10 апреля 2020

Ҳикмат ўчоғи (бадиа)

Оловнинг бошида тутун буралиб ўрлайди, пойида кул қизийди, шундан-ми олов ва ўчоқнинг суҳбати қизигандан қизийди. Олов оташи туфайли ўчоқ тобланади, тинмай тобланаверади, пишавериб ҳаттоки ғаройиб тарзда туси ҳам ўзгариб боради. Аслида олов ўчоғининг қуввати-ю тутатқиси сири нимада?

Ёниб битмоқ ва шамолга соврилмоқ ўтиннинг қисмати. Ёнаётиб чарс-чурс инграйди, гуриллаб куй чалади, атрофга ёруғлик таратиб ўз дунёсига сокин боқишни истайди. Ўз шуъласида адл сийратини кўрмоқ истаб ял-ял товланади. Куйган бағрини яна ва яна ёқаверади, ёқаверади.

Оташкурак эса синов дардини шафқатсизларча зўрайтиравериб қайноқ илинжларини тўзғитиб юборади. Шунда гирдобсимон даҳанида ҳаво симиради ва ҳаволаниб қаддини тиклайди, ўчоқ деворларини қучиб силайди, сийпалаб ўзи учун макон кенгликларини топишга интилади.

Ўчоқнинг истаги гуриллаб ёнмоқ, тизгинсиз олов сеҳрига инонмоқ, совуб улгурган кулдан тонмоқ. Дунё ўчоғида ҳаёт қайнайди, қалб ўчоғида эса ҳикмат.

  Муслима Ёдгорова    8.04.2020 йил

31 марта 2020

Этюд

Бу синов фурсати экан-ми, оғир юк остида эзилган мисол хорғин ҳаво буғилиб, тўмсайиб олган. Гўё бундай маҳзун ҳолат ҳеч қачон ўтиб кетмайдигандек.

Тоқатсизлик туфайли ундаги хаос зўрайгандан зўраяверади ва тўзғийди. Қани эди сабр туфайли умид шамоли эса бошла-са, илинж соҳилида дард тугуни ечил-са. Балки, бутун борлиқ меҳру муҳаббат ила боқиши, табассуми гулдек ял-ял очилиши керакдир?

Ниҳоят кўк бетидаги қорайиб улгурган қат-қат кумуш пардани заррин найзалар илма-тешик қилди-ю, нур ёмғири севалай бошлади. Ҳаво эса уни симиришга тушди. Шунда рўшно илиқликдан Ерниннг юзи чирой очиб ёришди.

Муслима Ёдгорова  31 март 2020 йил.

                   Коронавирус. Карантин.

28 марта 2020

Асралиш фалсафаси

Тожли” вирус ўлим билан хавф солган бир даврда ҳар ким ўз қайиғига чиқиб олганлиги рост. Тинимсиз қалқиб, сузолмаётган турғунликда тек турмоқ осонмас. Атрофда ваҳм бўрон каби сузмоқда, ғулу кезмоқда қўрқувга бурканиб. Ҳаво кафтида ажал ташимоқда, изғиб. Шундай дамларда хавфли йўлларни ёпиб, фақатгина даво йўлини очмоқ энг мақбул асралиш имкони бўлгай. Ахир, эҳтиёт шарт, хушёр бўлиб оғзингни бекит, уйинг тамбасини маҳкам тут. Токи, яхши сўзлар ва эзгу ният учун лаб очмоқ фурсатини топиб, кўнглингни илит, фикрларингни мулоҳаза фазосида сарала, ўзингни маънан тафаккур илмига созла.

