кутилмаган тасодифлар эса қуюн томонга тортади, шунда ҳар бир тўлқин айланма гирдобга эврилади.

Оқим йўл топиб кечаверади. Оқим қудуқни тўлдиргувчидир. Тўлқинлар сузавериб оқинга айланади. Покликка интилган оқин дайрга сингиб кетгуси, унда қалқиётган хумнинг эса тўлмоққа муштоқлиги бор. Умрни эзгулик, саҳоват, меҳр-муҳаббат тўлқинлантиради ва ундан ҳаёт оҳанги таралади.  

(дайр-маънавият олами, қудуқ-дунё, оқим-умр, тўлқин-инсон, хум-қалб) 

Муслима Ёдгорова 8.07.2019 йил

Ноябрь 22 2019

Дард фалсафаси

У келди изтироб дунёсига, қийноқлар маконига. Кўзларида азоб учқун сочади, қулоғида шовуллайди оғриқнинг саси. Азоб унинг танидан жонига, жонидан руҳига, руҳидан ақлига тўлқинланиб гоҳ кучайиб, гоҳ сусайиб кўчаверади абадул-абад. Санчиқлар санчилар найзаси ўткир, борлиғини илма-тешик этаверади ва ўша туйнуклар орқали қайғу нолаларини чалаверади. У эса қувонч излайди ҳар бир ноладан, хушнудлик кутади, қани эди шодиёнага тўла дунё ўз эшиклари зулфинларини оча қолса-чи.

Аммо, изтироб кавлайди қалб ҳандағини, чуқурлик инграйди тубсизлик қаршисида. Оғриқ рангида унинг сомон ранги ҳам. У келди ғам юкидан елкаси яғир, қуёш яраларини бадтар куйдиради, жизғанак бўлмоғи тайин. Ахир у илиқ меҳрга ташна, умидвор, қани эди қалб мулки яхшиликка лиммо-лим тўлаверса-ю симиришдан чарчамаса.

Даво истаб тоғларга тирмашди, бироқ олов пурковчи лавалар каби оғриқ сизиб чиқди. Тоғларнинг ҳайбати шафыатсиз, сира дармон йўллашни истамайди.

Дарёда сузаверади тинмай тўхтаса, тўлқинлар исканжасида азоб тубига чўкмоғи мумкин. Қани эди тўлқин ҳимматга айланиб сафо уммонига чорласа.

Само бошини қисаверади, дунё торлигини намоён этгудек. Дардчил борлиғи яйраб ўйнаётган кенглик бағрига сингиб кетолмайди. Шунда дарду ҳасратлари дунёларга сиғмайди.

Товони тупроққа ботмайди, излари сакрайди санчиқ зўридан. Қочмоқ бўлиб кирган қалъаси парча-парча бир гўша, гўё қалб синиқларидан бўлгандек барпо. Унда хурсандчилик қаҳқаҳаси садолари синаверади, бўлакларга бўлиниб.

Ингради зилзила тангриси каби, зил кетди илинжнинг тугунларига. Уқубатдан безиган дил омонликнинг қадрига етмоқ истайди.

У келди оғриқ унда яшаши учун, қийноқларга ўсал бўлмоқлик учун. Беҳолликка суянса илинжлар ҳам қулайди. Қийноқлар саҳросида азоб довонидан соғ-омон ўтмоқлик мушкул. Булутлар бошига нажот бўлиб ёғмоғини истайди, лекин истаклари ночор боқади. Қудуқдаги сувдек кечими йўқ, дард чиқиб кетолмай ҳасратга айланади.

У ўз дардига ташҳис излаб қалб дунёсини кезди, қиёслади, хушёр тортди, саралади, гиёҳлар илмини излашга тушди. Ўз қалбига ҳамроҳлик йўлини тутди. Ниҳоят у кетди, дарддан фориғ бўлмоқлик умидини қалбига тугиб!

Муслима Ёдгорова 8.07.2019 йил

Июнь 30 2019

Тоғ сеҳри

Тоғларга боқаман, улар ҳам менга мағрурона назар ташлайди. Ахир, уларнинг мафтун этиб ўзига чорлаш одати бор-да. Қўрқуву ҳадик ила этагига қадам босаман, тошлар огоҳлик аломатига айланиб товонимга оғриқли ботади, хушёр тортаман.

Улуғвор тошларни силагим келади бир-бир, хаёлларим тошдан-тошга сакраб учади ва бир зумда тоғ тизмалари бўйлаб чопқиллаб кўчади. Тоғ салобатини қучган хаёлларимга эргашгим келади, зеро макон алмаштирмоқликда ҳаловат бордир.

Тоғда қувонч тошларини учратаман, улар яйрайвериб, яйрайвериб улкан-улкан ҳайратларга айланишган. Тоғларнинг бошидаги қорли салласи сирли чўққайиб кўринади, кўрдимки, чўққилари туташиб кетган виқорга айланиб. Гўзаллик, дея ҳайқираман, “гўзаллик”- акс-садо келади.

Тоғнинг кўм-кўк кимҳоб тўни ўзининг пойида нафис ястаниб ётибди, баҳорнинг кўклам бўёғи нақадар гўзал, нақадар тароватли. Кўнгилнинг ҳам кўклам либосига буркангиси келади, яшнамоқлик сеҳрининг ям-яшил нурларини симиргиси келади.  

