Апрель 2 2014

Руҳчан маъво

Мовароуннаҳр алломаларидан бири, замондошлари орасида «баҳри муғриқ» (тубсиз денгиз) деб тан олинган Муҳаммад Абу Ҳомид Ғаззолий ўз асарларида «— жон (руҳ) тўрт лафзнинг биридир, — дейди. Жон (руҳ) кўзга кўринмас жисм бўлиб, манбаи жисмоний дилнинг ковакларидир… руҳоний дил инсоннинг асл моҳиятидирки, инсон бутун илму маърифатга унинг воситасида эришади ва барча хитоб, азоб, итоб (танбеҳ) ва талаблар унга қаратилган бўлади. »

Жон (руҳ), тан, дил, нафс ва ақл бари муштараклик хусусиятига эга, руҳ учун «қафас» ичра эркинлик тақозо этилган тақдирдир, у айнан шу ҳолатда қувват йиға олиш имконига эгадир, балки. Ҳаётда — жоним чиқиб кетди, руҳим тушиб кетди, жоним қинидан чиқаёзди, — деймиз. Бирор ёмон сўз эшитганда ёки ноҳақликка дуч келганда-таъбим хира бўлди, ё юрагим қоп-қора бўлди, ёхуд кўнглимга қил ҳам сиғмайди — деймиз. Демак яхшиликдан нурафшонлик ҳосил бўлади, ёмонлик туфайли руҳият олмини зулмат қоплаб, нохушлик юзага келади. Шунинг учун ҳам инсон яхшиликка ташна, ёмонликдан эса безийди.

Сен ўз онгинг ҳамда руҳинг ила чин дилдан яхшиликни истасанг, эзгуликка интилсанг, уни ўзингга жалб эта оласан ва ниҳоят ўзинг ҳам яхшиликка айланасан. Яхшилик тимсоли танингдаги саломатликда, юрагингдаги меҳр-мурувватда, кўнгилдаги қувончда, руҳиятингдаги нурли маъвода акс этганда гўзаллик намоён бўлади.

Биз ҳеч қачон билолмайдиган мавжудлик муддати руҳда мужассам, ҳар бир нарсанинг бор бўлиш дақиқалари қатъий белгиланган, фақат ўз руҳимиз билан ўз руҳимизга огоҳлантириш, белги беради, холос. Яқинлашаётган фалокат эпкини руҳга тушкунлик бағишлайди, келаётган ғам-кулфат сояси руҳни нурсизлантиради, шунингдек, бўлғуси бахт-саодат ифори аввалданоқ руҳиятни кўтаради, омад чақмоғи ялт этиб, олдиндан қалбга шуур бағишлаб руҳни тетиклаштиради.

Руҳият олами жумбоқларга тўла, хаёлот каби ададсиз, олам ичра оламдир. Олам нурга интилади. Руҳиятнинг жозибалилиги унинг нурга йўғрилганлигидадир. Руҳни поклаш Абу Ғаззолий шарҳлаганидек нафс, жон(руҳ), ақлни тарбиялаб, камолотга етказмоқликдир.

Ўз руҳиятинг аҳволидан бохабармисан? Унинг қатларида албатта, яхшилик қирралари мавжуд, сен ўзинг уларни кашф эта олмоғинг ва ҳис этмоғинг даркор, йўқса бир умр ўз-ўзингга бегона бўлиб қолмоғинг эҳтимолдан холи эмас.

И.Гёте «Сиз нимани тушунмасангиз, у сизга бегона» — деб нақадар ҳақ гапни айтган.

Руҳингни ғафлат туманидан  мусаффоликка олиб чиқ ва ўз руҳингдан таралаётган маъвони англа. Буни ижро эмоқлик сари ўзингнинг онгинг ва тафаккурингнинг фақат яхшиликка йўғрилган қирраларигина тўғри йўлни кўрсата олади.

Суфён ибн Уяна айтганидек, — «Фикр қалбга кирувчи нурдир«. Онгда фақат ва фақат эзгу фикрлар уйғонаверса, тафаккурда яхшилик амаллари ҳақида режалар туғилаверса, ва кўнгилда пок ниятлар барқ ураверса амалларнинг тўғри ва адолатлисидан оғишилмаса руҳ юксалгай.

Разолат ва қабоҳатдан, қаҳр-ғазабдан, тубанликдан, ёлғончилигу қинғирликдан, мол-дунёга берилишдан ва барча ёмонликлардан ўзингни сақлай олсанг, иймон-инсофли, адолатли, меҳр-муҳаббатли бўлсанг кўтаринки руҳ сени чулғаб олади. Руҳинг енгил бўлса сени еттинчи осмонга олиб чиққудек, кўнглингга сурур бағишлайди, руҳинг уйғоқ бўлса, олам гўзаллигини қалб кўзи ила кўра олиш сенга насиб этса ажабмас.



Опубликовано 02.04.2014 Муслима Ёдгорова в категории "Мақолалар

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.