Май 12 2019

О, ишқ

О, ишқ ундинг, нурларинг порлади маҳзун қалбимда,

Ва, гўзалликка тугал айланди борлиқ.

Ёниқ ул шуъланг маъво чорлади маҳзун қалбимда,

Ошиқ дилга ярашгай ёрқинроқ ёрлиқ.

О, ишқ эндинг, қизариб қизғанди  жизғанак у рашк,

Не титроқ тўлқинида тебрангай ҳислар.

Ўртанган қалбимни эзганида ёввойи бу рашк,
Тола-тола торида тоблангай ҳислар.

О, ишқ ёндинг, ёндириб беқарор жону жаҳоним,

Олов менимда-ми, мен ё оловдаман.

Тутаган оҳларим учганида лолдир даҳоним,

Оташ йўлга тушдим, рўё оловдаман.

О, ишқ тондинг, маънолар яширин, бекинди дунё,

Излашга ошиқдим, азоблар илашди.

Ҳайқирдим, келмади бирор бир ё садо ва ун ё,

Қалб ҳукми аломатлар ила тиллашди.

О, ишқ қондинг, қалбим гулобини нўш этиб хушҳол,

Қўққис хушёр тортганда сиру синоат.

Дил майлига тутгил ишқ шаробин  бахш этиб хушҳол,

Ҳадду чексизлик ичра топгум қаноат.

О, ишқ ишон, эркимдан айрилиб қолганим аниқ,

Тимсолингга шайланиб турган онимдан.

Булоғингдан ҳовучлаб олганим, ҳисларим тиниқ,

Гар, ошиқлик мақоми оқса қонимдан.



Опубликовано 12.05.2019 Муслима Ёдгорова в категории "Шеър

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.