Тоғ қаъридан  софлик гўё булоқ бўлиб қайнаб чиқяпти, унда мўътадиллик борлиги, покизалик борлиги нақадар соз. Булоқ сувидан қониб-қониб ичаман, шунда қалбим беминнат саҳоват илиқлигини туяди, шукроналик ҳикматини ҳис қиламан.

Тоғ этагида дов-дарахтлар ўрмон ҳақида суҳбат қуришади, шовуллаб. Турли сайроқи қушлар уларнинг суҳбатига жўр бўлиш машқини олишган, бунда табиатнинг уйғоқлик сурури бор, мавжудлик умиди бор. Булбулларнинг навосига, тоғнинг мусаффо ҳавосига тўймайди киши, руҳиятинг гўзаллик сипқоришни истаб қолади.

Тоғ устида униб чиққан дўланаларнинг майин гуллари оқ-яшил тусда товланади ва бундай товланиш фақат тоғларга хос эканини эслатиб туради.

Тоғнинг кўз ёшлари мармар шаршара бўлиб қуйилади, ўз бағрини ювиш умидида оқаверади, оқаверади. Сойларининг ҳам шарқироқ қўшиғи бор, унга қулоқ тутсангиз ўзингизнинг ҳам сой бўлиб оққингиз келади, қалбингизда покланиш нашъасини ёққингиз келади. Сабабки, сойнинг мавжига боқиб, куйининг авжини тинглаб таъбингиз хушланади.

Тоғнинг осмонида паға-паға булутлар карвони сузади, ажабки улар мовийлик кўксида тўлиб-кўпчиб обу ҳаёт сепиб ўтиш одатини канда қилмайди. Гиёҳлар, ўт-ўланлар ҳатто, тошлар ҳам бу ёғинга муштоқ, ахир тошларда ҳам кўкариш илинжи мавжуд.

Дарз кетган жарликларнинг ёриқлари гўё тоғ тубидаги оғриқли дардларини эслатишга уринади. Тоғ сиртига сочилган лолақизғалдоқлар эса шу дардларнинг потраб чиққан қонли суратига ўхшайди.

Тоғда тўғри, тик йўл камёб, унинг тош йўллари эгилиб, буралиб юради. Тоғ қишлоқлари тоғ тоқида гоҳ баланд, гоҳ пастга ёйилган, уйларининг томидаги тарновлари мустаҳкам, пойдеворларига тошлар қалашиб ётибди. Тоғ ён бағирларига манзил қуриб яшаётган одамлар тоғдек қайсар, унигдек мағрур. Улар тоғнинг саҳий қучоғига бош қўйиб ухлашади ва ёрқин тонгда кўнгли ёришиб уйғонади, ҳаётнинг шодмон ва ташвишли онлари оғушида умр кечиришади.

 Тоғларга боқиб борлиғида гўзаллик юксалишини ва инсонлар қалбида гўзаллик эзгуликка қоришиб яшашини кўраман.

Июнь 30 2019

Обу ҳаёт илинжи

Унинг тупроғи қуруқшаб қолган, қақроқлик азоб, тарс-тарс ёрилади дардлари чуқур. Сувсираб қотишдан гўё қаттиқлик унади, пахса-пахса бўлиб. Бу гил манманлик дардидан сарғайди. Унинг кўклами ҳам кўкармай қўйди, ҳар тонг янгидан уйғонишни унутди, эскириш ёмонлик томонга йўллаши мумкинлигини писанд қилмади. Ёмонликларни унутишни истамади, қурғоқчилик унинг борлиғини қамраб олди, энг яқин илдизлар ҳам ташналик азобига йўлиқди.

Хушнамликни симиришни, қониб-қониб ичишни унутди. Хушёрликни унутиб, қаттиқлик зарбига ошно бўлишни истади, бағридаги тошни ювиш, юмшатиш зарурлиги хаёлига ҳам келмади. Тошда куч кўп дея, ўйлади. Аммо, тошга айланишдан асрасин. Асралиш асрайди ва намликда мулойимлик илинжи борлигини англатади.

Кўз яхшиликларни бор бўйича, тўла тўкислигича кўра олмаса бундан дилда мунг ўсиши муқаррар, барча ёмонликларни тупроқ остига кўмиб қўя олмаган кўнгилни алам ва афсус ғуборлари тўлдирмоғи мумкин.

Қани эди, кўз ёшлари ёмғир каби тинмай ёғаверса, момақалдироғи гумбурлаб, чақмоғи чақнаб. Ўз кўз ёшлари билан ўз қалб қудуғини тўлдирмоғи даркор, йўқса, ғаму андуҳларни ювмоқлик душвор, ғаразу ҳасаднинг тўзғиган кулларидан қутилмоқлик осонмас, гина-кудратдан воз кечмоқлик қийин, дарғазаблик шўридан покланмоқлик машаққат.

Қани эди, иймон шабнамига юз тутмоқни истаса, зеро кўз ёшлари ила қоришиб кетсин, дарёсига зорланиб оқмоқликни истаса, токи қалби титраб, қалқиб юмшамоқлик майлини ичсин. Такрор-такрор яхшиликнинг жўшқин оқимида оқаверган бор-ки обу ҳаётни қониқиб ичгай, эзгуликка  етгай, албатта.

Нур ичишга илҳақликни туймоқлик моҳиятида ўз кўнгил боғи тупроғига ва осмонига тийрак боқиб, ҳаёт тўлқинида масрур сузмоқни истамоқлик ҳақиқати бор!