Вужудингни, яшаётган гўшангни озода тутмоқ нақадар муҳим бўлса, қалбингни тозаламоқ, кирланишдан сақламоқ ҳам шу қадар мажбурият ва масъиятдир. Тан ва дил поклигини ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилмоқ мақсадида қалқон ясаш муҳимлигини англамоқлик зарурият. Бу таҳдид “тожсимон” вирус тўфони-ми, пул суратидаги бойлик хуружи-ми, чанг солгувчи пора қармоғи-ми бари-барисининг ҳужумига қарши бизда иммунитет имкони етарли-ми? Бугун юзга тақилган ниқоблар кўплаб инсонларни  вируслардан асраяпти. Қани эди шундай ниқоб яратилса-ки, тилдан ёмон сўзлар учиб чиқишидан ҳимоя қилса… Қўлларимизни шу қадар иштиёқ билан ювяпмиз-ки зора, қалбларимизни ҳам ювишга самимий восита топа олсак…

Табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино: «Хотиржамлик-ярим соғлик, сабр эса шифонинг бошланиши»,-деган сўзларни бежизга айтмаганлигига амин бўляпмиз. Дунё касаллик васвасасида титраб, маҳзун тортган дамда хотиржамлик оғушида таянч топа олсангиз, билинг-ки унда ҳам жисман ҳам руҳан соғаймоқ қудрати яширин.

Барчамиз учун узоқлашиб туриб, жипслашмоқ фалсафаси бугун албатта асқотади, карантин талабида юқумли дардни енгиш умиди бор. Қудрат баҳш этгувчи Аллоҳ амри ила Халқ уммони ҳар қандай ғуборлардан фориғ бўлгай.

Муслима Ёдгорова   28.03.2020 йил

12 марта 2020

Нурафшон дунё (Бадиа)

Табиатда ўта ўтказувчанлик, ўта оқувчанлик каби ҳодисаларнинг мавжудлиги кашф қилиниб, тадқиқ этилган. Сиз оламлар ичра ўта ҳашаматли олам мавжудлиги ҳақида эшитганми-сиз? Ўта сирли, беқиёс жозибали бу мунаввар дунёга олиб борувчи йўл қаердан бошланади?

У шу қадар нурафшон-ки, бамисли бошингиз узра муаллақ қалқиб туради, ўзининг сеҳрга тўлиб турган маконига  сизни имлайверади. Беиҳтиёр унга интиласиз, шунда нурли ёғинларни дил симириб тотади ва кўзингиз чақнаб, қалбингиз юмшайди. Аммо, унинг баланддан-да баланд чўққиларига элтувчи сўқмоқларни излаб топиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ўша баландлик иқлимига бир мўралашнинг ўзи сурурли, унга мушарраф бўлган эса фарахбаҳш туйғулардан масрур бўлгай.

Туйғуларингиз равшан тортиб, фикрларингиз тозаради ва муҳташам оламингиз беқиёс чирой очиб,  сизни юксакларга парвоз этишга чорлайди. Ундан таралаётган нафис садоларни тинглай олиш, унсиз имолари моҳиятини илғай олиш, гўзалликка йўғрилиб яралиш лаҳзаларини ҳис қилиш синоатларига ошно бўлмоқ илмини изланг. Ғуборлардан фориғ фазосида сузмоқ илинжида унинг рангин ва ёруғ камалагига айланиб товланмоқ нақадар соз.

Сўз сеҳрини туймоқ замирида олам меҳварига қалб кўзи билан боқмоқ, зийраклик билан жон қулоғини тутмоқ, тасаввур тизгинларини эшиб юбориб, уларнинг ортидан қанот қоқмоқ машаққатлари бор. Гўзаллик оламига ошно бўлолсангиз кўнгил мулкингизга ашъорлар, маъволар, наволар ёғилгай ва дил қулфингиз очилиб, сиз учун сайру саёҳат сарҳадлари мислсиз кенгликларга ёйилгай.

Ўткинчилиги лаҳзаларда намоён бўлишга улгурадиган мафтункор олам битикларини басир кўз-ла, тоза тил билан, самимий дил ила ўқимоқ ва уқмоқлик учун ботиний оламда зоҳир бўлмоқ мезони мавжуд. Унинг хушбўй ифори-ю, дарду ноласини, иқрорлик чизгилари-ю гўзал тасвирини мусаффо саҳифаларда нақшин этмоқликнинг ўзи нурафшонлик мужассам бўлишининг минг бир мўъжиза жилвалари эмас-ми?

          Муслима Ёдгорова 5.03.2020 йил