Iyun 30 2019

Йўллар

Юрсак қайсар йўл ўзи чигал,

Боролмайди манзили томон.

Бор хатолар тизилар тугал,

Гумонлар-чи эзади ёмон.

Йўлимизни чимлар тўсганми,

Ё адашган йўлларнинг ўзи.

Йўл узра минг азоб ўсганми,

Поёни йўқ югурик изи.

Биз йўлдаги одаммиз, алҳол,

Йўлни тўғри танласак омад.

Йўлнинг пешвоз чиқмоғи маҳол,

Кутма ўнқир кўксидан мадад.

Тизгинсиз йўл бизни синайди,

Шаҳдам одим тоблайди масрур.

Қалб ирфони тинмай қийнайди,

Йўл завқидан баҳра ол мағрур.

Йўл юрганда тўлаймиз бадал,

Йўл кузатиб қолади бизни.

Тиними йўқ маҳшарга қадар,

Саралайди саноқсиз изни.

Умидлар-чун йўллар бепоён,

Хаёллар-чун йўллар чек-чекиз.

Инсонга  йўл керакдир аён,

Мовий йўллар сузади шаксиз.

Ўргимчак тўрига ўхшайди,

Тебранганда силсила йўллар.

Баъзида гиламлар тўшайди,

Иқболингга ҳосила йўллар.

Йўл титрайди карвон ўтганда,

Елка тутиб юкнинг зарбига.

Тўзғийвергай чанглар ютганда,

Путур етиб йўлнинг сабрига.

Йўлдан ўтгач қадамлаб бир-бир,

Унутамиз йўлнинг заҳматин.

Учрар замон йўлида кўп сир,

Агар туйсанг унинг ҳикматин.

Тақдир изи ўхшар гиёҳга,

Гоҳ одимлар сояси дағал.

Йўл бормасин туташиб чоҳга,

Гоҳ изимиз гуллайди гўзал.

Йўл чорласа чорраҳа тайин,

Беза маъно нақшлари ила.

Юрган дарё бўлганинг  сайин,

Ҳақ истасанг пок йўлни тила.

Йўлингни топ, йўлга сол назар,

Гўзалликка эврилгай довон.

Вафо қилмас на дунё, на зар,

Обод йўлинг барпо эт равон.

Муслима Ёдгорова

 



Posted 30.06.2019 by Муслима Ёдгорова in category "Шеър

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.